Ўзбекистон | 13:30 / 18.11.2020
39266
5 дақиқада ўқилади

Давлат амалдорлари учун қандай автомобил сотиб олиниши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилади — молия вазири

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг 9 ойдаги ижроси кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Мажлис давомида депутат Расул Кушербаев маҳаллий бюджетларда орттирилган маблағ ҳисобидан жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда камида 10 фоизини соҳаларга йўналтирилиши кераклиги, лекин сўнгги вақтларда орттирилган маблағ ҳисобидан ҳокимлар, бошқа ташкилотлар қиммат автомобиллар олишга зўр бериб кетишаётганини таъкидлаб ўтди.

«Бу ерда жамоатчилик фикри қанчалик ҳисобга олиняпти? Ёки жамоатчилик ҳокимларимиз қиммат машина олсин, деган таклифни беряптими?» – дея сўради Кушербаев.

Бунга жавобан молия вазири Тимур Ишметов сўз олди.

«Маҳаллий бюджетларнинг ортиб бажарган қисмининг 10 фоизини фуқаролар фикрини эшитган ҳолда ишлатилиши тартиби белгиланган. Бунинг учун Молия вазирлиги Очиқ бюджет порталини ҳам ишга туширган. Иш бошланган, бизнинг фикримизча, афсуски, биз кутган даражада ижобий натижа бергани йўқ. Ҳали бу бўйича кўп ўзгаришлар қилиш керак.

Бу йил бўйича айтадиган бўлсак, яқинда иккинчи чорак якунини таҳлил қилдик (учинчи чоракни энди таҳлил қилмоқчимиз). Иккинчи чоракни таҳлил қилганда, орттириб бажарилган маҳаллий бюджетларга қолган қисмининг 10 фоизини, ўзида қолгани 200 млрд сўмдан ортиқни ташкил қилган бўлса, 20 млрд сўмини фуқаролар билан фикрлашиб, уларнинг фикрини олиб, ишлатиши керак бўлган. Аслида бунинг ярмини, 10 млрд сўмини шу тарзда ишлатган.

Буни, пандемия натижасида ҳокимликлар маблағларнинг бир қисмини пандемияга қарши курашиш тадбирларига ишлатгани (дори-дармон олиб берган, озиқ-овқат, бошқа йўналишлар) билан изоҳлаш мумкин», – деди Тимур Ишметов.

Вазир пандемия пайтида маҳаллий ҳокимликларнинг қиммат автомобиллар харид қилишига танқид назари билан қарашини таъкидлади. Шу билан бирга, бюджет маблағларини идора қилишда номарказлаштириш сиёсати давом эттирилишини қайд этди.

«Бундай инқироз, пандемия пайтида маҳаллий ҳокимликлар, барча давлат идоралари харажатларини нафақат қонуний нуқтайи назаридан, балки мантиқ, фуқароларнинг ҳаёт тарзидан келиб чиққан ҳолда ҳам амалга оширса, тўғри бўларди, деб ҳисоблайман. Бунга жуда ҳам танқид билан қараймиз.

Сиз кўтарган масалалар – очиқлик сиёсатининг маҳсули. Фикримизча, борган сари маҳаллий бюджетларга, вазирликларга бюджет харажатларини амалга ошириш бўйича мустақиллик бериб борамиз. Битта вазирлик буни назорат қилишининг имкони йўқ. Ҳар бир сўмни, қаерга ва қанча ишлатиш мумкинлигини ёзиб чиқиш – бу орқага қайтиш бўлади. Бюджет харажатларини битта вазирлик ҳал қилиши тарихимизда салбий оқибатларга олиб келган.

Менинг фикримча, энг тўғри йўли – маҳаллий ҳокимиятларга, бошқа вазирликларга бюджет маблағларини идора этиш бўйича кўпроқ мустақиллик бериш, аммо шу билан бирга ошкораликни таъминлаш. Жамоат буни ўз фикри билан... Жамоатчилик ҳам фаоллашиб боряпти. ОАВнинг ҳам фаоллиги, сифати ошиб бораётганини кўриб турибмиз. Ана шу жамоатчилик назорати ўзи ҳаммасини жойига солиб қўяди. Жамоатчилик фаоллиги ҳукумат, керак бўлса парламентга тегишли қарор қабул қилишга туртки бўлади.

Айнан мана шу автомобиллар мисолида келадиган бўлсак, биз ҳукуматдан топшириқ олдик. Бундан буёғига давлат идоралари раҳбар ходимлари қандай автомобил сотиб олишини аниқ кўрсатиб қўйилади. Ҳозир Молия вазирлиги томонидан бу лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Насиб қилса, ҳафтанинг охиригача ишлаб чиқиш ниятимиз бор, ҳукуматга киритамиз. Бу ерда ҳар бир лавозимни қўйиб, қайси лавозимга қандай машина сотиб олиш мумкинлигини аниқ кўрсатиб қўямиз.

Агар турли вазирлик, ҳокимликлар жамоатчиликда шундай фикр пайдо бўлишига олиб келаётган бўлса, аниқ кўрсатиб қўйишга мажбур бўламиз. Ўйлайманки, давлат маблағларининг самарали ишлатилишининг якка-ю ягона йўли – биз томондан очиқликни таъминлаб бориш, жамоатчилик, парламентдан уларнинг фикрларини эшитиб, кейин реакция қилиш», – деди Тимур Ишметов.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган.

Лойиҳада давлат ташкилотларининг хизмат автотранспортлари хатловдан ўтказилиши ва нормативлардан ортиқча бўлганлари аукционда сотилиши белгиланган.

Мавзуга оид