Жаҳон | 14:06 / 20.10.2020
36645
2 дақиқада ўқилади

Энг яхши пенсия тизимига эга давлатлар маълум қилинди. Ўзбекистон рўйхатга киритилмади

Фото: Getty Images

Пенсия таъминоти бўйича энг яхши тизим Нидерландия ва Дания давлатларида йўлга қўйилган. Бу ҳақда Mercer институти экспертлари томонидан эълон қилинган «Глобал Пенсия» индексида маълумот берилган.

Экспертлар тузган рейтингда дунёнинг 39та давлати бор. Муаллифларнинг таъкидлашича, бу йил коронавирус пандемияси инқирози туфайли ушбу давлатларнинг ярмидан кўпида пенсия тизимининг баҳолари тушиб кетган.

Муаллифлардан бири Девид Ноксга кỹра, пандемия фонидаги дунё таназзули кўп давлатларда пенсия тўловлари ва инвестициялардан тушадиган фойданинг камайиши ҳамда давлат қарзларининг кўпайишига олиб келди.

«Бу шуни билдирадики, энди баъзи инсонлар яна бир неча йил узоқроқ ишлашига тўғри келади, бошқалари эса пенсияга чиққанидан сўнг пастроқ даражадаги ҳаёт тарзига кўникиб яшашга мажбур бўлади. Биз яна ўзимизга таянишимиз керак бўлади», – дейди мутахассис.

Рейтингдаги энг юқори «А» натижани фақатгина Нидерландия ва Дания давлатлари олган. «Б» даражага эса Исроил, Австралия, Финляндия, Швеция, Норвегия, Сингапур, Канада, Янги Зеландия, Германия, Швеция, Ирландия ҳамда Чили давлатлари киритилган.

«C+» даражада Буюк Британия, Бельгия, Ҳонконг, АҚШ, Малайзия ва Франция давлатлари жой олган. «C» тоифада Колумбия, Испания, Саудия Арабистони, Перу, Полша, Бразилия, Жанубий Африка, Австрия, Италия, Индонезия ва Жанубий Корея мамлакатларининг пенсия тизими жойлашди.

Рўйхатда энг қуйи поғонадан Япония, Хитой, Ҳиндистон, Мексика, Филиппин, Туркия, Аргентина ва Таиланд давлатларининг пенсия тизими жой олган. 

Эътиборли томони, иқтисодиёти ривожланган мамлакатлардан ҳисобланадиган Япония пенсия тизими ҳам 32-ўринни эгаллаб, ёмон кўрсаткичлардан бирини қайд этган.

Ўзбекистон, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ва Россия ушбу рўйхатга киритилмаган.

Мавзуга оид