Иқтисодиёт | 11:17 / 29.11.2024
10194
11 дақиқада ўқилади

Россия рубли қадрсизланмоқда: бунинг сабаблари нимада?

Россия Марказий банки 28 ноябр куни валюта курсларига ўзгартириш киритиб, долларни 108 рублдан юқори, еврони эса 113 рублдан қиммат баҳолади. Бир кунда доллар 3 рублга, евро эса 2,6 рублга ошди. Гарчи ҳукумат ҳозирча рублни қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмаган бўлса-да, Россия Марказий банки айрим операцияларни тўхтатиб қўйган.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС / Profim

Хўш, доллар қанчадан бўляпти ўзи?

Ҳаммаси уни қаерда сотиб олишга боғлиқ. Россияда «нодўст» валюталар билан биржа савдоси йўқлиги сабабли, чоршанба кунги биржа саросимасида ахборот воситалари асосан Forex бозорини кузатди. У ерда котировкалар энг юқори даражага етди. Forex турли савдо майдончалари, асосан Лондон биржаси ICE маълумотларини жамлайди. Россиялик иқтисодчилар бу бозорни ишончсиз, деб баҳолайди. Чунки бу ерда талаб ва таклиф манбалари аниқ эмас.

«Т-Инвестиции» компанияси бош иқтисодчиси Софя Донецнинг фикрича, энг ишончли индикатор — бу Москва биржасида ҳали ҳам савдолашилаётган юан курси. Чоршанба куни юан 15 рублгача қимматлашди, бу 2022 йил март ойидаги даражага тенг, аммо аҳвол кейинроқ «сирли сотувчи»нинг саъй-ҳаракатлари туфайли барқарорлашди. Юанга кўра доллар курси ҳисобланганида у тахминан 108 рублни ташкил этади. Бу эса Россия Марказий банки расмий курсларига мос қиймат.

Россия Марказий банки валюталар курсини бошқачароқ ҳисоблайди. У «биржадан ташқари бозор» маълумотларига таянади, бу ерда Россия банклари, брокерлар ва бошқа молиявий ташкилотлар ўзаро савдо қилади. Чоршанба куни у ердаги динамика ҳам Forex билан ўхшаш бўлган: доллар 114 рублгача, евро эса 120 рублгача қимматлашган. Аммо РМБ савдолар ҳажмини ёздан буён махфийлаштириб келаётгани учун бу маълумотларга ҳам ишониб бўлмайди.

Яна бир индикатор — доллар/рубл жуфтлиги бўйича фючерслар. Унга кўра, чоршанба кунги энг юқори нуқтада доллар 110 рублга чиққан, кейин эса 106 рублгача арзонлашган.

Энг осон, бироқ ишончли бўлмаган индикатор — бу банклардаги айирбошлаш курслари. Москва банклари долларни 108 рублдан 115 рублгача сотиб олишни таклиф қилмоқда.

Доллар 100 рубл эди. Ўзи нима ўзгарди?

Бозор бунақа тез ўзгаришни аномал ҳолат деб баҳоламоқда. Иқтисодчилар ҳаттоки октябр ойида ҳам доллар курси 94,5 рубл бўлишини тахмин қилишган ва бу қадар кескин кўтарилишини кутишмаганди. Аммо шундан буён вазият ўзгарди: хорижий валюта танқислиги ойига 2–4 миллиард доллар деб баҳоланмоқда ва «идеал тўфон» бошланди:

  • Экспортчилар ички бозорда валюта сотишни қисқартиришди. Бу ҳолат кўпинча ҳукуматнинг янги қарори билан боғланмоқда. Қарорга кўра, энди экспортчилар даромадларининг фақат 25 фоизини валютага алмаштиришлари мумкин. Бошқа версияга кўра, санкциялар сабабли экспортчилар кўпроқ валюта сотиш имкониятига эга эмас. Иқтисодчи Дмитрий Полевойнинг фикрича, ушбу қоидаларни ўзгартириш курсга таъсир қилмаслиги ва фақат бизнесга зарар етказиши мумкин.
  • Нефт нархи тушиб кетди. Куз бошида Яқин Шарқдаги можаро туфайли Brent маркали нефтнинг бир баррели 80 доллардан савдолашилган эди. Ҳозирда можаро томонлари сулҳга эришиш учун ҳаракат қилишмоқда, АҚШ президенти этиб сайланган Доналд Трамп эса нефт қазиб олишни кўпайтириш режасини баён қилди. Бу хабарлар нефт нархини 73 долларга тушириб юборди.
  • Импортга талаб ортди. Куз фаслида бизнес «Қора жума» каби чегирмалар мавсумига тайёргарлик кўрган бўлса, энди янги йил учун товарларни захиралашга ўтди. Бу ҳолат хорижий валютага бўлган талабни кучайтирди.
  • АҚШ янги санкциялар жорий қилди. Газпромбанк дохил 50 дан ортиқ банк санкциялар остига тушди. Бу банклар SWIFT тизимига уланган ва Россия энергия ресурсларини экспорт қилиш тўловларини таъминлаб турган асосий манба бўлган. ВТБ раиси ўринбосари Дмитрий Пяновнинг фикрича, муқобил валюта оқимларини ташкил қилиш ҳозирда бош регуляторнинг асосий вазифаси бўлиши керак.
  • Россия сўнгги 36 йилда илк бор ўрта масофага мўлжалланган ракета ишлатди. Ўтган ҳафта Владимир Путин АҚШ ва Буюк Британия қуроллари билан Курск ва Брянск областларига зарба берилганини тан олди. Бунга жавобан Россия мудофаа вазирлиги «Орешник» гипертовушли баллистик ракетаси билан Днипро шаҳрига зарба берди. Райффайзенбанк буни «мураккаб геосиёсий вазиятнинг янги босқичи» деб таърифлади ва бу ҳолат рублни мустаҳкамлаш имкониятини чекланган миқёсда сақлаб қолиши мумкинлигини таъкидлади.

Доллар ва евро юқорига, рубл эса пастга

Москвадаги валюта алмаштириш пункти. 2024 йил 27 ноябр
Maxim Shemetov / Reuters / Scanpix / LETA

Сентябр бошидан бери рублнинг долларга нисбатан қадрсизланиши 20 фоизга етди, деб ҳисобламоқда BBC нашри Россия Марказий банки маълумотларига таянган ҳолда. Ноябр ойининг бир неча ҳафтаси давомида доллар рублга нисбатан 11 фоиздан ортиқ қимматлашган. Евро эса сентябр бошидан бери 14 фоизга ошган.

Гап фақат расмий курслар ҳақида кетмоқда. Банк иловаларида доллар 110 рублдан қимматроқ, лекин нархлар орасида катта фарқ мавжуд. Масалан, «Т банк» иловасида долларни 118 рублга сотиб олиш мумкин, Райффайзенбанкда эса — 112 рубл (уларнинг офисида эса доллар янада қимматроқ — 117 рубл). Фақат «Сбербанк»да доллар курси Марказий банк курсига мос келади — 108 рубл.

Доллар Forex каби савдо майдонларида ҳам қимматламоқда.

Ҳозир доллар ва евро билан Москва биржасида савдо қилинмаяпти. Биржанинг ўзи ва унинг инфратузилмасига қарши санкциялар жорий қилинганидан кейин савдолар тўхтатилган. Марказий банк эса доллар ва евро курсларини банклараро статистика асосида белгиламоқда.

Бироқ, Москва биржасида юан савдоси давом этмоқда. Ноябр ойи давомида юан ҳам рублга нисбатан кескин қимматлади. Ой бошида юан тахминан 13 рубл бўлган бўлса, чоршанба куни 15 рублдан ошди. Бироқ куннинг иккинчи ярмида Россия Марказий банки баёнотидан сўнг юан бироз арзонлашишни бошлади.

Чоршанба куни кечқурун Россия Марказий банки рубл қадрсизланишини тўхтатиш учун чоралар кўрди. Регулятор икки муҳим қарор қабул қилди:

28 ноябрдан йил охиригача Марказий банк бюджет қоидалари доирасида валюта харид қилишни тўхтатди. Илгариги харидлар рубл қадрсизланишига ҳисса қўшган бўлса-да, бу омил асосий рол ўйнамаслиги таъкидланмоқда.

Рубли харид қилиш ва валюта сотиш амалиётлари давом этади. 2023 йил учун тўхтатиб турилган операциялар қайта бошланади. Бу чора ҳам рубл қадрсизланишини тўхтатиши мумкин, бироқ бунинг таъсири чегараланган бўлиши кутилмоқда.

Ҳозирги вақтда фақат Марказий банк рубл пасайишини тўхтатишга жиддий уриниш кўрсатмоқда. Илгариги даврларда ҳукумат доллар 100 рублдан ошиб кетганда тезкор чоралар кўрган ва экспортчиларни валюта тушумларининг катта қисмини ички бозорда сотишга мажбур қилганди. Ҳозир эса бу талаб 25 фоиз даражасида қолмоқда ва уни ошириш бўйича ташаббуслар кўринмаяпти.

Иқтисодчилар фикри

Иқтисодчи Дмитрий Полевойнинг фикрига кўра, ушбу талабни ошириш аввалгидек самара бермаслиги мумкин, балки фақат бизнес учун қийинчиликлар келтириб чиқаради. Унинг таъкидлашича, асосий муаммо кучсиз рубл эмас, балки курснинг юқори ўзгарувчанлиги (волатиллик).

Рублни қўллаб-қувватлаш учун бошқа чоралар сифатида қайта молиялаш ставкаси оширилиши ва хорижга пул ўтказмаларини чеклаш таклиф қилинмоқда.

Баъзи таҳлилчилар Марказий банк декабр ойида ставкани кўтаришини кутишмоқда. Бунда мақсад нархлар ўсиш суръатларини пасайтириш бўлади. Бироқ, ҳозирча Марказий банк юқори ставка учун танқид қилинмоқда ва бу қарор фақат директорлар кенгашининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.

Рубл қадрсизланиши импорт маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш учун зарур хомашё нархларини ошириб, инфляцияни кучайтириши мумкин. Ноябр ўрталарида инфляция йиллик кўрсаткич бўйича 9 фоизга яқинлашди. Асосий ставка оширилганига қарамай, нархлар ўсиши ҳали ҳам юқори даражада қолмоқда. ВТБ раиси биринчи ўринбосари Дмитрий Пяновнинг таъкидлашича, рубл қадрсизланиши инфляцияга кутилганидан кўра кўпроқ таъсир қилиши мумкин.

РФ Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковга кўра, рубл пасайиши фундаментал омиллар билан боғлиқ эмас. Унинг фикрича, долларнинг жаҳон валюталарига нисбатан қувватланиши ва санкциялар фонида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари хавотирлари рублга таъсир кўрсатмоқда.

Ҳозир рубл баҳоси 2022 йил баҳоридаги — урушнинг илк ойлари ва Россия иқтисодиётидаги қўрқув ва тушкунлик давридаги паст кўрсаткичларга яқинлашмоқда.

«Алфа-банк» бош иқтисодчиси Наталия Орлова рубл қадрсизланишини асосан экспортчиларнинг мавсумий валюта сотуви камайиши билан изоҳлайди. Илгари, ой охирида экспортчилар бозорга катта ҳажмда валюта чиқаришарди, аммо 21 ноябрда АҚШнинг «Газпромбанк»ка нисбатан жорий этилган санкциялари бу механизмни издан чиқарган, дейди у.

Унинг фикрича, импортчилар ҳозир ҳам кўпроқ валюта сотиб олмоқда, чунки янги йил байрамлари олдидан товарлар захираси учун маблағ зарур. Бироқ санкциялар туфайли бозорда валюта таклифи чекланган. «Бу валюта бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги техник нотенглик ҳосил бўлганини кўрсатиб, курс шиддатли ўзгаришини тушунтиради», — дейди Орлова.

БКС компанияси таҳлилчилари рубл пасайишини экспорт ва импорт учун тўлов механизми бузилиши ва геосиёсий хавфлар кескин кучайиши билан изоҳлашмоқда. Уларга кўра, ҳозирги вазиятда сармоядорларнинг қўрқуви ошиб, рубл келажагига танқидий кўз билан қараш кучаймоқда.

Аналитиклар рубл тикланиши ҳар қандай пайтда бошланиши мумкинлигини таъкидлаб, Марказий банкнинг асосий ставкаси яна кўтарилиши ва ҳукумат томонидан аралашувни кутишмоқда.

Шу билан бирга, иқтисодчилар уларнинг прогнозлари фақат шокка туширувчи янги жиддий воқеалар юз бермаган ҳолатлардагина амал қилишини эслатиб ўтишмоқда. Чунки 2022 йилдан бери рубл курсига асосан бозордан ташқари омиллар таъсир ўтказмоқда.

Масалан, 2022 йил март ойидаги курснинг кескин пасайиши — санкциялар; 2023 йил ёзидаги пасайиш — Евгений Пригожин исёни; бир йилдан кейин эса Украина қўшинларининг Курск областидаги амалиёти рублнинг янада қадрсизланишига сабаб бўлган эди.

Мавзуга оид