Ўзбекистон | 17:42 / 15.04.2023
34891
6 дақиқада ўқилади

Мактаб баҳоси ўқишга киришда ҳисобга олинади. Бу тизим қандай ишлайди?

Шу йилги қабулдан бошлаб мактаб ва ўрта махсус муассасалар битирувчиларининг охирги 6 йиллик баҳолари кириш имтиҳонларида ҳисобга олина бошлайди. “5” га ўқиган ўқувчига кириш имтиҳонида тўплаган баллига 5 балл, “3” га ўқиган битирувчига эса 3 балл қўшилади. Лекин олдинги йилларда мактабни битириб кетганларга-чи? Уларга ҳам балл қўшиладими?

Жорий йилги қабулдан бошлаб мактаб битирувчиларининг охирги 6 йилликдаги баҳоларининг ўртача кўрсаткичи кириш имтиҳонларида тўплаган баллига қўшилади. Яъни битирувчининг мактабдаги баҳоси унга ўқишга киришда ёрдам беради.

Тартиб қанақа?

Тегишли низомга кўра, битирувчилар баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда 6 — 11-синфлардаги йиллик баҳоларнинг умумий йиғиндиси ҳар бир синфдаги ўқитилган фанлар сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.

Яъни аълочи битирувчи 86 фоиздан юқори тўплаган бўлса, унга кириш имтиҳонларида 5 балл, қониқарсиз баҳоларга ўқиган абитуриентга эса 3 балл қўшилади. Уларнинг баллари ўртасидаги фарқ катта эмас.

Ҳар йили 15 июнгача таркибида таълим муассасалари бор вазирлик ва ташкилотлар битирувчиларининг 6 йиллик баҳоларини тайёрлаб, уни “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига киритиб боришади. Платформага киритиб бўлинган баҳолар қатъий ва уларни ўзгартириб бўлмайди. 

Мактаб ва ўрта махсус таълим ташкилотлари (коллеж, лицей) 15 июнгача ўз битирувчиларининг баҳоларини ҳисоблаб, уни электрон платформага киритишади. Тегишли низомда баҳолар қандай ҳисобланиши формулалари ҳам мавжуд.

Киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тааллуқлилиги бўйича таълимни бошқарувчи ҳудудий бошқарма бошлиқлари шахсан масъул ҳисобланади.

Абитуриент мажбурияти

Абитуриент ОТМга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтаётган пайти шахсий маълумотларини киритганда унинг дипломи ёки шаҳодатномасидаги ўртача баҳолар кўрсаткичи пайдо бўлади.

Абитуриент бу баҳони ўзининг қўлидаги диплом ёки шаҳодатномадаги баҳо билан солиштириб, ҳаммаси тўғри бўлса, тасдиқлаш тугмасини босади. То тасдиқ тугмаси босилмагунча унга имтиҳонда қатнашиш учун рухсатнома берилмайди.

Баҳода хатолик бўлса-чи?

Агар абитуриентнинг ҳужжат топшираётганда платформада тасдиқлаши керак бўлган ўртача баҳоси билан диплом ё шаҳодатномасидаги баҳо фарқ қилса, у ўзига тегишли ҳудудий бошқармага (масалан, мактабда ўқиса, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармасига, ўрта махсус таълим ташкилотида бўлса, айни шунга алоқадор бошқармага) мурожаат қилади. Ҳудудий бошқармалар баҳони тўғрилайди ва абитуриент уни тасдиқлайди. Абитуриент тасдиқлагач, унинг ўзи баҳоси учун жавобгар бўлади.

Агар ҳужжат топширган абитуриентнинг баҳоси электрон платформага киритилмаган бўлса, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (Низомда ДТМ дейилган, бироқ ҳозир ташкилот негизида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тузилган) абитуриентнинг баҳосини киритиб беришни сўраб тегишли ташкилотга сўров юборади ва баҳо киритилади.

Агар абитуриент ўқиган таълим муассасаси тугатилган ё қайта ташкил этилган бўлса, унда битирувчиларнинг баҳолари ўртача кўрсаткичи (зарур бўлса, архивдан олиниб) тегишли ҳудудий бошқарма томонидан ҳужжатнинг асли асосида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги платформасига киритилади.

Саволли жиҳатлар

Мактаб баҳоларини ОТМга киришда ҳисоблаш ўқувчиларнинг умумтаълим фанларини яхши ўзлаштиришига рағбат бўлиши мумкин, лекин бу ОТМга ҳужжат топшириш ва баллар ҳисобланишида муаммолар келтириб чиқармаслиги учун қанчалик аниқликда ишланяпти деган саволни беришга ҳақлимиз.

ОТМга ҳужжат топширадиган абитуриентлар контингенти кичик эмас. Ўтган йилги қабулда 1,2 млн абитуриент ОТМга ҳужжат топширган. Уларнинг 395 023 нафари битирувчилар, қолган 819 209 нафари эса олдинги йиллардаги битирувчилар эди.

Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги маълумотига кўра, бу йил мактабларни 390 мингдан ортиқ битирувчи тугатади. Вазирлик уларнинг маълумотларини қилиб берса, яна тахминан 10 минг ёки ундан кўпроқ битирувчи ўрта махсус, хусусий ёки бошқа ташкилотлар бўйсунувидаги мактабларни тугатса ҳам, яна 800 минг атрофида абитуриент олдинги йиллар ўқишни тугатган ёшлар ҳам ОТМга ҳужжат топшириши мумкин.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, битирувчиларнинг баҳоларини ўқишга киришда ҳисобга олиш мавзусида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишланяпти. Баҳоларни кечиктирмасдан электрон платформага киритиш зарурлиги ҳақида ташкилотлар билан келишиб олинган.

Бироқ шунда ҳам саволлар бор.

Биринчидан, бундан олдинги йилларда мактаб, ўрта махсус муассасаларни тугатган абитуриентларга ҳам балл қўшиб бериладими? Уларнинг ўртача баҳо кўрсаткичини электрон платформага киритишга қайси ташкилот масъул бўлади? Низомда нимага бу ҳақда аниқ айтилмаган? Улар унутиб қолдирилмаганми?

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги берган маълумотга кўра, ҳозир айни шу масала устида иш олиб бориляпти, бу бўйича қўшимча маълумот берилади.

Иккинчидан, мактаб баҳосининг ҳисобланиши баҳо учун ўқийдиган ўқувчилар кўпайишига сабаб бўлиши, турли йўллар билан баҳо олишга уринувчи ўқувчилар кўпайиши эҳтимоли ҳисобга олинганми?

Булардан ташқари, низомга кўра, агар абитуриент электрон платформага киритилган баҳоси билан шаҳодатнома ёки дипломидаги баҳонинг икки хиллигини сезса, ҳудудий таълим бошқармасига бориб баҳосини тўғрилатиши кераклиги айтилган. Чекка қишлоқларда, туман марказидан узоқ ҳудудларда яшайдиган ўқувчилар шундай вазиятга тушса, овора бўлиб бошқармани излаб боришларига тўғри келадими?

Қолаверса, янги тартиб ҳақида битирувчиларга ҳам ҳозирдан маълумот бериб бориш, агар уларда муаммоли вазият бўлиб қолса, уни қандай ҳал қилиш ҳақида ҳам тушунча бериб борилиши керак назаримизда. ОТМларга қабул бошланишига атиги 2 ой қолди холос.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид