16:46 / 24.05.2021
39672

«Ўзбекистонда суд тизими тўла мустақил ва холис эмас» — АҚШ Давлат департаменти

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазият юзасидан ҳисобот эълон қилди. Унда, хусусан, хавфсизлик хизматларининг турли ташкилотлардаги «кураторлари» ва суд тизими ҳақида сўз боради.

АҚШ Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси 2020 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан ҳисобот эълон қилди.

Ҳисоботда ўтган йили Ўзбекистонда рўй берган, инсон ҳуқуқларининг турли жабҳаларига оид воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз юритилиб, муайян хулосалар берилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги фуқаровий идоралар хавфсизлик органлари устидан самарали назоратга эга, бироқ хавфсизлик хизматлари фуқаролик тузилмаларига кириб борган.

«Фуқаролик ташкилотлари хавфсизлик хизматлари ходимлари билан ошкор қилинмас ҳамкорликда бўлиб, фуқаролик ташкилотларининг ваколатлари доираси ва миқёсини аниқлаш қийин», – дейилади ҳисоботда.

Америкалик кузатувчилар Ўзбекистонда судлар тўла мустақил эмаслигини алоҳида қайд этган.

«Конституцияда белгиланганига қарамай, суд тизими тўлиқ мустақиллик ва холислик билан ишламайди. Прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вақти-вақти билан суд органлари ходимларига керакли ҳукмларни чиқариш учун босим ўтказиш ҳолатлари кузатилди».

Таъкидланишича, гумонланувчини қамоққа олишга санкция бериш ҳақида прокурорлар судга илтимоснома киритганда, аксарият ҳолларда судьялар бу илтимосномани қаноатлантиради. Акс ҳолда эса, прокурорда юқори турувчи судга шикоят қилиш ҳуқуқи бор.

«Расмий айбловсиз ҳибсга олиш 48 соат билан чекланган, аммо прокуратура судьядан ҳибсни қўшимча 48 соатга узайтиришни сўраши мумкин, шундан сўнг шахс айбланиши ёки озод қилиниши керак. Судьялар одатда бундай сўровларни қондиришади ва бундай муддатни узайтирган судья кўпинча суд жараёнини ҳам бошқаради, бу эса қонунбузарликларни яширишга имконият яратади».

Ҳисоботда йирик жиноятларга оид суд ишлари етарлича очиқ ўтмаётгани айтилади.

«Иккала томон розилик берган тақдирда, суд муҳокамаларини жонли эфирда узатиш давом этди, бундай эшиттиришлар одатда маъмурий ҳуқуқбузарликлар ёки иқтисодий ишлар билан боғлиқ бўлган майда ишларга чеклаб қўйилди».

Қайд этилишича, Олий суд қарорларини ўз веб-сайтида эълон қилишга ҳаракат қилаётганига қарамай, қуйи даражадаги судлар одатда ўз қарорларини эълон қилмайдилар ва бу эса адвокатларга олдинги далилларни кўришларига қийинчилик яратади.

Кузатувчиларга кўра, қўшимча гувоҳларни чақириш ёки судланувчини қўллаб-қувватловчи далилларни иш ҳужжатларига киритиш бўйича айбланувчиларнинг илтимосларини судьялар кўплаб ҳолларда рад этади.

«Ишончли хабарларга кўра, давлат томонидан тайинланган ҳимоячилар мунтазам равишда ўзларининг мижозлари учун эмас, ҳукумат манфаатлари йўлида ҳаракат қилишган, чунки уларнинг даромадлари давлатга боғлиқ ва улар давлат томонидан жазодан қўрқишган».

АҚШ бюроси Ўзбекистонда адвокатлар сони камлиги, ҳуқуқ органларида адвокатларнинг ёзишмаларини назорат қилиш ҳуқуқи борлигига эътибор қаратган.

Судланувчиларнинг адвокат ёллаш ҳуқуқига ҳар доим ҳам риоя этилмаяпти, бу ҳуқуқдан ўз хоҳиши билан воз кечиш ҳақидаги ҳужжатга мажбуран имзо қўйдириш ҳолатлари бор, дейилади ҳисоботда.

Баъзи ҳимоячилар ўз мижозлари билан мулоқот қилишда қийинчиликка дуч келгани, мижозларига дохил жиноий иш тўғрисидаги маълумот уларга тақдим этилмаганини маълум қилган.

Шу билан бирга, ҳисоботда оқлов ҳукмлари сони ошаётгани, зарур ҳолларда айбланувчилар юридик маслаҳатчи ва таржимонлар билан таъминланаётгани таъкидланган.

Ўтган йили ўрнатилган янги тартибга кўра, эндиликда шахсни ушлаш ва унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Шунингдек, шахс ҳибсга олингач, у ҳибсда экани ва қаердалиги ҳақида оила аъзолари ёки бошқа тегишли шахсларга 24 соат ичида хабар берилиши керак. Бироқ ОАВ ва ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу чоралар амалда яхши қўлланилмаган.

Боз устига, ҳибсга олинган шахсларга нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан зўравонлик қилингани ҳолатлари рўй берган. Хусусан, Чироқчи тумани ва Андижон шаҳрида ИИБ ходимлари қийноққа солиш орқали икки фуқаронинг ўлимига сабаб бўлди.

Феврал ойида Омбудсман эълон қилган 2019 йилга доир ҳисоботда, сўроқ қилиш хоналаридаги камералар тез-тез ўчириб қўйилгани, ҳибсга олинганлар камерага кўринмайдиган жойда қийноққа солинаётгани ва сўроқ қилинаётгани ҳақида қайд этилган.

Top