Ўзбекистон | 15:46 / 24.07.2020
16987
2 дақиқада ўқилади

Олий суд тузилмасида янги судлов таркиби тузилади. Айрим туман судлари тугатилади

Президент “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга асосан, Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузилади.

Бунга 2019 йилнинг ўзида иқтисодий судлар томонидан чет эл инвесторлари билан боғлиқ 3 мингга яқин, рақобатга оид 30 дан ортиқ ишлар кўрилгани сабаб бўлган.

Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилади.

Инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши ҳамда қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин бўлади.

Бугунгача, Олий суд таркибида:

Жиноят ишлари бўйича;
Фуқаролик ишлари бўйича;
Маъмурий ишлар бўйича;
Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари мавжуд эди.

Шунингдек, тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда Амударё, Нуробод, Бойсун ва Паст Дарғом туман иқтисодий судлари тугатилади.

Шунингдек, Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакор туманларида фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманларида жиноят судлари ташкил этилади.

Мавзуга оид