Днестрбўйидаги «Тирасполтрансгаз» компанияси маълумотига кўра, янги йилнинг биринчи кунида қарийб 75 минг уй хўжалиги газсиз қолган. Яна 116 минг истеъмолчи газни қисқартирилган ҳажмларда олади. Гап асосан кўп қаватли уйлар аҳолиси ҳақида бормоқда.
Днестрбўйидаги жами аҳоли сони 450 минг киши атрофида.
Шунингдек, Днестрбўйи билан туташган, аммо расмий Кишинёв назорати остидаги «хавфсизлик зонаси» деб аталадиган ҳудудда жойлашган 11 та аҳоли яшаш манзили ҳам газ ва иссиқлик таъминотисиз қолган.
BBC рус хизматининг Тирасполдаги суҳбатдоши (Днестрбўйи маркази) Марина 2 январ куни шаҳардаги айрим дўконлар очилгани ва одамлар адёл ва бошқа ёпинчиқларни ёппасига сотиб олаётганини айтган.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, тайёр озиқ-овқат маҳсулотларига талаб юқори: печене, пряник, булочка маҳсулотлари, пишлоқ ва шу кабилар.
Марина бир кечада нон нархлари сезиларли даражада ўсгани, пайшанба тонгига келиб танлов жуда кам қолганини ҳам қўшимча қилган.
Унинг сўзларини маҳаллий нашрлар хабарлари ҳам тасдиқлайди: энг оммабоп батон бир кунда 45 копейкага қимматлаган ва энди унинг нархи 5 рупия 45 копейкани ташкил этмоқда (Днестрбўйи Молдованинг расмий валютасидан фарқли бўлган ўз валютасидан фойдаланади).

Днестрбўйида юзлаб корхоналар ёпилган ва минглаб кишилар ишсиз қолган. Улар билан меҳнат шартномалари ўз кучида қолмоқда, аммо ишчиларга мажбуран ишсиз қолгани учун компенсация қандай тўланиши ҳозирча аниқ эмас.
«Инқироз шу қадар оғир характердаки, қайси корхоналар ишдан тўхтаганини алоҳида санаб чиқишга ҳожат йўқ. Барча саноат корхоналари ишламай турибди, фақат Днестрбўйининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи озиқ-овқат корхоналари бундан мустасно. Бошқа корхоналарга, саноат сектори учун энергетика ресурслари йўқ», — деган пайшанба куни тан олинмаган Днестрбўйи Молдова республикаси иқтисодий тараққиёт вазири Сергей Оболоник.
Маҳаллий расмийларга кўра, ҳудуддаги 150 та болалар боғчаси ва 130 та мактаб иссиқлик таъминотисиз қолган, бу эса ушбу муассасаларда таҳсил олувчи болалар янги йил таътилларидан қайтишини савол остида қолдиради.
Шу билан бирга, Оболоник вазият ҳали бошқариш ва прогноз қилиш мумкин бўлган босқичда эканини айтган, лекин корхоналар фаолиятидаги узоқ муддатли танаффус уларнинг қайта ишга туширилишини қийинлаштиришини қайд этган.

















