Жамият | 20:17 / 01.10.2019
69979
2 дақиқада ўқилади

ТИВ: Нодира Қодированинг ўлими билан боғлиқ вазият назорат остида

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси 23 ёшли Нодира Қодированинг Анқарадаги шубҳали ўлими билан боғлиқ вазият назоратга олинганини маълум қилди.

«Анқара шаҳри прокуратураси маълумотига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хусусан, гувоҳлар сўроқ қилинмоқда, телефон суҳбатлари ва электрон ёзишмалар мазмуни ўрганиляпти», – дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Таъкидланишича, тергов органлари суд-тиббий экспертизаси хулосасини кутишмоқда.

«Шунингдек, элчихона ходимлари Туркиядаги ўзбек диаспораси вакилларининг мазкур масаладаги саволларига жавоб беришмоқда», деб қўшимча қилинган ТИВ расмий билдиришида.

Эслатиб ўтамиз, Нодира Қодирова 23 сентябрь оқшомида Буюк миллат мажлиси депутати Ширин Уналнинг уйида депутатнинг тўппончаси билан ўзини отиб қўйган. У бу хонадонда бир йилдан буён оқсоч бўлиб ишлаб келаётган эди.

Нодиранинг акаси ва дугоналари у ўз жонига қасд қилишдан олдин жинсий зўравонликка учраган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Туркия парламентидаги мухолиф партия депутати Сера Кадигилнинг сўзларига кўра, «жамоатчилик кўнгилсиз ҳодиса ҳукмрон партия депутатининг уйида содир бўлгани боис ёпди-ёпди қилиняпти, деган фикрга бормоқда». У Адлия вазирига бир қатор саволлар билан депутатлик сўрови юборган.

Мавзуга оид