Қашқадарёнинг Китоб туманида яшовчи Жасур ва Дилфузанинг беш қизи бор эди. Шу йил уларнинг фарзандлари 9 нафарга етди - оилада тўрт қизалоқ эгизаклар дунёга келди. Kun.uz жамоаси чақалоқларнинг илк кунлари ва оиланинг кундалик ҳаёти билан танишди.
Эгизаклар туғилиши - табиатнинг энг ноёб ва ҳайратланарли ҳодисаларидан бири. Статистикага кўра, ҳар 80-85 та туғуруқдан бирида икки эгизак дунёга келади. Уч эгизак эса ҳар 8-10 мингта ҳолатда кузатилар экан. Ва ҳар 500-700 мингта туғуруқда тўрт эгизак дунёга келиши мумкин.
Шундай мўъжиза Қашқадарёнинг Китоб туманида, тоғлар орасида содир бўлди. Жасур ва Дилфузанинг оиласида тўрт нафар эгизак қизалоқлар туғилди. Энди уларнинг оиласида тўққиз қиз бор.

Чақалоқлар қарийб уч ҳафта давомида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида парваришланиб, шу кунларда уйига жавоб берилди.

“Чақалоқлар туғилгунга қадар уларнинг тўрт нафар эканини билмаганмиз. УЗИ текширувларида уч нафар экани кўрсатилган эди. Чақалоқлар кесиб олиш йўли билан туғилганда, тўрт эгизак эканини билиб, яна ҳам ҳайратландик. Уларнинг ҳар бири соғлом ва бахтли ўсиши учун қўлимиздан келган барча ҳаракатларни қиламиз. Келажакда тўққиз фарзандимизни ҳам яхши ўқитиб, вояга етказиб, зиёли инсон қилиб тарбиялашни мақсад қилганмиз”, - дейди Дилфуза Баҳриддинова.

Чақалоқларга Хадича, Саида, Фотима ва Осиё исмлари қўйилди.
“Ҳар бир чақалоқни ўз қўлларимда кўриш, уларнинг нафас олишини, ҳароратини кузатиш - энг катта бахт”, – дейди Дилфуза.
Қайнонаси Рафоат Омонова ҳам оилага кўмаклашмоқда.

“Мени ҳозирча ўйлантираётган асосий ҳолат - қишнинг совуғида болаларни иссиқ жойда сақлаш ва келинимнинг қийналиб қолиши. Аммо ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламан. Мен ҳам қўлимдан келган ёрдамни қиламан, албатта”, - дейди чақалоқларнинг бувиси.





















