Light | 10:10 / 30.10.2017
35128
7 дақиқада ўқилади

Қайси мамлакатда таълим олган маъқул - АҚШдами ёки Буюк Британияда?

Фото: Getty Images

Америка ва Буюк Британия олий таълим муассасалари (ОТМ) анъанавий тарзда барча университетлар рейтингларини бошқариб келади. Бу икки мамлакатдаги таълим тизими нимаси билан бошқалардан ажралиб туради? Forbes шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Аксарият АҚШ ёки Буюк Британияда таълим олишни хоҳлайди ва бу тўлақонли асосга эга: жаҳон университетлари рейтингида топ-10'нинг тўрт олий таълим муассасаси Британияда, бештаси - Штатларда. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, АҚШ нафақат асосий предметлар, балки фикрлаш ва мантиқ мослашувчанлигига  йўналтирилган гуманитар фанларни ҳам қамраб олувчи нисбатан кенг таълим беради. Буюк Британия олий таълим даргоҳлари эса тор ихтисослашган, "чуқур" таълим беради - барча фанлар у ёки бу даражада асосий мутахассисликка боғлиқ бўлади. Университетларга киришнинг ўзига хос жиҳатларидан бири ҳам шундадир - агар Штатларда таълим жараёнининг иккинчи йили охирида мутахассисликни танлаш мумкин бўлса, Британия ОТМларида бу киришнинг ўзидаёқ ҳал қилинади.

 

Мутахассисликлар

Буюк Британия ОТМлари табиий фанлар соҳасида, айниқса кимёвий муҳандислик, тиббий кимё, биокимё, шунингдек санъат ва дизайн соҳасидаги таълимда етакчилик қилади. Агар сиз молия соҳасида таълим олишни ва ўз бизнесингизни юритишни истасангиз, энг аввало Америка ОТМларига диққатингизни қаратинг. Етаки таълим даргоҳлари салоҳиятли сармоячилар, ишбилармонлар, жаҳон компаниялари вакиллари билан учрашувлар ташкиллаштиради. Дарвоқе, битирувчиларнинг ишга жойлашишига доир жаҳон рейтинги - QS Graduate Employability Ranking 2017'да АҚШ ОТМлари етакчилик қилади. Рейтинг беш асосий жиҳатларга кўра тузилган: иш берувчиларнинг нуфузи, иш берувчи компаниялар билан ҳамкорлик, компания ва университетнинг ўзаро ҳамкорлиги, битирувчиларнинг ишга жойлашиш даражаси ва муваффақиятга эришиши. Британия ОТМлари ҳам рейтингнинг етакчи ўринларини эгаллаган, бироқ энг яхшилар ўнлигига фақат Оксфорд ва Кембриж университетлари киради.

Фото: Getty Images

Баҳолаш тизимлари

АҚШда билимлар ўқиш жараёни давомидаги уйга берилган вазифалар, имтиҳонлар ва курс ишлари даражасига қараб баҳоланади, яъни курс охирида имтиҳонда олган баҳоингиз - бу сизнинг умумий баҳоингизнинг таркибий қисми, унинг "вазни" кўпинча якуний баллнинг 0,5 фоизи ёки ундан камроқни ташкил қилади. Буюк Британия учун эса, аксинча, классик сессиялар хос: ҳар йилнинг охирида талабалар барча ўтилган мавзулар бўйича имтиҳон топширишади, аксарият ҳолларда курс маърузаларга асосланган, имтиҳондаги баҳо эса якуний бўлади. Буюк Британияда 10  баллик баҳолаш тизими жорий этилган, аттестациянинг энг паст даражаси - 50 балл. АҚШда баҳолар тизими 5 балли ва у ҳарфлар орқали акс эттирилади (A'дан F'гача). Бироқ энг муҳим кўрсаткич — рақамлар орқали ифодаланувчи ўртача GPA (Grade Point Average) балл.

 

Таълим баҳоси

Кўпчилик Буюк Британияда ўқиш АҚШга нисбатан бир неча баробар арзон деб ҳисоблашга одатланган (Британия университетларининг бакалавр дастурлари, қоидага кўра, йилига 40 минг доллар, Американинг Ҳарвардида эса бу кўрсаткич 65 минг долларни ташкил этиши мумкин). Бироқ Буюк Британияда, АҚШдан фарқли ўлароқ, бу суммага яшаш жойи, овқатланиш ва таълим жараёнининг 50 фоизини ташкил қилиши мумкин бўлган ўқув материаллари кирмайди. Натижада фарқ у қадар катта бўлмайди. Яна шуни инобатга олиш керакки, Буюк Британияда хориж фуқаролари кўпинча таълимнинг бутун пулини тўлашади, АҚШда эса бунга доир кенг миқёсли стипендия дастурлари бор, булар сизнинг таълим харажатларингизни камайтириши ёки уларни бутунлай қоплаши мумкин, шунингдек АҚШ ОТМлари таълим кредитларини фаол тақдим этишади. Бундан ташқари, Ҳарвард, Йель ва бошқа университетларда таълим пулини тўлай олмайдиганлар учун махсус дастурлар мавжуд: агар абитуриент ёки ота-онасининг даромади йилига 75 минг доллардан кам бўлса, бундай ОТМлар таълим жараёнини 100 фоиз молиялаштиради.

Фото: Getty Images

Таълим муддатлари

АҚШда таҳсил олиш муддати, қоидага кўра, бакалавриатда 4 йилни, магистратурада 2 йилни ташкил қилади. Буюк Британияда - бакалавриат даражасини олиш ўртача 3 йил давом этади, магистратурани эса бир йилда тугаллаш мумкин. АҚШ ва Буюк Британия университетларидаги ўқув йили ҳам турличадир. АҚШда у семестрларга ажратилган: кузги, баҳорги ва қўшимча ёзги. Ўқув йили августда бошланиб, июнда тугайди. Буюк Британия университетларида триместрлар тизими мавжуд. Биринчи қишқи триместр сентябрдан декабр охирига қадар давом этади. Триместрнинг энг қисқаси - баҳорги, у январь ойидан мартга қадар давом этади. Ёзги триместр - апрелдан июлгача.

 

Кимлар кўпроқ имкониятга эга?

Ўқиш ва турли фаолликларни уйғунлаштирувчи, ижтимоий ҳаёт, спортда фаол иштирок этувчи, лойиҳалар яратиб, уларни амалга оширувчи, етакчилик хусусиятларини намоён қилувчи кишиларнинг АҚШ университетларига кириш имкони кўпроқ бўлса, Буюк Британия ОТМларида, энг аввало, академик билимлар ва бўлғуси талабага айнан танланган касбда муваффақиятли бўлишга ёрдам берувчи фазилатларнинг мавжудлиги қадрланади. Яққол мисол - Штатларда ҳам ўқув, жамоатчилик ва спорт фаолиятлари учун алоҳида стипендиялар бор, Буюк Британияда эса - фақат яхши ўқиш учун.

Фото: Getty Images

Университетни тугаллагандан сўнг

Сиз АҚШ университетини танлайсизми ёки Буюк Британияникиними, бу шахсий ва профессионал ривожланиш учун ажойиб инвестиция. Университет танлови сизнинг мақсадларингиз ва профессионал қизиқишларингиздан келиб чиқиши керак. Кириш жараёнининг ўзидаёқ карьера ривожи траекториясини аниқ белгилаб олган бўлсангиз, Буюк Британияда ўқиш бирор муайян соҳада нисбатан тор билимлар олиш имконини беради. АҚШдаги таълим мослашувчанликка ўргатади ва муайян даврга қадар ўзингизни турли соҳаларда синаб кўриш имконини беради. Бундан ташқари, америкалик талабалар кейинчалик ишга жойлашиш учун зарур амалий тажриба олиш борасида кўпроқ имкониятларга эга бўлади. Ўқишни тугаллаб, ўз ватанига қайтиб ишлашни режа қилганлар буни инобатга олиб қўйишлари керак.

Хориж меҳнат бозорида иш излаш ниятида бўлганлар эса, мамлакатда ишга жойлашишнинг қандай имкониятлари мавжуд эканлиги, шунингдек хорижий битирувчилар учун виза чекловларига эътиборли бўлишлари керак. Масалан, АҚШда университетни тугаллаган битирувчиларга 12 ой давомида ишлаш имконини берувчи OPT (Optional Practical Training) дастури мавжуд. Британия ОТМ битирувчиларига бироз қийинроқ бўлади - улар атиги 2 ой ичида янги иш излаб, янги ишчи виза расмийлатиришлари керак.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид