Жамият | 20:34 / 26.06.2024
4294
7 дақиқада ўқилади

«Табиатга нима қилсанг, у ҳам шундай жавоб беради» – Самарқандда Халқаро эко-форум ўтказилмоқда

Самарқанд шаҳридаги Ипак йўли туризм халқаро университетида иккинчи ёшлар эко-оромгоҳи – Халқаро экофорум ўтказилмоқда. Ўтган йилги форумда фақат Марказий Осиё давлатлари ёшлари қатнашган бўлса, бу гал уларга Туркия, Озарбойжон ва венгриялик экофаол ёшлар ҳам қўшилди.

Тадбир Ёшлар агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими, Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирликлари, «Zamin» халқаро жамоат фонди, ЮНИСЕФ, БМТТД ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ФАО ҳамкорлигида ташкил этилган.

«Ўқувчиларга велосипед тарқатинг»

Уч кун давомида саккиз давлатдан келган 100 га яқин ёш экофаоллар минтақа экологик ҳаётига дахлдор, иқлим ўзгаришига қарши кураш, чиқиндиларни қайта ишлаш, сувни тежаш мавзусидаги ғояларини гуруҳларга бўлинган ҳолда мувофиқлаштирди. 26 июн куни барча гуруҳлар ўз таклифларини саралаб, энг яхшиларини тақдимот қилиб берди.

Хусусан, форумда қатнашаётган ўзбекистонлик бир гуруҳ ёшлар мактаб ўқувчиларига улар ўқишга таксида ёки бошқа транспортда қатнамаслиги учун велосипед тарқатишни таклиф қилди. Шунингдек, улар сувни тежаш дастури доирасида мактаблардаги қўл ювишга ишлатиладиган сувлардан мактаб ҳовлисидаги яшилликларни суғоришга ишлатиш тизимини ишлаб чиқишни, инсонлардан ортган озиқ-овқатларни қайта ишлаш орқали ҳайвонлар озуқаси ишлаб чиқариш каби таклифларни ҳам илгари сурди.

«Волонтёрлик – бекорчилик эмас»

Кўпчилик ёшлар давлатлар экологик соҳадаги волонтёрлик тизимини ривожлантириши керак деб ҳисоблашини айтди. «Кўпчилик ота-оналар волонтёрликни вақтни беҳуда сарфлаш деб ўйлашади. Бу қарашни ўзгартириш керак», деди иштирокчилардан бири.

Экофаоллар ҳар қандай экологик муаммони ҳал қилиш учун болалар боғча ва мактабданоқ улардан бохабар қилиниши кераклиги, экобохабарлик даражаси ошмас экан ҳеч қандай лойиҳалар самара бермаслигини айтишди. Навбатдаги гуруҳ эса пул ажратилмайдиган ҳар қандай лойиҳа сўзда қолиб кетади деб ҳисоблаши, шунинг учун давлатлар эколойиҳаларни молиялаштириши лозимлиги ҳақида гапирди.

Дарвоқе, форум тугагач, волонтёрлик бўйича яхши хабар бўлиши айтилди. Маълум бўлишича, эко-оромгоҳ якунида бутун дунёдаги иқлим ўзгаришларига бефарқ бўлмаган кўнгиллиларни бирлаштирадиган «Young Climate Change» волонтёрлик тармоғи ишга туширилади.

Текстил чиқиндисини қайта ишлаш, нефтга бой Озарбойжондаги яшил энергия

Форумда қатнашаётган хорижлик ёшлар ўз мамлакатидаги экологик ҳолат, бу борадаги муаммолар ва ўзгаришлар ҳақида фикрларини билдирди. Масалан, қирғизистонлик экофаол Оксана Омарқулова Бишкекда электробуслар кўпаяётгани ва шаҳардаги энг жиддий экомуаммо ҳақида гапирди: «Қишдаги тутун биз учун жиддий муаммо. Уни ҳал қилиш учун шаҳар ҳокимлиги борган сари кўпроқ электробуслар харид қилиб, эски маршруткаларни олиб ташламоқчи. Дарвоқе, шаҳар мэрияси Бишкекдаги троллейбусларни ҳам электробуслар билан алмаштирмоқчи», деди қирғизистонлик иштирокчи.

Оксана Омарқулова

Оксана текстил чиқиндисини қайта ишлаш минтақа учун муҳим лойиҳа деб ҳисоблашини ҳам айтди: «Қирғизистонда ва бутун Марказий Осиёда текстил саноати ривожланиб бормоқда. Аммо минтақада текстил чиқиндиларини утилизация қилиш ёки қайта ишлаш тизими ҳақида эшитмаганман. Ваҳоланки, бу соҳа ривожланиб, текстил чиқиндилари миқдори ошмоқла. Биз Самарқанддаги эко-оромгоҳда шу мавзуда таклифлар билдирдик. Бизнинг лойиҳамизга кўра, текстил чиқиндиларидан суюқ обои (гулқоғоз) ишлаб чиқаришни ривожлантириш мумкин», деди Оксана Омарқулова.

Оксана Самарқандда қуёш панеллари кўплиги, улар ҳатто университетлар томига ҳам қўйилганини кўриб, яхши маънода ҳайратланганини қўшимча қилди.

Озарбойжонлик иштирокчи Лейла Аллаҳбердиева эса мамлакат нефтга бой бўлса-да, яшил энергияга эътибор кучайиб бораётганини айтди: «Озарбойжон нефтга бой бўлса ҳам, қайта тикланувчи яшил энергияга эътибор кучли. Бокуни шамоллар шаҳри дейишади, шу сабаб энергия ишлаб чиқаришда ундай фойдаланилади. Озарбойжон шаҳарларида қуёш станцияларига ҳам тобора кўпроқ кўзингиз тушади. Кўчаларда эса электромашиналар кўпайган.

Биласиз, Бокуда хиёбонлар кўп. Бу паркларда пластик чиқиндилар муаммоси бизда ҳам бор. Уни бартараф этиш учун эса биз талабалар тенгдошларимизга мотивация бериш учун турли ғоялар устида ишлаяпмиз. Бу борада бизнинг лойиҳаларимиз молиялаштирилиши ҳам кутилмоқда», деди Лейла.

Лейла Аллаҳбердиева

«Табиатга нима қилсанг, у ҳам сенга шундай жавоб беради»

25 июндаги тадбирлар доирасида Ипак йўли туризм халқаро университетида америкалик экология бўйича мутахассис Роберт Виллиард ҳам иштирок этди. 2018 йилдан буён Орол денгизи қуриши ва унинг атрофида юзага келган экологик ҳолат бўйича тадқиқотлар ўтказиб келаётган иқтисодчи ва эколог айни мавзуда тақдимот билан чиқиш қилди.

Роберт Виллиард

Америкалик мутахассис чиқишида ўз вақтида дунёдаги энг йирик тўртинчи кўл бўлган Орол денгизининг қуриши нафақат минтақавий, балки глобал муаммо эканини таъкидлади. «Экологик муаммолар ҳақида гапираётганда бир нарсани унутмаслик керак: табиатга қандай муносабатда бўлсанг, у ҳам шундай жавоб беради», деди у.

Роберт Виллиард Орол қуриши нафақат экологик, балки иқтисодий ва маънавий муаммолар келтириб чиқарганини таъкидлади. Ўзи иштирок этаётган «Aral region charity» лойиҳасининг мақсади ҳам айнан мана шундай муаммоларга эътибор қаратиш эканини айтди.

Роберт Виллиард ўз чиқишидан кейин «Aral region charity» лойиҳасида иштирок этаётган қорақалпоғистонлик Айнура исмли иштирокчини саҳнага таклиф қилди. Робертга кўра, шуманайлик экофаол Айнура келаси йил Германиянинг Дортмунд университетида айнан экология йўналишида ўқишни давом эттириши кутилмоқда. У дастурга қатнашиш фикри қаердан чиққани ҳақида гапириб берди.

«Мен Робертнинг лойиҳаси ҳақида Telegramʼда ўқиб қолдим. Унинг чиқишларини кўрдим-да, Америкада туғилган одам бизнинг Қорақалпоғистон ҳақида қандай қилиб бундай кўп нарса билиши мумкин, деб ўйладим. Кейин ундан чиндан Шуманайга келасизми, деб сўрадим ажабланиб. Шу тариқа биз узоқ йиллардан буён ичида яшаб келаётган экологик муаммони ҳал қилишга қаратилган лойиҳада иштирок этиш имкони пайдо бўлганидан хурсанд бўлдим», деди Айнура.

Форум давомида модераторлар ёшларга турли хил топшириқлар беришди ва баъзан интеррактив ўйинлар ҳам ташкил қилишди. Эко-оромгоҳ иштирокчилари 25 июн кунидаги дастурлар доирасида «Дипломатика» интерактив ўйинида иштирок этишди.

Бу ўйинда ёшлар гуруҳларга бўлинган ҳолда БМТдаги иқлим ўзгаришлари бўйича музокараларни иммитация қилишди. Иштирокчи ёшлар бирор давлатни танлаб иқлим ўзгариши бўйича ўз талабларини билдиришди.

Ёшлар «Иқлим ўзгармоқда, нега биз ўзгармаяпмиз?», «Келажагимизни арсанг», «Ёнилғиларни тўхтатинг», «Келинг, яшиллашайлик», «Сайёрани қутқаринг» каби чақириқларни ёзиб, шартли равишда «бош котиб» этиб танланган ҳакамларга кўрсатишди.

Самарқандда 23 июн куни бошланган 8 давлат ёшлари иштирокидаги эко-оромгоҳ 27 июндан Тошкентда давом эттирилиб, 30 июнда якунланади.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид