Ўзбекистон | 17:59 / 24.07.2023
4314
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга субсидия ажратиш тартиби белгиланди

Касаначиликни ташкил қилган тадбиркорларга бир ойлик ўртача даромади миқдорида 1 марталик субсидия берилади.

Фото: KUN.UZ

Ҳукумат қарори билан Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга мувофиқ, касаначиликни ташкил қилган тадбиркорларга Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан фаолиятининг дастлабки 3 ойида бир ойлик ўртача даромади миқдорида 1 марталик субсидия берилади.

Субсидия олиш учун ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида маҳаллий меҳнат органига ёки ЯИДХП (my.gov.uz) портали орқали мурожаат қилиш мумкин. Мурожаатда касаначи маълумотлари, субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварақ ва манзили кўрсатилади.

Мурожаат 3 иш кунида кўриб чиқилади.

Субсидия ажратиш қуйидаги ҳолатларда рад этилиши мумкин:

- ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинмаганида;

- касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси Ягона электрон шартномалар порталида рўйхатдан ўтказилмаганда;

- касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги даромади ҳақидаги маълумот ҳаққонийлиги тасдиқланмаганида.

Мурожаат рад этилса, бу ҳақда 1 кунда мурожаатчига хабар берилади.

Субсидия ажратиш ҳақида қарор қабул қилинганида 5 иш кунида субсидия мурожаатчига ўтказиб берилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид