Жамият | 15:57 / 08.06.2019
157474
6 дақиқада ўқилади

«Зотдор қизга уйланаман, пиёда юриш жонга тегди» ёхуд президент номини эрмак қилманг!

Сарлавҳани сўнгги пайтларда бойларнинг қизига уйланишни орзу қилган “куёвчак”лар билан боғламанг, гап яна ўша учизаклар ва уларга берилаётган “Кобальт”лар ҳақида.

Оддий кунларнинг бирида таҳририят телефони жиринглади. Қўнғироқ қилгувчи гапни узоқдан бошлади. Юртимиздаги ислоҳотларни, президентни мақтади. Айниқса уч нафар фарзанд туғилганда берилаётган совғалар ҳақида алоҳида тўхталди. Қизиғи, шу пайтга қадар уч фарзанд кўрганларга совға беришни мақтаб қўнғироқ бўлмаганди. Акамиз тез орада индаллога ўтди:

– Биз ҳам уч ўғил кўргандик, Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм ҳам қўйгандик. Лекин шу пайтгача “Кобальт”дан дарак йўқ. Шу масалани ҳал қилиб берсангизлар. Ўзбекистонда қонунга амал қилинадими йўқми?

– Қанақа қонунни назарда тутяпсиз?

– Учта туғилганларга машина бериляпти-ку. Ҳаммага тенг кўз билан қаралиши керак-да!

Бу одамга ниманидир тушунтириш мушкул эди. Фарзандни Аллоҳ бериши, уч фарзанд уч карра неъмат эканлиги, унга чиройли исм қўйиш ота-онанинг вазифаси экани, бунинг учун энди ниманидир тама қилиш ўта уят бўлиши ҳақида минг ваъз ўқима, фойдаси йўқ. Гап битта – бошқаларга берилдими, менга ҳам берилиши керак!

Бир қарашда у ҳақ – уч эгизак (уч ўғил десак тўғрироқ бўлар) туғилса ва уларга юқоридаги исмлар қаторлаштириб қўйилса, “Кобальт” совға қилиш бўйича ёзилмаган (!) қоидага амал қилинмоқда. Демак бу мурожаатда ҳам ғайритабиийлик йўқ, андишасизликка келсак, энди бу алоҳида масала, ҳар кимда бу тушунча ҳар хил.

Келинг, умуман фарзанд туғилса оммага ошкор қилиш ва совға олишнинг яқин тарихига назар ташласак: бир вақтлар Мустақиллик байрами куни туғилган ўғил чақалоқларга Ислом деб исм қўйиш урф бўлди. Ҳокимият ёки маҳалла баҳоли қудрат совға (одатда битта гилам ёки сервис) олиб киришди ва бу ҳолат бўйича телевидениега лавҳалар тайёрланди. Шундан кейин Ислом исмли болалар кўпайиб кетди, мавзу бир хил ва сийқаси чиққани учун бу “тадбир” эътибордан қолди.

Кейинчалик ҳатто уч ёки тўрт фарзанд туғилганда муайян совға бериш амалиёти расман тўхтатилгани ҳақида эълон қилинди ҳам.

Аммо сўнгги икки йилда уч фарзанд кўриш, аниқ исмлар қўйиш ва “Кобальт” илинжи шу қадар урчидики одамлар бундай хабарларни очиқдан-очиқ истеҳзо билан кутиб ола бошладилар, боқимандалик, лаганбардорлик ва тамагирлик қоришмаси деб баҳоладилар. Бунга асос бор эди албатта, чунки ўғиллар қолиб, ҳатто уч қиз чақалоқларга шу исмларни қўйиб юбориб, машина сўраган ота ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалди. Айрим манбаларда ҳатто қандай қилиб бирданига уч нафар чақалоқ туғиш мумкинлиги ҳақида мутлақо жиддий қўлланмалар ҳам эълон қилинди.

Ҳақиқатдан ҳам, мавзунинг ўйга толдирадиган жиҳатлари кўп:

1. Уч фарзанд кўришдаги имтиёзлар қайси қонунчилик билан тартибга солинади?

2. Уч ёки тўрт фарзанд кўрганларнинг ягона реестри олиб бориладими, улар сони бугунгача нечта бўлди? Қанчасига қанақа совғалар берилди?

3. Совғалар ким – айнан қайси ташкилот томонидан бериляпти? Бу болаларнинг исмлари келажакда ўзгартирилса, совғалар тақдири нима бўлади?

4. Президент совғаси деб тақдим этилаётган бу совғалардан президентнинг ўзи хабардорми?

5. Энг муҳими, совғалар, хусусан автомобиль пулини ким тўлайди? Давлат бўлса, солиқ тўловчиларнинг маблағи бундай мақсадда сарфланиши тўғрисида ҳисобот берилиши керак эмасми, ҳомийлар ҳисобидан бўлса, улар кимлар ва бу ҳаракатлари ихтиёрийми?

Кўриб турганингиздай, очиқланмаган саволлар бисёр. Бу саволларга албатта расмий ОАВ жавоб бермаслиги тайин. Лекин интернет, ижтимоий тармоқларда бу мавзу узлуксиз муҳокама билан бирга шунчалар ҳажв қилиндики, хижолат бўладиган даражага етдик. Уларнинг биттасини, фақат биттасини мисол келтирайлик: “Бирданига учта туғадиган зотдор қиз керак. Пиёда юриш жонга тегди...”.

Ваколатим ва салоҳиятим давлат раҳбарига ақл ўргатишга етмаслиги аниқ, лекин шу ўринда оддий бир ижодкор, мамлакат фуқароси сифатида президентимизга илтимос ва таклифим бор.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Қисқа ва ягона қарорингиз билан бу амалиётни бутунлай ҳамда қайтиб тикланмайдиган қилиб тўхтатинг!

Ишонинг, ота-оналарнинг сизнинг исм-шарифингиздан фойдаланиб нимадир ундиришга уриниши ёки ҳудудий раҳбарларнинг уларга турли-туман совғалар, хусусан “Кобальт” тақдим этиб, сизга яхши кўриниш учун лаганбардорлик қилиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Балки сиз бехабардирсиз, аммо минг афсуски бу ҳолат эрмакка айланиб кетди ва давлат раҳбари сифатида сизнинг исм-шарифингиз бу мавзуга тама мақсадида аралаштирилаётгани кўпчиликнинг ғашини келтиряпти.

Зеро, сиз Ўзбекистоннинг ягона раҳбарисиз ва сизнинг шаънингиз шу юртнинг ҳар бир фарзанди шаънидир!

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид