Жаҳон | 13:49 / 25.03.2026
4268
5 дақиқада ўқилади

Уруш боши берк кўчада: Трамп нимани «ғалаба» деб кўрсатишни билмаяпти

Бугун Америка ва Исроил Эронда уруш бошлаганига 25 кун бўлди. 3 кунда тугамаган уруш 23 кунда ҳам тугагани йўқ. Эронда Америкага нисбатан риторика 27 февралдагидан яхшиланмади, қайтага нафрат каррасига ошди, мухолиф кайфиятдаги эронликлар ҳам Американи ёмон кўриб қолди. Трамп урушдан қандай чиқишни, нимани «ғалаба» деб эълон қилишни билмаяпти. Бир сўз билан айтганда, уруш чинакам боши берк кўчага кириб қолди.

Тушунарсиз сулҳ

Кеча Доналд Трамп «америкаликлар Эрон билан мулоқот қилгани», «бу мулоқотдаги оҳанг унга ёққани учун» 5 кун давомида Эронга зарба берилмаслигини эълон қилди. Бу энергетик сулҳдек кўринганди, лекин Трампнинг бу постидан кейин америкаликлар чиндан зарбаларни тўхтатди. Эронда урадиган нишоннинг ўзи қолмади ахир, америкаликлар ракетаси бир вақтлар бизнинг Улуғбек Бақоев жимликка маҳкум қилган «Озодий» стадионигача етиб борди.

Ва Трампнинг сулҳ ҳақида постидан кўп ўтмай Эрон «АҚШ билан ҳеч қандай мулоқот бўлмаётгани» ҳақида баёнот берди. Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи бу ҳақда расман маълумот берди. Ваҳоланки Трамп аниқ қилиб унинг вакиллари Теҳрон билан гаплашгани, эронликларнинг оҳанги ўзгаргани, ҳатто Эрон ядро қуролига эга бўлиш ғоясидан воз кечишга тайёрлиги ҳақида гапирди. Кейинроқ Америка нашрлари Трамп вакиллари Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф билан мулоқот қилгани ҳақида ёзди. Кўп ўтмай Ғолибоф ҳам мулоқот ўтказилганини рад этди. Эрон томонига кўра, Трамп қўрққанидан шундай баёнот бераётган экан.

Исроил нашрларига кўра, Стивен Уиткофф (ҳа, ўша Украинадаги уруш ҳақида Путиндан маълумот оладиган қурувчи) Аббос Арақчи билан 19 март куни телефонда гаплашибди. Суҳбатда Арақчи Эрон олий раҳбари Мужтаба Хоминаий АҚШ билан музокарага розилик бергани ҳақида хабар қилибди.

Қизиғи, 19 мартдан кейин Трамп бир неча марта «Хоминаийни ҳеч ким кўрмаётгани, у қаердалиги номаълумлиги, АҚШ ким билан гаплашишни билмаётгани» ҳақида гапирди. Хуллас, баёнотлар жуда чалкаш. Биласизми, менда бир вариант ҳам бор. Балки Уиткоффга россиялик пранкерлар Вован ва Лексус телефон қилгандир? Ахир улар қайси сиёсатчиларни чув туширмаган дейсиз. Яқинда Ризо Паҳлавийни ҳам ёмон туширишди. Бу ҳазил, албатта. Оқ уйдагилар бу масалада хато қилмаслигини биламан, лекин баёнотлар чиндан бир-бирига зид келмоқда ёки кимдир ёлғон гапиряпти.

Исроил нашрларига кўра, Эрон мамлакатдаги бойитилган уранни Россияга юбориш бўйича музокара ўтказишга тайёр экан. Қизиқ вариант, ядро қуроли йўқ Эронда атом бомба ясаш учун уран бўлмаслиги керак, лекин дунёда энг кўп ядро каллагига эга Россияга яна ўнлаб атом бомбасига етарли уран борса, майли экан. Ажойиб.

Трамп Эрон билан сулҳ эълон қилгани, Теҳрон Америка билан мулоқотни рад этгани, лекин Оқ уй раҳбари «улар билан гаплашдик» деётгани — буларнинг ҳаммаси бир нарсадан дарак беради: Трамп урушдан чиқиб кетиш учун чора излаяпти. Чунки америкаликлар Эронда тузумни ўзгартира олишмади. Бошқарув худди аввалгидай давом этмоқда. Ҳозирги олий раҳбар ҳам бир неча ўринбосар тайёрлаб қўйгани аниқ. Одам ўлдириш билан иш битмас экан.

Уруш бошланиши хато бўлганини борган сари кўпроқ одамлар тушуниб етмоқда. НАТО давлатлари Америкага 2001 йилдаги каби ёрдамга югурмади. Америка жамиятида миллиардлаб доллар сарфланиб бўлган мантиқсиз урушга саволлар пайдо бўлмоқда. Трампнинг Такер Карлсон каби ашаддий тарафдорлари ҳам «Нима бўляпти ўзи?» деб савол бера бошлади. Оралиқ сайловларга кўп қолмади, тез орада жаҳон чемпионати бошланади, мамлакатни уруш ҳолатидан чиқариш керак. Лекин нимани ғалаба деб кўрсатишади? Трамп шу саволга жавоб тополмаяпти.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид