Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тоштурма” ўрнига хиёбон: ваъдани бажариш учун ҳали ҳам кечмас
Юнусободдаги бу 3 гектарлик жой ҳукумат фармойиши бўйича ҳам, пойтахт бош режаси бўйича ҳам хиёбон бўлиши керак. Бу ерни компенсация тариқасида олган тадбиркор бош режадаги тақиқ сабаб қурилишга рухсат ололмаяпти. Демак, тадбиркорни рози қилган ҳолда, унга бошқа жойдан ер бериш масаласини кўтариш, бу ҳудудни эса ҳукумат фармойишида белгиланганидек хиёбонга айлантириш лозим.
Kun.uz Юнусободда туманининг Обод маҳалласида бўлиб, халқ тилида “Тоштурма” деб аталган 1-сонли тергов ҳибсхонасининг ўрнини кўздан кечирди. Агар расмийлар ҳукуматнинг ҳужжатлаштирилган топшириғига масъулиятлироқ ёндашганида, ташландиқ ҳолда ётган бу 3 гектар жой бугун сўлим хиёбон бўлган бўларди.
Хабарингиз бўлса, бу ҳибсхона бир неча йил олдин Зангиота туманига кўчирилган, ундан қолган бинолар эса ҳукумат фармойиши асосида бузиб ташланган. Ўша фармойишга асосан, пойтахт ҳокимлиги бу ерни ободонлаштириб, хиёбонга айлантириши керак эди. Амалда нима бўлганини эса, видеолавҳамизда кўришингиз мумкин: орадан 7 йил ўтса ҳамки, хиёбондан дарак йўқ.
Яқинда сенатор Сайёра Абдукаримова нега бу топшириқ ҳалиям бажарилмаяпти деган савол билан, Тошкент шаҳар ҳокимлигига сўров юборган эди. Ҳокимликнинг бу сўровга жавобидан маълум бўлишича, “хиёбон бўлади” дейилган жой аллақачон хусусий тадбиркорга бериб юборилган экан.
Воқеалар ривожи қуйидагича: 2017 йил охирида “Тоштурма” Зангиотага кўчирилганидан кейин, 2018 йил апрел ойида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши чиққан. Бу фармойишга асосан, пойтахт ҳокимлиги бу ердаги биноларни бузиб, ўрнини ободонлаштириши ва одамларга хиёбон қилиб бериши керак эди. Лекин ҳокимият берилган топшириқни чала бажарган: ўша йили тергов изолятори бинолари бузиб ташланган, лекин хиёбон ташкил қилиш вазифаси қоғозда қолиб кетган.
2018 йил Тошкент шаҳри тарихида алоҳида ўрин тутади: ўша йили баҳорда пойтахтга тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳоким этиб тайинланган ва унга кўпдан кўп эксклюзив ваколатлар берилган эди. У 2020 йилда Yunusobod Business City қурилиши учун ери олиб қўйилган тадбиркорлардан бирига компенсация тариқасида айни мана шу 3 гектарлик ҳудудни ажратиб берган.
“Огнеупор” номли ушбу МЧЖ ёнғинга чидамли маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Компания раҳбарининг айтишича, улар аввалига ўз фаолиятини янги жойда ҳам давом эттириш учун бу ерда саноат корхонаси қурмоқчи бўлишган. Лекин атрофда аҳоли уйлари кўплиги сабабли, бу фикрдан воз кечиб, меҳмонхона ёки кўп қаватли уйлар қуришга қарор қилишган. Уларнинг бу режасини амалга оширишга Тошкент шаҳрининг ўтган йили тасдиқланган бош режаси тўсиқ бўляпти.
Гап шундаки, тадбиркорнинг ерга нисбатан ҳамма ҳужжатлари жойида, лекин бош режада бу ҳудуд консервация зонаси сифатида кўрсатилган. Консервация зоналарида эса янги қурилишлар қилиш тақиқланган. Шу сабабли тадбиркор қурилишга рухсат олиш учун ягона дарча орқали йўллаган мурожаатларига рад жавобларини олган.
Бизнингча, агар расмийлар ўзлари берган ваъдага вафо қилишса, тадбиркорни рози қилиб, унга бошқа жойдан ер берган ҳолда, собиқ Тоштурманинг ўрнида ҳукумат фармойишида ёзилганидек хиёбон барпо этишса, ҳар томонлама тўғри ечим бўлган бўларди.
Ҳозирги вазиятда тадбиркор ҳам бу ерда ҳеч нарса қура олмаяпти, аҳоли ҳам дам олиш масканидан қуруқ қоляпти. На аҳоли, на тадбиркор фойда кўрмаяптими, демак мавжуд вазият давлатнинг ҳам фойдасига ишлаётгани йўқ.
Мавзуга оид
09:13
Экологик чоралар энди фақат Тошкент билан чекланмайди
18:49 / 31.03.2026
Ботаника боғи ҳудудида велосипед ва самокатлар ҳаракатланиши тақиқланди
16:48 / 31.03.2026
Ҳаво сифати ёмонлашганда давлат хизматчилари уйдан ишлашга ўтказилиши мумкин
15:29 / 31.03.2026