Президент Шавкат Мирзиёев 27 июн куни Беларус пойтахти Минск шаҳрида Олий даражадаги Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида нутқ қилди.
«Бугун ҳамкасбларимнинг нутқларида жаҳон иқтисодиётида вужудга келаётган мураккаб вазиятга баҳо берилди. Протекционизм ва санкциялар сиёсатининг кучайиши, савдо-логистика занжирларининг бузилиши ва хорижий шерикларнинг инвестициявий фаоллиги қисқариб бориши оқибатларининг салбий таъсирини биз Ўзбекистонда тўлиқ ҳис этмоқдамиз.
Бизнинг табиий ва анъанавий шерикларимиз бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш ташқи иқтисодий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб ўтмоқчиман», деб сўз бошлади давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кўптомонлама ҳамкорлиги қандай ривожланаётгани ҳақида қисқача маълумот берди.
«Кузатувчи давлат мақомидаги тўрт йиллик ҳамкорлик даврида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 80 фоизга ўсди ва ўтган йил якуни бўйича 18 миллиард долларни ташкил этди. Шуни мамнуният билан таъкидламоқчиманки, савдо операциялари номенклатураси, авваламбор, саноат маҳсулотларини етказиб бериш ҳисобидан кенгаймоқда. Қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони уч баробар ўсди.
Жорий йилнинг март ойида Қўшма ишчи гуруҳининг тўртинчи мажлиси муваффақиятли ўтказилиб, унинг якунида техник тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ишбилармонлик ташаббусларини рағбатлантириш бўйича келишилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Биз 40 та аниқ чора-тадбирни қамраб олган, уч йилга мўлжалланган янги режани амалга оширишга киришдик. Ўзбекистон, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг муҳим ташаббусларида, жумладан, “Евроосиё агро экспресс”, электрон савдони ривожлантириш, юкларни ташишни рақамлаштириш ва иқлим масалалари каби лойиҳа ва дастурларда фаол иштирок этмоқда. Апрель ойида барча тартиб-таомилларни якунига етказдик ва Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга қўшилдик. Банк билан ҳамкорликда инфратузилмани модернизация қилиш, металлургия, тўқимачилик, кимё соҳалари ва бошқа стратегик тармоқларда истиқболли лойиҳалар портфели ишлаб чиқилмоқда», деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан шерикликни янада ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди.
«Биз ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш учун қулай шароитларни шакллантиришга муҳим аҳамият қаратамиз. Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасидаги эркин савдо ҳудуди фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ барча келишувларни тўлиқ ҳажмда бажармоқда. Савдо операциялари тартиб-таомилларини соддалаштириш ва техник тартибга солиш тизимларини яқинлаштиришга қаратилган қатор таклифларимиз экспертлар томонидан ўрганиб чиқилишини тезлаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.







