Ўзбекистон | 10:07 / 05.10.2022
15835
2 дақиқада ўқилади

Иссиқлик таъминоти тарифлари тасдиқланди: аҳоли ва тадбиркорлар учун нархлар ўзгармайди

Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгаши 2022-2023 йиллар иситиш мавсуми учун иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини тасдиқлади. Жисмоний шахслар шунингдек кичик, ўрта ва йирик бизнес учун тарифлар аввалги ҳолда қолади.

Фото: Kun.uz

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2022 йилнинг 26 сентябрдаги VI-70-255-14-0-K/22-сонли қарори асосида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК томонидан кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни тасдиқлаш тўғрисида»ги 2022 йилнинг 27 сентябрдаги 983-14-0-Q/22-сонли қарори эълон қилинди.

Қайд этилишича, «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК томонидан кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (базавий тариф) 397 минг 212 сўм/Гкал миқдорида белгиланди. Қарорга мувофиқ, иссиқлик таъминоти хизматлари учун чакана тарифлар қуйидагилар учун аввалги нархларда қолади:

  • аҳоли учун – 91 минг  960 сўм/Гкал (2019 йил 15 августдан амалда);
  • кичик, ўрта ва йирик бизнес учун – 141 минг 737 сўм/Гкал (2019 йил 15 августдан амалда).

Бюджет ташкилотлари учун чакана тариф – 502 067 сўм/Гкални ташкил қилади. Ушбу нархлар эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун ўтиб, яъни 2022 йил 21 октябрда кучга киради.

Базавий ва чакана тарифлар ўртасидаги фарқ Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджети ҳисобидан субсидияланади. Ушбу субсидиялар ва истеъмолчилардан иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари учун келиб тушган маблағлар ҳамда «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХКнинг ўзинининг сарфланган маблағлари ҳисобидан:

  • иссиқлик таъминоти тизимларининг режали модернизацияси ва қайта тикланишини;
  • Сергели ва Бектемир туманларида пилот лойиҳалар;
  • иссиқлик энергиясини ишлаб чиқишга энергия ресурсларини сезиларли равишда қискартирадиган, иссиқлик таъминотининг ёпиқ тизимга босқичма–босқич ўтиш амалга оширилади.

Маълумот учун, ушбу тарифлар фақат Тошкент шаҳри учун амал қилади.

Аввалроқ, 2022 йил 1 июлдан «Veolia Energy Tashkent» илгари «Тошиссиққуввати» ДУК бошқарувида бўлган барча фаолият турларини амалга оширишни бошлаши маълум қилинганди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид