Жаҳон | 18:08 / 03.12.2025
6027
2 дақиқада ўқилади

Британиянинг Revolut банки Ўзбекистонда чиқарилган карталарни блоклади

Банк тақиқни халқаро тўлов тизимларининг янгиланган комплаенс сиёсатига риоя қилиш зарурати билан изоҳлади: Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳисобни тўлдириш операциялари учун «юқори хавф мамлакатлари» тоифасига киритилган.

Фото: Revolut

Британиянинг Revolut онлайн-банкининг Европа Иттифоқида яшовчи мижозлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда чиқарилган банк карталаридан ҳисобини тўлдира олмаганидан шикоят қилди. Барча ҳолатларда фойдаланувчилар бир хил жавоб олмоқда: «ушбу карта энди қўллаб-қувватланмайди».

Умуман олганда, пул ўтказмалари тақиқи дунёнинг 52 давлатида чиқарилган карталарга тегишли. Рўйхатга 2022 йилдан кейин россияликлар оммавий кўчиб ўтган давлатлар - Арманистон, Гуржистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркия, БАА, Сербия, Исроил, шунингдек, Таиланд, Куба, Ветнам ва бошқа машҳур сайёҳлик йўналишлари киритилган.

Revolut қўллаб-қувватлаш хизматининг тушунтиришича, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб, Европа Иттифоқидан келган фойдаланувчилар учун рўйхатдаги мамлакатларда чиқарилган карталардан тўлов операцияларини амалга оширишни тўхтатган. Шу билан бирга, карталари блокланган санкциялар остида эмас.

Revolut тақиқни халқаро тўлов тизимларининг янгиланган комплаенс сиёсатига риоя қилиш зарурати билан изоҳлади: Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳисобни тўлдириш операциялари учун «юқори хавф мамлакатлари» тоифасига киритилган.

«Бу Revolut томонидан мустақил равишда қабул қилинган қарор эмас, балки тўловларни қайта ишлаш бўйича ҳамкорларимизнинг талаби», деди қўллаб-қувватлаш хизмати ходими.

МДҲ банкларининг мобил иловалари орқали пул ўтказишга уринишда ҳам муаммолар юзага келди - улар хатоликни кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, бошқа тўлдириш усуллари ҳозирча ишламоқда: Apple Pay ва Google Pay, халқаро банк ўтказмалари орқали.

Revolut онлайн банкининг чекловлари Европа Иттифоқининг Россияга қарши жорий йилнинг 12 ноябридан бери амалда бўлган 19-чекловлар тўплами доирасидаги санкциялари билан боғлиқ кўринади. Ушбу пакет доирасида Тожикистоннинг учта банки санкциялар остида қолди. Бироқ, Ўзбекистон банкларига санкциялар қўлланмаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид