Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эроннинг арзон дронлари қандай қилиб уруш олиб бориш усулларини ўзгартиряпти?
«Эрон 35 минг долларлик дрон билан ҳужум қилаётганда АҚШ уни 4 млн доллар турадиган ракета билан уриб тушираётган бўлса, харажатлар нотўғри йўналишда эканини тушуниш қийин эмас». Ушбу мақолада Эронга устунлик бераётган «дрон математикаси» ҳақида сўз юритамиз.
Феврал ойида намойиш қилинган Shahed-136 дрони – Теҳрон / Фото: AFP
АҚШ ва Исроил кучлари 28 февраль куни бошлаган ва 4 ҳафтадан ортиқ давом этаётган уруш давомида Эрон ҳарбий кучларининг катта қисми: баллистик ракета майдончалари ва мамлакат ҳарбий-денгиз флотининг катта қисмини йўқ қилганини айтмоқда. Шу билан бирга, Эрон сақлаб қолган афзалликлардан бири — Shahed дронларидир.
Shahed номи билан танилган дроннинг кўплаб моделлари мавжуд, аммо энг кўп қўлланадигани – дельта қанотли Shahed-136. У бир марта фойдаланиладиган, қайтиб келмайдиган, ўзини ўзи портлатадиган – камикадзе зарбдор дронидир.
Уни кўп жиҳатдан секин учадиган, содда қанотли ракета дейиш мумкин. Унинг кенглиги 2,5 метрдан бироз кўпроқ ва узунлиги 3,6 метр атрофида, максимал тезлиги соатига 185 километр. У ҳарбий ёки оддий пикапнинг орқа қисмидаги рельсли ускунадан учирилади.
Ҳавога кўтарилгач, Shahed 2400 километргача масофага уча олади ва 40 кг вазнли жанговар каллаги учун нишонни топишда GPS’дан фойдаланади. Буларнинг барчаси ҳар бир дрон учун тахминан 35-50 минг доллар атрофида харажат эвазига амалга ошади.
Дронлар Американинг ракета захираларини тугатмоқда
Shahed дронлари — бу фақат АҚШ томонидан нишонга олинаётган катта заводларда эмас, кичикроқ цехларда ҳам йиғилиши мумкин бўлган, тайёр қисмлардан ясалган арзон қуроллардир. Эрон шу каби дронлардан Америка базалари, ҳаво мудофаа радарларини нишонга олиш, элчихоналар биноларига ҳужум қилишда, араб давлатларининг муҳим нефть ва газ инфратузилмаларини уришда фойдаланмоқда.
Эроннинг дрон ҳужумлари оқибатида шу кунга қадар АҚШнинг камида олти нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Дрон БАА, Қатар, Баҳрайн ва Саудия Арабистонидаги нефть ва табиий газ объектлари учун ҳақиқий даҳшатга айланди.
🚨🇮🇷 BREAKING — Iranian Shahed Drone Destroyed Bahraini Radar. pic.twitter.com/dGWVk8AjGr
— ✦✦✦ 𝙿𝚊𝚖𝚙𝚑𝚕𝚎𝚝𝚜 ✦✦✦ (@PamphletsY) February 28, 2026
Бундан ташқари, камикадзе дронлари АҚШ ва Исроилнинг тутиб қолувчи ракета (interceptor) захираларини тезда тугатмоқда.
New York Times'нинг ёзишича, «Shahed»лар таҳдидига қарши курашиш учун Форс кўрфази давлатлари ҳар бири миллионлаб доллар турадиган тутиб қолувчи ракеталарни учирмоқда. Ушбу паст технологияли «визиллаб» учувчи қурилмалар билан шуғулланиш учун деярли тўхташ тезлигигача секинлашишга мажбур бўлган қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилмоқда. Шунингдек, дронларни осмондан пулемётлар билан уриб тушираётган Apache зарбдор вертолётлари ҳам бор.
Урушларда янги давр
Vox'нинг «Today, Explained» дастурига интервью берган Пенсилвания университети профессори, инновациялар бўйича катта илмий ходим Майкл Ҳоровит ушбу дронлар нималарга қодирлиги ва АҚШ қандай қилиб уларга қарши тура олиши ҳақида тушунтириш берди.
«Мен каби инсонларни хавотирга соладиган нарса шундаки, Американинг авиаташувчи кемалари, одатда, жуда яхши ҳимояланган. Дроннинг ўзи ҳеч қачон Америка авиаташувчи кемасини йўқ қила олмайди. Улар шунчаки жуда кичик. Аммо уларнинг кўп миқдори буни уддалаши мумкин.
Ҳақиқий хавф шундаки, фараз қилинг, сиз битта ёки юзта эмас, балки бир вақтнинг ўзида 500 та дронни Америка авиаташувчисига қарата учирдингиз. Ҳатто АҚШ улардан 450 тасини уриб тушира олган тақдирда ҳам, ҳали ҳам жуда кўп дронлар нишонга етиб боради», дейди профессор.
Эрон учира оладиган бу бир томонлама зарбдор дронларнинг кўлами нафақат инфратузилма ва объектларни, балки ҳақиқатан ҳам муҳим ҳарбий нишонларни, жумладан, АҚШ кемаларини ҳам уриш имкониятини яратади. Эрон, эҳтимол, бу дронларнинг чексиз миқдорига эга эмасдир.
Эронда қанча дрон бор?
«Эрон ихтиёрида аниқ қанча дрон борлигини билмаймиз, лекин уларда минглаб борлигини биламиз. Шунингдек, Россия ҳам бир неча ҳафтада ўзининг Shahed-136 нусхасидан мингта ёки ундан кўпроқ ишлаб чиқариш қобилиятига эга эканлигини биламиз. Эрон ҳам тахминан шундай миқёсда иш тутиш қобилиятига эга бўлиши мумкин.
АҚШ ва Исроил, шубҳасиз, уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини нишонга олмоқда, аммо Эроннинг кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари ер остида жойлашган ва бу тизимларни қуриш учун тижорат ишлаб чиқаришидан (оддий саноатдан) фойдаланиш мумкинлиги сабабли, буни деярли ҳамма жойда амалга ошириш мумкин», дейди Ҳоровит.
Профессорнинг айтишича, АҚШнинг Эронга қарши ўзининг биринчи аниқ оммавий тизими — LUCAS дронини қўллашни бошлаган. Лекин у ҳам ҳозирча оммавий тарзда ишлатилмаяпти.
Америка ҳарбий арсенали миқдордан кўра – сифатга асосланган. У дунёдаги энг яхшиларидан бири бўлган, оз сонли, қиммат ва ишлаб чиқариш қийин бўлган тизимларга эга бўлишга таянади. Аммо улар моҳиятан «эксклюзив» маҳсулотлар сифатида ишлаб чиқилган ва оммавий ишлаб чиқарилмаган. Муаммо шундаки, энди булар етарли эмас.
«Агар Эрон АҚШга қарата 35 минг долларлик дрон учираётган бўлса ва АҚШ уни – ҳар бир ўқи 1 миллион доллардан 4 миллион долларгача тушадиган қурол билан уриб тушираётган бўлса, нимадир нотўғри. Бу ерда харажатлар эгри чизиғи нотўғри йўналишда эканлигини тушуниш учун мудофаа бўйича режалаштирувчи бўлиш шарт эмас», дейди таҳлилчи.
АҚШ ва унинг Яқин шарқдаги иттифоқчилари сўнгги бир ойда Эроннинг аралаш ҳужумларини қайтаришда асосан Patriot қисқа ва ўрта масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ишлатмоқда. Patriot ракеталарининг ҳар бири бир неча миллион доллардан бошланади ҳамда самолётлар, қанотли ва баллистик ракеталарни якуний босқичда уриб туширади.
Эрон қандай қилиб бу қадар яхши қуролланди?
Эҳтиёж — кашфиётларнинг «онаси»дир. Эрон каби давлат минтақада кучли хавфсизлик таҳдидларини ҳис қилган. Бу қисман Эроннинг ўз мафкураси билан боғлиқ: агар сиз «Америкага ўлим» деб ҳайқириб юрсангиз, у ҳолда АҚШ ва минтақа давлатлари сизга берадиган баъзи саволларига тайёр туришингиз керак.
Эрон 1980 йилларда Ироққа қарши уруш олиб борди. Эрон йиллар давомида турли қўшнилари билан доимий тўқнашувларда бўлиб келди. Шундай қилиб, Эрон анча кенг ҳарбий арсенал яратди. У АҚШ ёки Исроилники каби яхши эмас. Аммо Эрон ушбу арзон, узоқ масофали ва аниқ уроладиган оммавий қуролларни ишлаб чиқишда кашфиётчи бўлди. Кейинчалик уларни Россия билан баҳам кўрди.
АҚШ қандай ҳимояланмоқчи?
АҚШда шунчалик катта пул сарф қилмасдан Эрон дронларидан ҳимояланишнинг йўли борми? АҚШда вариантлар бор. Фақат у ерга етиб бориш учун бироз вақт керак бўлади.
«Эҳтиёж – кашфиётларнинг онаси» бўлган яна бир давлат бу – тўрт йилдан бери Россия босқинига қарши турган Украинадир. Украина деярли ҳар куни Россиянинг ўнлаб Shahed (Геран) дронлари қурбони бўлмоқда. Шу сабабли у ҳам арзонроқ ҳаво мудофаа тизимларини жорий этишда кашфиётчилик қилди. Масалан, украинлар ўша 35 000 долларлик дронларни йўқ қилиш учун янада арзонроқ дронлардан фойдаланмоқда. Ҳатто баъзи ҳолларда Иккинчи жаҳон уруши услубидаги эски зенит қуролларини қўлламоқда.
Агар анча арзон бўлган учувчисиз дрон миллиард долларлик авиаташувчи кемани мағлуб эта олса, АҚШ уруш олиб бориш усулларини қайта кўриб чиқиши керак, юз фоиз.
Фақат ушбу нафис, қиммат ва ишлаб чиқариш қийин бўлган қуролларга таяниш режаси АҚШ учун энди етарли бўлмай қолди. Бу, айниқса, АҚШ дуч келиши мумкин бўлган Хитой ёки Россия каби энг мураккаб потенциал душманларга қарши урушда тўғри келади.
Қўшма Штатлар интилиши керак бўлган нарса, бу юқори ва қуйи кучлар аралашмаси – «high /low mix» деб аталадиган стратегиядир.
Майкл Ҳоровитнинг айтишича, баъзи юқори даражадаги тизимлар, масалан, Tomahawk ракеталари ва F-35 самолётлари каби технологиялар ҳам бўлиши керак. Шу билан бирга, ушбу арзонроқ тизимларнинг янги тўлқини ҳам бўлиши лозим. Уларга 50 йил давомида сақлаб қолинадиган нарса сифатида эмас, балки арзонроқ, бир марта фойдаланиладиган ва мунтазам равишда янгиланиб турадиган воситалар сифатида қараш керак.
Кейин авлод урушлари
Урушнинг характери ҳар доим ўзгарувчан. Мен буни Биринчи жаҳон урушида пулемётларнинг кенг миқёсда жорий этилиши каби деб ўйлаган бўлардим, дейди таҳлилчи. Бу урушнинг характерини тубдан ўзгартирган ҳолат эди.
Масалан, ўшандан кейин пулемёт ҳамма жойда учрайдиган қуролга айланди. Ҳамма пулемётга эга эди. Кейин Иккинчи жаҳон урушида жангларга таъсир қилган қурол – танклар бўлди. Ва ўшандан бери ҳамма жойда танклар бор.
Россия-Украина уруши ва Эрон билан бўлаётган урушда бизлар ҳозир кўраётган нарса — бу бир томонлама зарбдор дронлардир. Гап шундаки, улар ҳарбийлар учун керак бўлган ягона нарса эмас, лекин улар энди келажакдаги арсеналнинг ажралмас қисми бўлади. Агар сизда улар бўлмаса ёки улардан ҳимоялана олмасангиз, демак, катта муаммога дуч келасиз.