Ўзбекистон | 21:36 / 29.05.2023
22318
3 дақиқада ўқилади

500 млн қарзи бор Мирзо Улуғбек ҳокимлиги 306 млн сўмни ходимларга устама сифатида тарқатмоқчи

Мирзо Улуғбек тумани ҳокими туманнинг 2022 йилги бюджетидан ортиб қолган 306 млн сўмни туман депутатлари ва бошқа ходимларга устама сифатида беришга қарор қилди. Айни пайтда, Kun.uz'нинг аниқлашича, туман ҳокимлигининг суд қарорлари асосидаги 500 млн сўмдан ортиқ қарзи бор.

Шавкатбек Эргашев, туман ҳокими

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Эргашев жуда ходимпарвар раҳбар чиқиб қолди. Бежизга бундай демаяпмиз. Туман кенгашида 29 май куни қабул қилинган ва Шавкат Эргашев томонидан имзоланган ҳужжатда 2023 йилга аввалги йилдан қолдиқ бўлиб ўтган 306 млн 178 минг сўм миқдоридаги маблағни кенгаш котибияти, туман ҳокимининг девони ва бошқа ходимларга устама қилиб бериш кўзда тутилган.

Ҳокимлик ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу қарор лойиҳаси regulation.gov.uz портали орқали 10 кун давомида, яъни 16 майдан 26 майгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Лекин маҳаллий бюджетнинг 2023 йил I чораги якуни бўйича даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми нимага йўналтирилиши бўйича ҳеч қандай таклиф келиб тушмаган.

Шу сабабли 306 млн 178 минг сўм, қарор лойиҳасида келтирилганидек, халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман кенгаши котибияти, туман ҳокими девони, шунингдек, давлат бошқаруви ҳудудий органлари ходимларининг фаолиятини баҳолаш натижасига кўра 2023 йил апрел ойи учун устама сифатида ажратилмоқда.

Бу қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганидан туман аҳолиси қанчалик хабардор бўлгани номаълум. Туман ҳокимлигининг сайти, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида одамларни жамоатчилик муҳокамасига таклиф қилган ҳеч қандай хабар эълон қилинмаган.

Башарти муҳокама давомида туманда яшовчи аҳоли вакиллари бу пул ҳудуддаги муаммоли масалаларни ҳал қилишга, масалан, ички йўлларни таъмирлаш, кўп қаватли уйлар орасига болалар майдончаси қуриб бериш, мактаб таъмирига йўналтиришига ўхшаш таклифлар билан чиқишганда ҳам, бу таклифлар инобатга олинармиди ёки йўқ, буниси ҳам қоронғи.

Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани кенгашининг 2023 йил 29 майда қабул қилинган қарори

Халқ номидан бу қарорни қабул қилган депутатларнинг ҳеч бири: “Хўп, туман аҳолисидан таклиф келиб тушмаган бўлса, муҳокама муддатини узайтирайлик, жамоатчиликка бу ҳақда хабар берайлик, шунда ҳам таклиф келиб тушмаса кейин ҳокимлик берган таклифни қабул қилаверамиз”, деб айтишмаган.

Бу воқеада кишини таажжубга соладиган ҳолат фақат шугина эмас. Kun.uz манбасининг маълум қилишича, айни пайтда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигининг суд қарорлари асосида 500 млн сўмдан ортиқ компенсация билан боғлиқ қарздорлиги мавжуд.

Табиийки, туман ҳокимининг бундан хабари бўлмаслиги мумкин эмас. Шундай ҳолатда 306 млн сўм нима учун қарздорликни қоплашга йўналтирилмаётгани қизиқ. Ҳокимлик ахборот хизмати бу ҳақдаги саволимизни жавобсиз қолдирди.

Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид