Ўзбекистон | 16:20 / 19.11.2025
2880
2 дақиқада ўқилади

Маҳалла аҳлининг 10 фоизи рози бўлса, маҳалла ҳудудидаги дарахтзорни сотишга тақиқ қўйилади

Президент қарорига асосан, 2026 йил 1 апрелдан эътиборан фаол жамоатчилик қўлида янги инструмент пайдо бўлади. Шу санадан эътиборан, маҳалла аҳлининг камида 10 фоизи розилик билдирган тақдирда, маҳалла ҳудудидаги дарахтли ер майдонини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга тақиқ киритилади. Бу тақиқ кадастр базасида ҳам акс этади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда жамоатчиликнинг дарахтлар кесилишига қарши курашдаги ваколати кенгаяди. Бу – 18 ноябр куни имзоланган президент қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади.

Бунда:

  • фуқаро давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади;
  • дарахт билан қопланган ер майдони жойлашган маҳалла аҳолисининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми тақиқ қўйишга розилик билдирган тақдирда, ушбу майдонни олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга Экология қўмитаси томонидан тақиқ қўйилади;
  • Кадастр агентлиги тегишли ер майдони хусусий мулк ҳисобланмаслиги ёки бошқа ер тоифасига кирмаслигини ўрганиб, ижобий ҳолларда Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонга қўйилган тақиқни рўйхатдан ўтказади.

Шунингдек, фуқароларга “Soliq” мобил иловаси орқали жисмоний шахсларга QR-кодли харид чеклари ва республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатлар учун бериладиган кешбекни ихтиёрий равишда дарахт кўчатларини экишга йўналтириш имконияти яратилади.

Юридик шахслар эса Экология қўмитаси ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармасига ихтиёрий хайрия маблағларини ўтказганда ҳамда яшил боғларни барпо қилиш ва уларни парваришлаш учун харажат қилганда, бу харажатлари фойда солиғидан озод қилинади. Тегишли қонун лойиҳаси бир ой муддатда тайёр бўлиши керак.

Қарор билан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига 2026 йил 1 ноябргача 2 тадан маҳаллий аҳамиятга эга табиат боғларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид