Жаҳон | 23:31 / 24.09.2020
54570
10 дақиқада ўқилади

Саволлар ҳали жавобсиз: Нодира Қодированинг шубҳали ўлимига бир йил бўлди

2019 йил 23 сентябрда Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси депутати Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида ўзбекистонлик Нодира Қодирова сирли равишда ўлим топганига бир йил бўлди. Ўтган вақт давомида бу иш бутунлай «тинчиб» кетмади, аксинча, у ёки бу сабаб билан муҳокама мавзусига айланишда давом этди ва ҳали-ҳамон баъзи саволлар очиқлигича қолмоқда.

Хўш, Нодира Қодирова иши билан боғлиқ нималар маълум? Воқеалар ривожи қай тарзда давом этди? Ишга сўнгги ҳукм-хулоса ясалдими? Қуйида шу ҳақда. 

Сирли ўлим
Ўзбекистон фуқароси, 23 ёшда бўлган Нодира Қодирова Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида 2019 йил 23 сентябрь куни кечқурун жонсиз ҳолда топилганди. У бу ерда қарийб бир йилдан буён ишлаб келаётганди.

Ушбу ҳодиса Анқара полиция бошқармаси томонидан «қурол билан ўз жонига қасд қилиш» деб баҳоланди. Аммо гувоҳларнинг бир-бирига мос келмайдиган кўрсатмалари, Нодира Қодированинг яқинлари томонидан билдирилган муносабатлар ишнинг «қоронғи» томонлари мавжудлигига ишора қиларди. 

Масалан, Қодированинг яқин дугонаси Лайло Ниёзованинг марҳума билан сўнгги суҳбати марҳуманинг воқеадан бир кун аввал депутат Уналнинг жинсий тазйиқига учрагани билан боғлиқ айбловларни ўртага чиқарди.

Нодиранинг акаси Муҳаммадали Қодиров эса BBC ва бошқа матбуот вакилларига берган интервьюсида синглисининг ўлдирилганини айтганди.

Ўз навбатида, депутат Унал содир бўлган воқеа юзасидан Туркия Буюк Миллат Мажлисида қилган очиқламасида марҳуманинг психологик муаммолари бўлганини айтганди. Унал ўшанда ўз нутқида бармоқ изларини топширганини айтиб, зиммасидаги барча вазифаларни бажаришини билдирган, аммо жинсий зўравонлик ҳақидаги айбловлар юзасидан ҳеч нарса демаганди.

Воқеа қандай содир бўлган?
Анқара полиция бошқармаси баёнотига кўра, воқеа рўй берган пайтда Унал ва унинг рафиқаси, қизи ва бошқа ёрдамчилари уйда бўлган.

Анқара Бош прокуратураси баёнотида эса Қодирова турган хонанинг эшиги қулфланган ҳолда бўлгани учун хавфсизлик ва тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан эшик бузиб кирилгани ва у касалхонага жўнатилгани айтилади.

Нодиранинг акаси Муҳаммадали воқеадан беш дақиқа олдин Ширин Унал билан гаплашгани ва воқеа содир бўлган жойга етиб боргани, полиция томонидан ичкарига қўйилмагач, Билкент шаҳар касалхонасида синглисининг ўлимидан хабар топганини айтган.

Текширув натижалари қандай хулоса беради?
Анқара Бош прокуратураси тергов жараёни ҳақида 2019 йил 2 октябрда баёнот берган. Бармоқ излари ва текширувлари учун зарур бўлган намуналар воқеа содир бўлган жойда яшаган барчадан, шу жумладан, депутат Ширин Уналдан ҳам олингани маълум қилинди.

Баёнотда отопси (ўлим сабабини аниқлаш мақсадида жасадни текшириш) натижасида олинган илк текширувда «марҳум кўкрак қафаси ҳудудидан 5-6 см баландликдан ўқ отилиши натижасида жон бергани аниқланди», дейилган.

Шунингдек, «отопси пайтида суд тиббиёти институтидан тирноқ, анал, қон ва барча бионамуналарни олиб, керакли текширувлар ўтказиш учун рухсат сўралгани» маълум қилинган. Қодировага тегишли деб билинган «мобил телефон, қайд дафтари ва ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ёзувлар» текшириш учун олингани айтилган.

Қодированинг адвокати, профессор-доктор Илёс Дўғаннинг айтишича, «воқеа жойидаги далиллар синчковлик билан тўпланмаган».

Анқара бош прокуратураси март ойида Қодирова «ўз жонига қасд қилди», деган хулосага келган ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос йўқлиги ҳақида қарор чиқарган. Мазкур қарорда «Отопси маълумотномаси мазмунидан ҳам англашиладики, Нодира Қодировага қарши жинсий зўравонлик ўтказилмаган», деб ёзилган. Иш юзасидан прокуратура гумонланувчини жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисида қарор қилган.

Иш билан боғлиқ қандай шубҳали ҳолатлар мавжуд?
Тўппончада нега бармоқ излари йўқ?
Ҳодиса билан боғлиқ шубҳали ҳолатлардан бири Ширин Унал номи билан рўйхатга олинган ва Қодированинг ўлимига сабаб бўлган «Беретта» маркали ярим автомат тўппончада ҳеч қандай бармоқ изи топилмагани эди.

Анқара хавфсизлик дирекциясининг жиноят жойини текшириш бўлими томонидан прокуратурага юборилган ва прокуратуранинг «жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарори»га киритилган ҳисоботда «воқеада фойдаланилган «Баретта» маркали қуролда ҳеч қандай бармоқ излари топилмагани» қайд этилган.

Адвокат Дўған тўппончада бармоқ излари йўқлиги хусусида гумонларини билдирган. «Икки эҳтимол бор: биринчиси, қўлқоп кийиб ўқ узилган бўлиши мумкин, бундай ҳолда бармоқ изи чиқмайди. Ўлган одамда қўлқоп йўқ, унинг хонасида ҳам йўқ. Иккинчиси, ўқ узилгандан сўнг бу излар йўқотилган бўлиши мумкин», деганди у.

Уналнинг адвокати Караман эса бу масалада унинг мижози «бармоқ излари ва алмаштириш намунасини беришга мажбур бўлмагани ҳолда уларни бергани»ни айтганди.

Ўлим маълум қилинган вақтдан олдин содир бўлганми?
Яна бир шубҳали ҳолат ўлим вақти билан боғлиқ. Қодированинг ўлимидан 5 соат сўнг ўтказилган экспертизада ўлим соати 3-3,5 соат олдин содир бўлган бўлиши мумкинлиги айтилган. Бу эса Қодированинг ўлим вақти у маълум қилинган вақтдан олдин содир бўлгани ҳақидаги эҳтимоллар юзага чиқишига сабаб бўлади.

Ўлим ҳолати 2019 йил 23 сентябрь куни соат 20:56да рўй бергани, ўқ эса Италияда ишлаб чиқарилган «Баретта» русумли 92S моделидаги ярим автоматик тўппончадан узилгани маълум қилинган. Бу ҳақда Анқара полиция бошқармаси Жиноят ерини текшириш бошқармасининг бармоқ изларини текшириш бўлимининг 2019 йил 29 сентябрдаги ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда «Баретта» русумидаги қуролда бармоқ изини аниқлаб бўлмагани» маълум қилинади. Анқара полиция жиноий лабораториясининг биологик экспертиза бўлими директорлигининг 2019 йил 1 октябрдаги ҳисоботида эса Нодира Қодирова ва Ширин Уналнинг қўлларида ўқ кукунлари мавжуд эмаслиги айтилган эди.

Қодированинг эгнидаги устки кийимнинг чап олдинги кўкрак қафаси соҳасидаги тешик атрофида ўқ кукунлари топилгани ҳақидаги ҳисоботда кукунларнинг тарқалиш зичлигига кўра, ўқ маълум бир масофадан узилган, деган хулосага келинган. Шунингдек, тўппонча тиргагидан ва воқеа жойидаги иш столи ёнида полда ётган калит сиртидан олинган қолдиқ намуналари гилам юзасидан олинган қон намуналари билан мослиги ва улар аёл генотипига мансублиги аниқланган.

Прокуратура манбалари қуролда бармоқ излари йўқлигини ўша пайтда қизнинг қўли терлагани билан, ўқ кукунлари аниқланмаганини эса тўппонча ўқланган ҳолда қолгани билан изоҳлади.

Анестетик доривор моддалар манбаси маълум эмас
Прокуратура қарорида келтирилишича, Анқара суд тиббиёти кимёси ихтисослиги бўлимининг 2019 йил 1 сентябрдаги ҳисоботида Қодированинг қонидан олинган намуналар текширилган ва унинг қонида 1213нг/мл прилокаин, 2нг/мл лидокаин ва 80нг/мл кетамин миқдори топилган. Аммо жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарорда локал ва умумий беҳушлик учун ишлатиладиган ушбу дориларнинг манбаси ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Ушбу анестетик доривор моддалар Нодира Қодировага биринчи ёрдам кўрсатиш жараёнида ишлатилганми ёки йўқми, бу ҳақда ҳам тафсилотлар мавжуд эмас.

«Ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қоладими?»

Нодира Қодированинг турк депутати уйида ўз жонига қасд қилиши ҳолати Туркия парламенти кун тартибига ҳам киритилган, масала юзасидан депутат Сера Кадигил Адлия вазирига депутатлик сўрови юборганди.  

Прокуратуранинг гумонланувчини судга тортмаслик тўғрисидаги қарори 24 июль куни Уналнинг Аё Софиядаги намоздан сўнг қолдирган твити туфайли яна кун тартибига чиқди. Унинг твитига журналистлар, адвокатлар, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва бошқа ижтимоий медиа фойдаланувчилари «#NadirayaNeOldu» (Нодирага нима бўлди?) саволи билан жавоблар ёзишди.

Қодированинг онаси ҳам қизининг ўлимидан сўнг ўғлининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирилган видео орқали кўз ёшлар билан Ширин Уналга мурожаат қилади. «Қотил Ширин Унал, сенинг бу дунёда яшашга ҳаққинг йўқ. Аллоҳим сенинг жазойингни берсин. Сен менинг қизимни ўлдирдинг. Фариштадай, малак қизимни сен ўлдирдинг», дейди она оғриқ ва изтироб билан.

Нодиранинг онаси томонидан қилинган ушбу видеомурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг Унал ўзининг твиттердаги аккаунтини қулфлаб қўяди.

Жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарорга нисбатан «жинсий зўравонлик» ва «қотиллик» апелляция даъвоси киритилган бўлиб, аризада «жинсий зўравонлик жинояти мавжуд» экани айтилган бўлиб, унда «Ушбу жиноятни содир этган шахс Ширин Уналдир» деган фикр баён этилган.

Май ойида Нодира Қодирова ишини судга тортмаслик тўғрисидаги қарор устидан берилган апелляция рад этилди.

Шундан кейин адвокат Дўған мазкур иш билан боғлиқ ҳужжатни Конституциявий судга топширган. Унинг айтишича, ҳужжат ҳали ҳам Конституциявий суднинг дастлабки тергов босқичида ва у ҳамон қайтадан кўриб чиқиш босқичига ўтказилмаган.

Саволлар эса очиқ қолмоқда: Нодира ўзини ўлдирганми, ўлдирилганми ва ёки ўз жонига қасд қилиш ҳолатига олиб борилганми? Прокуратура ишни «ўз жонига қасд қилиш» деб ёпган, аммо бунга  ишонмайдиганлар ҳали ҳам кўп.

Мавзуга оид