Ўзбекистон | 15:53 / 30.11.2021
5348
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги ўрмонзорда содир бўлган ёнғин ўчирилди

Бир муддат олдин Қорақалпоғистондаги тўқайзор ўрмон уч кундан бери ёнаётгани ҳақида хабар бергандик.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси ФВБ

Ҳолат юзасидан ФВВ расмий маълумот берди. Маълум бўлишича, 27 ноябр куни соат 17:30да Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ФВБга қуйи Амударё давлат биосфера резервати ўрмонзорида (“Амударё” дарёси иккига ажралган ва қайта қўшилган жойи оралиғидаги оролча) ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Ёнғин-қутқарув экипажлари соат 19:10да ёнғинни ўчириш ишларига киришган. (Туман ёнғин-қутқарув қисмидан ёнғин содир бўлган жойгача масофа тахминан 47 км. ни ташкил этади). 28 ноябр куни соат 05:15да ёнғин қуршаб олиниб, 08:04да ўчирилган.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси ФВБ

Қайд этилишича, ёнғин содир бўлган жойда қайта ёнғин ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида, воқеа жойига 5та ёнғин-қутқарув экипажи, Минтақавий қутқарув отрядидан 1та бўлинма ва ёрдамчи техникалар, 2та булдозер, 2та погрузчик, 2та сув ташувчи машиналар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ФВБдан 50 нафар, Ўрмон хўжалигидан 20 нафар, Қорақалпоғистон Экоқўмитасидан 5 нафар, туман Ободонлаштириш бўлимидан 20 нафар, жами 95 нафар ходим жалб этилган. Улар офатга қарши курашиш учун жойида қолдирилиб, 3 гуруҳга бўлинган ҳолда, кеча-кундуз навбатчилик йўлга қўйилган.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси ФВБ

Кутилмаганда ёнғин қолдиқлари қайта аланга олган ва 29 ноябр куни соат 10:25лaр атрофида ўчиришга киришилиб, 30 ноябр куни соат 03:30дa ўчиришга эришилган.

Қўшимча қилинишича, ёнғиндан жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. “Назархан” овул фуқаролар йиғинидан ёнғин содир бўлган жойгача масофа тахминан 8 км. ни ташкил этади.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси ФВБ

Ҳозирда келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда. Воқеа жойида ҳамкор вазирлик, идора ва хизматлар куч-воситалари навбатчилик олиб бормоқда, дейилади расмий муносабатда.

Мавзуга оид