Туркиялик тадбиркор Саид Али Байрак отасидан мерос қолган бойликни қайтариб олиш учун қарийб 21 йилдан бери кураш олиб боряпти. Гап Швейцария банкида сақланаётгани айтилаётган 6 тонна олтин ҳақида кетяпти. Қиймати 2 миллиард долларга баҳоланаётган ушбу хазина атрофидаги можаро халқаро молия оламида катта шов-шувга сабаб бўлди. Швейцария банки “даъво муддати ўтгани” ва “манбани исботлаш” каби омилларни рўкач қилаётган бўлса-да, Байрак оиласи Туркиядаги “Бойликни қайтариш” қонунига таянган ҳолда ўз ҳақини талаб қилишда давом этяпти.
Швейцария банкларининг ишончлилиги ва у ердаги махфий омборлар ҳақидаги қараш жуда оммавийлашган. Аммо туркиялик тадбиркор Саид Али Байрак билан боғлиқ воқеа бу қарашларга жиддий зарба бериши мумкин. Гап қиймати бугунги ҳисобда 2 миллиард доллардан ошадиган 6 тонна олтин ва Усмонийлар даврига оид бебаҳо бойликлар ҳақида кетяпти. Можаро шу даражага етдики, унга дипломатлар ва нуфузли сиёсатчилар аралашди, 66 та халқаро адвокат бир неча йилдан бери Байраклар оиласи манфаатларини ҳимоя қилиш ва адолат қарор топиши учун курашяпти.
Бунча бойлик қаердан келган?
Байраклар оиласи оддий тадбиркорлар эмас. Улар тарихан Туркиянинг шарқий Элазиғ минтақасида катта таъсирга эга бўлган ва қарийб 35 000 аъзони ўзида жамлаган Ҳейлани Кебир қабиласига бошчилик қилади. Ушбу минтақада уларнинг куч ва нуфузи анъанавий равишда авлоддан-авлодга ўтган ва йиллар давомида мустаҳкамланиб келган.
Байраклар оиласи бойлигининг тарихий илдизлари Усмонийлар империяси даврига бориб тақалади. Саид Али Байракнинг бобоси минтақада империянинг солиқ йиғувчиси лавозимида ишлаган бўлиб, бу оилага мисли кўрилмаган ҳажмдаги қимматбаҳо металларни тўплаш имконини беради. Тарихий маълумотларга кўра, бу мерос банк ҳисоблари ёки қимматли қоғозлар кўринишида эмас, балки 800 мингтага яқин Усмонийлар олтин тангалари, ноёб қадимий қўлёзмалар ва китоблар, шунингдек, маржонлар ҳамда оғир олтин камарлардан иборат бўлган. Умумий ҳисобда хазинанинг оғирлиги 6 тоннани ташкил этади ва бугунги кундаги қиймати 2 миллиард доллардан ошади.
Туркиядаги сиёсий инқироз
1970 йилларнинг охирига келиб Туркия чуқур сиёсий ва иқтисодий инқироз гирдобига тушиб қолади. Йирик шаҳарлар ва вилоятлар кўчалари радикал сўл ва ўнг гуруҳлар ўртасидаги кескин, кўпинча қуролли тўқнашувлар майдонига айланади. Ҳукумат институтлари фалаж ҳолатга келиб қолади, инфляция кескин ошиб кетади ва давлат хавфсизлиги таҳдид остида қолади. Бундай шароитда "қонун ва тартиб"ни тиклаш учун ҳарбийлар сиёсий жараёнга аралашишга тайёргарлик кўришни бошлайди.









