20:11 / 17.05.2022
17222

«Радикал оқимларга қўшилишнинг асосий омили диний эътиқод эмас» — Содиқ Сафоев

Тадқиқотларда диний эътиқод радикал оқимларга қўшилишнинг асосий омили эмаслиги исботланган; шунингдек, терроризмни муайян бир дин билан боғлаш зинҳор мумкин эмас, деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 16 май куни Тошкентда бошланган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумида сўзга чиқди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.

«Хорижий ҳамкорларимиз билан мулоқот учун тизимли платформа яратиш муҳим ва бугун ўз ишини бошлаган форум айнан шу мақсадга қаратилган. Чунки бугунги кунда башарият юзлашаётган кескин зиддиятларни ечиш, биринчи навбатда дунёдаги асосий муаммо – ўзаро ишонч дефицити, маданият ва цивилизациялар ўртасида ўзаро тушуниш танқислигини бартараф этиш билан боғлиқ.

Шак-шубҳа йўқки, ҳозирги замондаги низолар, халқаро терроризм, экстремизм ва зўравонликнинг тубида, энг аввало, жаҳолат ва адоват, иррационал, олдинги даврлардан мерос қолган, дунёқараш ётибди. Уларга қарши кураш, биринчи навбатда, маънавият, маърифат, таълим, мулоқот эвазига олиб борилмоғи лозим.

Яна ва яна такрорлашдан тоймаслигимиз керак: терроризм, тажовузкор экстремизмни муайян бир дин билан боғлаш зинҳор ва зинҳор мумкин эмас. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, диний эътиқод радикал оқимларга қўшилишнинг асосий омили эмас. Динлар, маданиятлараро бағрикенглик ва уйғунликни қарор топтириш, ўрнашиб қолган стереотиплар ва янглиш фикрларга қарши курашиш – умумий вазифамиздир. Аминманки, ушбу форум айнан шу мақсадга хизмат қилади», – деди Сафоев.

Маълумот учун, 16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида Шимолий Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг турли диний конфессиялари вакиллари, таниқли уламолар, диншунос олимлар ва ҳуқуқшунослар иштирокида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўтказилмоқда.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Форум доирасидаги тадбирлардан бирида АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм эркакларнинг соқоли ИИБда олиб ташлангани борасида фикр билдириб, Ўзбекистонда «баъзи нарсалар орқага кетаётгандек туюлаётгани»ни айтди.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида Тошкентда ўнлаб эркаклар ИИБ биносига олиб келиниб, уларнинг соқоли олинди. Ички ишлар вазирлиги Kun.uz саволига жавобан буни «жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ўтказиладиган тезкор-профилактик тадбирлар» деб атади ва уларни «диний эътиқод билан боғлаш мутлақо нотўғри» эканини уқтирди. Вазирлик, шунингдек, фуқаро ҳуқуқи поймол этилган деб ҳисобласа, тегишли жойга шикоят қилиши мумкинлигини билдирди.

Top