Жамият | 21:49 / 24.04.2021
23465
4 дақиқада ўқилади

Китоблик йигитнинг пичоқланиши ва бир кўзидан айрилиши билан боғлиқ ҳодиса юзасидан суд бошланди

Дастлабки суд даврида ярашув учун таклиф қилинган 10 млн сўм аслида жабрланувчига берилмагани, нотариус қарз шартномаси сифатида расмийлаштирган ҳужжатнинг мазмуни уни имзолаган тарафларга тушунтирилмагани аён бўлди.

Суд ҳужжатларига кўра, Дадахон Ҳасановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан айблов эълон қилинган ва тергов даврида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Суд мажлиси очиқ деб эълон қилингач, айбланувчи Дадахон Ҳасанов тингланди. У воқеа содир бўлган кунда Шаҳзод Усмоновнинг таклифи билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилишгани, кейин ўрталарида ўзаро тортишув чиққани, жаҳл устида мушти билан юзига урган вақтда кўзи қонаб кетгани, қўрққанидан кўчага югургани, дарвозагача етган чоғда ортидан Шаҳзод пичоқ билан етиб келгани, пичоқни унинг қўлидан тортиб олмоқчи бўлганида икки марта баданини тилиб юборганини айтди.

Дадахон Ҳасановнинг отаси Жовли Ҳасанов гувоҳ тариқасида сўроқ қилинди. Унинг таъкидлашича, воқеани кўзи билан кўрмаган, жабрланувчиларга 10 млн сўм пул берилганидан хабардор эмас ва қайнисинглиси (Хадича Ҳусинова, Шаҳзод Усмоновнинг онаси)га 200 АҚШ доллар бермоқчи бўлганида улар буни кам деб олишдан рад этишган.

Айбланувчининг онаси Зулайҳо Саидова синглиси учун ваъда қилган 10 млн сўмни бермаганини тан олди. Шунингдек, гўёки 10 млн сўм олди-берди қилинган, деган таассурот уйғотувчи қарз шартномаси унинг ташаббуси эмаслигини, шартнома нима ҳақида эканини нотариус тушунтирмаганини, айни вақтда уйини сотувга қўйганини ва сотилса, жабрланувчини даволатишга кетадиган харажатларни қоплашга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, судда жабрланувчига зарар ўрнини қоплаш мақсадида берилиши айтилаётган ер участкасининг ҳужжатлари йўқлиги, айбланувчи ёки унинг яқинларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли эмаслиги аён бўлди.

Суд иши 3 май санасига қадар танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, танасининг икки еридан пичоқланган ва бир кўзидан айрилган Шаҳзод Усмонов ва ушбу жиноятни содир этган айбланувчи ИИБ ходимларининг «ташаббуси» билан судда яраштириб юборилган.

Ярашув мақсадида зарар ўрнини қоплаш учун таклиф қилинган пул маблағлари жабрланувчиларга берилмаган. Ўз қариндошлари томонидан алданиши ва ёлғиз фарзанди бир умрга ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлган шахс жазодан қутулиб қолганидан норози бўлган Хадича Ҳусинова Kun.uz’га мурожаат қилган эди.

Бу ҳақдаги танқидий материалдан сўнг биринчи инстанция судининг ҳукми жабрланувчиларнинг шикоятига асосан қайта кўриб чиқилди ва қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш учун тергов органига юборилди.

Кейинчалик жиноят ишининг боришини Олий Мажлис Сенати назоратга олди. Сенаторлар Ички ишлар вазирлигидан мазкур ҳолат бўйича Китоб тумани ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларини атрофлича таҳлил қилиб, қонуний чора кўрилиши ва тегишли ахборот тақдим этишни сўради.

Кўп ўтмай, жиноят ишида гумондор бўлган Дадахон Ҳасановга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «в» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Мавзуга оид