Жаҳон | 11:42 / 29.06.2023
39535
4 дақиқада ўқилади

Россияда генерал Суровикин ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди

У бир неча кундан буён оиласи билан алоқага чиқмаган. Ўринбосари ҳам у ҳозирда қаерда эканини билмаслигини айтган.

Фото: Видеодан скриншот / The Moscow Times

Россиянинг Украинадаги қўшинлари бош қўмондони ўринбосари, Россия ҳаво-космик кучлари қўмондони генерал Сергей Суровикин ҳибсга олинган, деб хабар бермоқда The Moscow Times РФ мудофаа вазирлигига яқин бўлган икки манбага таяниб. Бу маълумот бошқа манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Нашр манбалари сўзларига кўра, Суровикиннинг ҳибсга олиниши «Вагнер» ХҲКнинг қуролли исёни билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Пригожин контекстида янгиликлар бўлади. Афтидан, у [Суровикин] [исён вақтида Пригожиннинг] томонини олган ва уни ушлашган», — деган нашр манбаси. Журналистнинг генерал айни вақтда қаердалиги ҳақидаги саволига у шундай жавоб қайтарган: «Бу маълумотни бизда ҳатто ички каналлар бўйича ҳам изоҳлашмайди».

Бундан аввалроқ Украинадаги урушда Россия тарафдори бўлган телеграм-каналларда ҳам Суровикин қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Хусусан, ҳарбий мухбир Владимир Романов генерални 25 июн куни, яъни «Вагнер» ХҲК исёни тугаганидан кейинги куниёқ ушлашганини айтган.

Хабарда Суровикиннинг ўринбосари, генерал-полковник Андрей Юдин ҳам қўлга олингани айтилганди. Юдин ўзи бу маълумотни рад этиб, таътилга чиққани ва айни вақтда уйда эканини, Суровикин қаердалиги тўғрисида билмаслигини айтиб чиқди.

«Эха Москва»нинг собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов генерал Суровикин оиласи билан гаплашмаганини ёзди.

«Армия генерали Суровикин уч кундан буён ўз оиласи билан алоқага чиқмаяпти. Унинг тансоқчиси ҳам жавоб бермаяпти. Менда фақат шу фактлар бор», — дея ёзди у ўз телеграм-каналида 28 июн куни генерал қўлга олингани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан.

  • 23 июн куни «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин РФ мудофаа вазирлигига қарши «адолат марши» бошлади, унинг доирасида ёлланма жангчилар Москвага кириши кўзда тутилганди. Кейинги кун тонгда вагнерчилар Ростов-Донни эгаллади ва Липецк областига қадар етиб боришди. «Марш» Пригожин ва Россия ҳукумати ўртасидаги келишув билан тугади, унга кўра, «Вагнер» ХҲК сафида қолишни танлаган ёлланма жангчилар «Беларусга кетиши мумкин». 
  • The New York Times газетаси Америка разведкасига таянган ҳолда хабар беришича, Пригожин агар юқори мартабали ҳарбийлар ўз томонида туришига ишончи бўлмаганида исённи бошламаган бўларди. Хусусан, нашрнинг АҚШ махсус хизматларидаги манбаси генерал Сергей Суровикин «Вагнер» ХҲК раҳбарининг режаларидан хабардор бўлганини айтган.
  • Исён бошланганидан кейин Суровикин «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиларига видеомурожаат қилиб, «тўхташ»га ва доимий дислокация манзилларига қайтишга чақирди. Ролик «военкор» Андрей Руденконинг телеграм-каналида 24 июнга ўтар кечаси пайдо бўлган. Кўп ўтмай шу каналда Бош штаб бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Владимир Алексеевнинг ҳам вагнерчиларга видеомурожаати пайдо бўлди. Катта эҳтимол билан, бу икки ролик битта хонада ёзиб олинган.

Мавзуга оид