Жамият | 08:57
761
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 38 килограммга яқин наркотик модда қўлга олинди

Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида хориждан контрабанда йўли билан олиб кирилган қарийб 38 килограмм наркотик моддалар аниқланиб, мусодара қилинди.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ўтказилган тезкор тадбирда қўшни давлатдан олиб кирилган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди.

Хусусан, олдиндан кузатувга олинган Ургут туманида яшовчи 1989 ва 1992 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро айланма йўллар орқали Тожикистоннинг Панжикент туманига бориб, наркосавдогарлардан 14 кг 766 грамм “опий” ва 14 кг 958 грамм “гашиш” моддаларини олиб, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, яна бир ҳолатда Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган хусусий автомашина гаражи кўздан кечирилди.

Текширув натижасида махсус тайёрланган яширин жой — мармар тошлар орасига 9 кг 40 грамм опий экстракцияси яширилгани аниқланди.

Қайд этилишича, бундай турдаги наркотик моддалар одатда хориждан контрабанда йўли билан олиб кирилади.

Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Гараж эгасини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Маълум қилинишича, ушбу турдаги жиноятлар учун қонунчиликда 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Фуқаролардан шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда Давлат хавфсизлик хизматига 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш сўралди. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид