Ўзбекистон | 07:19 / 15.09.2023
7186
2 дақиқада ўқилади

Президент «светофорсиз эстакадалар» қуриш дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистон президенти ЙТҲ сонини камайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, уларга тез-тез тирбандлик ва авариялар кузатиладиган йўлларда «светофорсиз эстакадалар» қуришни ўз ичига олган уч йиллик дастурни киритиш бўйича топшириқ берди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш чора-тадбирларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Gazeta.uz ёзмоқда.

Давлат раҳбари мазкур вазифани ички ишлар вазири ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов зиммасига вилоят ҳокимлари билан биргаликда амалга оширишни юклади.

У ҳужжат лойиҳасига тез-тез тирбандлик юзага келадиган ва авариялар содир бўладиган йўлларда «светофорсиз йўл ўтказгичлар» қуриш бўйича уч йиллик дастурни киритиш бўйича топшириқ берди. Мазкур дастур хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.

Йиғилишда йўлларга 2500 дан ортиқ камера ва радарлар ўрнатилгани, шунингдек, шаҳарларда транспорт ҳаракатининг рухсат этилган тезлиги 70 дан 60 км/соатга камайтирилгани туфайли камералар ўрнатилган жойларда автоҳалокатлар сони 30 фоизга камайгани таъкидланди. Президент шуларни ҳисобга олиб, ақлли чорраҳа ва ақлли светофор тизимларини янада кенг кўламда жорий этишни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид