Жаҳон | 15:34 / 07.04.2024
20269
8 дақиқада ўқилади

Камчхон туризм қишлоғи – Кореядаги қолоқ маскан қай тарзда сайёҳлар кўп борадиган гўшага айланди? (Фото)

Жанубий Кореянинг йирик шаҳарларидан бири бўлган Пусан яқинида бир қишлоқ бор. Яқин йилларгача бу қишлоқ омма эътиборидан четда эди. Уйлар ўта тартибсиз равишда қурилган бу қишлоқда асосан аҳолининг кам даромадли қисми яшарди. Бироқ бундан бир неча йил аввал қишлоқ бирданига машҳур бўлди. Ўшандан буён бу ерга ҳар йили кўплаб сайёҳлар келмоқда.

Бугун Жанубий Корея дунёни нафақат ўзининг ўта замонавий шаҳарлари ва ривожланган иқтисодиёти билан, балки тарихий объектлари билан ҳам лол қолдирмоқда.

Бу мамлакатда ўрта асрлардан буён сақланиб келаётган тарихий бинолар ва бошқа турли осори-атиқалар ҳам бор. Кёнбоккун музейи, Чангдеокгунг саройи, Korean Folk Village ва Namsangol Hanok Village тарихий қишлоқлари ва бошқа объектлар шулар жумласидан.

Бундан бир неча йил олдин Пусан шаҳри яқинида жойлашган Камчхон қишлоғи ҳам бирданига машҳур бўлди. Шундан сўнг бу қишлоқни томоша қилиш ва у ерда тунаб қолиш учун сайёҳлар оқиб кела бошлади.

Хўш, унчалик тарихий аҳамиятга эга бўлмаган ва қолоқ қишлоқ бўлган Камчхон машҳурликка қандай эришди? Қуйида шу ҳақда гаплашамиз.

blondeandbabe.com

Камчхон тарихи

Камчхон қишлоғи тарихи 1950 йилга бориб тақалади. Иккинчи жаҳон урушида Япония мағлуб бўлгач, унинг мустамлакаси бўлган Корея яриморолида бир томондан СССР, иккинчи томондан АҚШ ҳаракат бошлайди. Уларнинг мақсади яриморолда ўз таъсир доираси остида давлат ташкил этиш эди.

Мамлакат шимоли СССР ёрдамига таянган ва Корея яриморолида социалистик давлат қурмоқчи бўлганлар назоратига ўтади.

Жануб эса АҚШдан ёрдам олаётган ва яриморолда демократик давлат тузмоқчи бўлган кучлар измида қолади. Ҳар икки томон бир-бирига қарши тарғибот олиб боради.

Бу орада шимолликлар Корея халқ демократик республикаси номи билан социалистик давлат тузишганини эълон қилишади. Жанубда Корея республикаси ташкил этилади.

1950 йилда шимолликлар СССР ёрдамида Жанубга ҳужум бошлайди. Ўртада уруш бошланади. Шимолликлар аввалига яриморолнинг асосий қисмини ва жанубликлар пойтахти Сеулни эгаллашади. Фақат Пусан шаҳри уларнинг чангалидан қутулиб қолади.

Ана шундай вазиятда БМТ жанубликларга халқаро даражада ёрдам кўрсатиш учун махсус резолюция қабул қилади. Шундан сўнг жанубликларга ёрдам бериш учун кўплаб давлатлар ўз ҳарбийларини юборишади. Улар орасида ҳатто Туркия ҳам бўлган.

1950 йилда шимолликларнинг жанубша ҳужуми

Ўша пайтда шимолликлар жанубдаги шаҳар ва қишлоқларни эгаллар экан одамларнинг бир қисми уларнинг оёғи тегмаган ҳудудларга қочарди.

Энг кўп қочоқ шимолликлар эгаллай олмаган Пусан шаҳри яқинидаги Саха-гу туманига, Камчхон деб номланган ҳудудга кўчиб келади. Шу тариқа бу ерда хароба қишлоқ шаклланади.

Кўп ўтмай шимолликларнинг ҳужуми қайтарилади ва улар томонидан эгалланган ҳудудлар қайтариб олинади. Шундан сўнг қочоқлар ўз уйларига қайта бошлайди.

1953 йилда уруш тугайди ва Корея яримороли ўртасидан чегара тортилади. Яриморол шимоли КХДРга, жанубий қисми Корея Республикасига тегади.

Уруш тугаганидан сўнг қочоқлар уйларига қайтар экан, уларнинг бир қисми ўзлари ўрнашган жой – Пусан биқинидаги қишлоқда яшаб қолади. Камчхон деб номланган бу қишлоқ адирликда жойлашганди.

1970-1980 йилларда Жанубий Корея юксак тараққиётга эришади. Йирик шаҳарлар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгариб замонавийлашади. Бироқ Камчхон ўша ҳолида қолади.

Кореяда ер жуда қиммат. Шу сабабли бу қишлоқ аҳли бир-бирига зич ҳолда уйларни қуриб яшайверади. Охир-оқибат қишлоқда ҳовли қолмайди ва хонадонлар асосан бир ва икки қаватли уйлардан иборат бўлиб қолади.

Ўша пайтларда Камчхондаги уйларни бузиш ва бу ерда осмонўпар бинолар қурилиши масаласи ҳам бир неча марта кўтарилади. Бироқ халқ мулкини беаёв таловчи социалистлардан фарқли равишда Жанубий Кореяда одамларнинг мулки мажбурлаб тортиб олинмайди.

Бу ерда барча ишлар мулк эгаларининг розилиги билан амалга оширилади. Ўша пайтларда гарчи уйлари жуда хароб аҳволда бўлса ҳам, Камчхондаги айрим мулкдорлар ўз уйларига жуда баланд нархларни белгилашади. Бошқалари эса уйини сотишни истамайди. Шу сабабли қишлоқ ўрнида осмонўпар бинолар қуриш лойиҳаси амалга ошмайди.

Камчхон қишлоғи, 1960-йилларда
travel.qunar.com

Камчхоннинг ўзгариши ва машҳур бўлиши

Камчхон узоқ йиллар давомида юксак тараққиётга эришган Жанубий Кореянинг, осмонўпар бинолар қурилган обод Пусаннинг хароб ҳолда қолган қисми сифатида яшаб келади.

Қишлоқ тараққиётдан четда қолган, бу ерда яшовчиларнинг шароити оғир, инфратузилма ҳаминқадар эди. 2000-йилларнинг охирига бориб вазият бирдан ўзгаради.

Бунга Пусан шаҳар маъмуриятининг Камчхонда жойлашган уйларнинг ташқи кўринишини яхшилаб, қишлоқни асл ҳолида сақлаб қолишга қарор қилгани сабаб бўлади.

2009 йилда қишлоқ аҳолиси шаҳар маъмуриятига ташаббус билан чиқади ва Камчхонни “Маданий қишлоқ”қа айлантириш лойиҳасини тақдим этишади. Лойиҳа Пусан шаҳар маъмурияти ва мамлакат маданият вазирлигини бефарқ қолдирмайди. Маъмурият ва вазирлик лойиҳага салмоқли миқдорда пул ажратишга қарор қилади.

Шундан сўнг ўша маблағлар ҳисобидан қишлоқдаги барча уйларнинг ташқи кўриниши эпақага келтирилади ва турли рангга бўялади. Кўпгина уйларнинг томи чордоқ кўринишида ёпилиб, улар ҳам бўяб чиқилади.

livejournal.com

Ана шунда қишлоқнинг кўриниши экзотик тус олади ва жуда чиройли кўрина бошлайди. Тасаввур қилинг, бир томонда Пусаннинг осмонўпар бинолари, сал нарида эса бир-бирига зич қурилган уйлар ва томлари турли рангларда товланиб турган ғаройиб қишлоқ манзараси.

Ана шу ҳолатда қишлоқнинг кўриниши барчанинг эътиборини торта бошлайди. Телеканалларда берилган лавҳалар босма ва электрон ОАВда чоп этилган мақолалар туфайли қишлоқ Жанубий Кореяда жуда машҳур гўшага айланади.

stock.adobe.com

Шундан сўнг қишлоқни томоша қилиш учун одамлар оқиб кела бошлайди. Бундан Камчхон аҳли ҳам манфаатдор бўлади. Дарров қишлоқда меҳмон уйлари, овқатланиш шохобчалари ташкил этилади.

Кўп ўтмай Камчхон хориж давлатларида ҳам машҳур бўлади ва Жанубий Кореяга келадиган сайёҳлар борадиган муҳим манзиллардан бирига айланади.

Ҳозирги кунда Камчхон Жанубий Кореяга келадиган сайёҳларга бориш тавсия этиладиган муҳим жойлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда ҳар куни қишлоқни томоша қилиш учун бир неча минглаб сайёҳлар келмоқда.

Қишлоқ аҳолиси дастлаб ишни меҳмон уйлари ташкил этишдан бошлаган бўлса, кейинчалик Камчхонда корейс ҳунармандчилиги вакиллари ўз устахоналарини, кичик корхоналарини ташкил этишади. Бундан ташқари, турли сувенирлар сотиладиган дўконлар очилади.

stock.adobe.com

Натижада қишлоқни томоша қилиш учун келаётган сайёҳлар бу ерда қўлда тайёрланадиган буюмларнинг тайёрланиш жараёнини томоша қилиш ва тайёр буюмларни сотиб олиш имкониятига эга бўлишади.

Қишлоқ ҳудудига кириш ва уни томоша қилиб чиқиш бепул. Сайёҳлар фақат сотиб олган буюмлари ва мабодо тунаб қолишса, меҳмон уйлари учун пул тўлашади.

Камчхонда автомобил ҳаракатлана оладиган йўл фақат қишлоқ четида жойлашган. Қишлоқнинг ичида фақат тор йўллар бор ва уларда пиёда айланиш мумкин холос.

livejournal.com

Камчхон адирликда жойлашгани учун уйлар паст ва баланд қилиб қурилган. Шу сабабли қишлоқ ичидаги йўлакларнинг аксарияти зиналардан иборат.

Қишлоқ номи инглизчада Gamcheon Culture Village деб номланади ва у бутун дунёдаги аксарият сайёҳлик фирмаларининг йўналишларига киритилган.

Жанубий кореяликлар Камчхон лойиҳасини амалга ошириб, бутун дунёга хароб қишлоқларни асл ҳолича сақлаб қолиб, сайёҳлар учун қизиқарли масканга айлантириш мумкинлигини исботлашди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид