Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нидерландия компанияси 6 минг ўзбекистонликни ишга олишни режалаштирмоқда
Нидерландиянинг MMBS Groep компанияси келгусида 6 минг нафар ўзбекистонлик мутахассисни ишга қабул қилишни режалаштирмоқда. Бу масала Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозиловнинг компания раҳбарияти билан учрашувида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозилов (қароргоҳи Брюссел шаҳрида) Нидерландиянинг MMBS Groep компанияси раҳбари ҳамда Bouwmensen Amsterdam таълим маркази менежери билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
Мулоқот чоғида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги меҳнат миграцияси дастурларини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Нидерландия томони Ўзбекистоннинг малакали кадрлар етиштириб беришда ишончли ҳамкор эканини алоҳида таъкидлади. MMBS Groep компанияси вакилининг маълум қилишича, айни пайтда 40 нафар ўзбекистонлик мутахассис ушбу компанияда 2500 евро маош билан ишга жойлаштирилган.
Шунингдек, компания келгусида яна тахминан 6 минг нафар ўзбекистонликни ишга қабул қилишни режалаштирмоқда.
Музокаралар якунида томонлар Урганч шаҳрида қурилиш соҳаси бўйича биринчи ўқув марказини ташкил этиш, кейинчалик эса сантехника, электрика ва бошқа техник йўналишларда мутахассислар тайёрлаш марказларини очиш масалалари юзасидан келишувга эришди.
Учрашув давомида дипломатлар MMBS Groep компаниясида фаолият юритаётган ватандошларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари билан ҳам яқиндан танишди.
Мавзуга оид
22:29 / 13.06.2026
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида илк бор миграция соҳасида битим ва қўшма декларация имзоланди
10:03 / 12.06.2026
Илон Маск 55 миллиард долларлик Terafab лойиҳасини илгари сурмоқда
09:15 / 10.06.2026
АҚШ Конгресси миграция хизмати учун 70 миллиард доллар ажратди
22:32 / 09.06.2026