Жамият | 19:00 / 18.06.2021
13711
5 дақиқада ўқилади

Туркияда тадбиркорлик қилиш, эркак ва аёллар учун маошлар – Истанбулдаги ўзбек тадбиркори билан суҳбат

UzbekLife хориждаги ватандошларимиз билан турли мавзуларда подкастлар ўтказишни йўлга қўймоқда. Илк суҳбатдошимиз Туркиянинг Истанбул шаҳрида бир неча йиллардан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Бекназар Раҳматов.

Суҳбатимиз Истанбулда хорижликларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши, иш топиш, мамлакатга келишдан олдин нималарга тайёр бўлиш ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Туризм соҳасида фаолият кўрсатяпман

Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Дўстлик туманида туғилганман. Аввал кутубхоначи бўлиб ишлаганман. Иш жойимдаги баъзи масалалар туфайли ҳаётимни ўзгартиришга қарор қилдим. Аввал Россия давлатига кетиб, ўша ерда ишлашни ният қилдим. Кейинчалик эса Туркияга келдим. Бу ерга келганимда илк қилган ишим хорижликлар билан шуғулланадиган ширкатда бўлди. Бир йил давомида ҳужжатларни тўғрилаш, депортация ишлари, яшаш рухсатномаси учун қилинадиган ҳужжатларни тайёрлаш жараёнларида ишладим.

Айни пайтда туризм соҳасида фаолият кўрсатяпман. Аниқроғи, ўзбекистонлик тадбиркор томонидан очилган авиакассани юритяпман. Айни пайтда бу ширкатни янада кенгайтириш ишларини олиб боряпмиз.

Тадбиркор Бекназар Раҳматов

Бир кунда ширкат очиш имкони йўқ

Бу ерда бир кунда ширкат очиш имкони йўқ. Анча жиддий масала сифатида қараш лозим. Кичикроқ тадбиркорлик субъекти очиш осондир, аммо менинг йўналишимда бироз қийинчилик бор. Оддий лицензия бериш учун ҳам махсус ходимлар такрор-такрор ишхонангизга келади, текширувлар ўтказади. Молиявий имкониятларингиз, яратаётган ишчи ўрнингизни ҳам кўздан кечиришади. Чипта сотиш учун очилган сайтингизни ҳам алоҳида назоратдан ўтказишади.

Бу пулни Ўзбекистонда ҳам топа оламан, деб ортига қайтиб кетяпти

Одамлар орасида “Туркияда аёлларга кўп, эркакларга эса кам ойлик беради”, деган гап юради. Масалан, аёллар 500 АҚШ доллари, эркаклар эса 300 АҚШ доллари миқдорида ойлик олади. Эркаклар эрталаб ишга бориб, кеч соатларда қайтиб келади. Аёлларимиз эса ҳафтада 1 кун дам олишга чиқади, қолган кунлари 24 соат ишлайди (таҳ. Туркиядаги мигрант аёлларнинг кўпчилиги қарияларга ёки болаларга энагалик қилади). Аслида аёлларимизнинг меҳнатига ойлик оз. Иши эса қийин. Мен шундай деб ҳисоблайман.

Саволингизга тўхталадиган бўлсам, аслида икки тоифага ҳам иш кўп. Аммо, маош оз. Кўпчилик бу пулни Ўзбекистонда ҳам топа оламан, деб ортига қайтиб кетяпти. Агар Турк лираси ва АҚШ доллари орасидаги тафовут барқарорлашса, бу ерда ҳам ишловчилар сони яна кўпаяди.

Туркия авиакомпаниялар билан ишлашни афзал кўраман

Ҳақиқатда коронавирус пандемияси ўзбек ватандошларимизни қийин вазиятга солиб қўйди. Масалан, кетмоқчи бўлган одам 1 ой олдин тайёргарликни бошлайди. Ишдан бўшаб, квартирадан чиқади ва охирги пулига билет олади. Қўлида фақатгина коронавирусга тест топшириш учун пул қолади. Рейс қолдирилган заҳоти эса биринчи бўлиб менга телефон қилишади. “Сизнинг хабарингиз бўлиши керак эди”, дейишади. Ваҳоланки, мен ҳар куни юзлаб рейсга ва юзлаб ўзбекларга чипта сотаман. Уларнинг барчасига хабар бериш имкони бўлмайди. Лекин айни пайтда бекор қилинган рейсларнинг кунини ўзгартириш ёки пулларини қайтариб бериш имкони бўляпти. Аммо айримлар чиптани иккинчи қўлдан олади. Бунинг ўзи ҳам катта муаммо. У чипталарнинг пулини қайтариб олиш ёки бошқа кунга кўчириш учун “биринчи қўл” нинг маълумотлари керак бўлади.

Очиғини айтиш керак, шундай вазиятларда Туркия авиакомпаниялари ҳеч қандай муаммосиз билетларни бошқа кунга ўзгартириб беради ёки билет пулини қайтариб беради. Ўзбекистон Ҳаво йўлларида эса муаммоли вазиятлар кўп. Шу жиҳатдан мен Туркия авиакомпаниялари билан ишлашни афзал кўраман.

Ойига 200-300 АҚШ доллари юбориш имконсиз

Туркияга келмоқчи бўлганлар, аввало, уйига пул жўнатишни унутиб келишсин. Ойига 200-300 АҚШ доллари юбориб тураман, деган хаёлларни миясидан ўчириб ташлаш лозим. Агар яшаш учун келишса, бемалол амалласа бўлади. Айтганимдек, АҚШ долларининг Турк лирасига нисбатан юқорилаб бораётгани иқтисодий муаммоларга сабаб бўляпти. Шунинг учун ҳам айни пайтда ишлашга келаётганларга ҳамма нарсага тайёр бўлиб келишларини маслаҳат берган бўлардим.

UzbekLife’нинг Туркиядаги колумнисти
Исфандиёр Бургутбоев суҳбатлашди

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид