Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади
2026 йил 1 сентябрдан докторантурага умумий қабул квотасининг камида 60 фоизи илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларига оид ихтисосликларга ажратилади. Ушбу йўналишга қабул қилинган докторантларга базавий миқдорнинг 1,7 баравари миқдорида оширилган стипендия тўланади.
Устувор илмий йўналишларда таҳсил оладиган докторантлар учун оширилган стипендия ва қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармонида кўзда тутилган.
2026 йил 1 сентябрдан қуйидаги тартиб амалиётга киритилади:
- докторантурага умумий қабул квотасининг камида 60 фоизи илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларига оид ихтисосликларга ажратилади;
- дифференциал стипендия тизими жорий этилиб, устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баравари миқдорида оширилган стипендия тўланади;
- устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга тадқиқот ишида зарур бўладиган асбоб-ускуна ва бошқа товарларнинг хариди учун ҳар ой базавий стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ докторант таҳсил олаётган олий таълим ёки илмий ташкилотга йўналтирилади;
- таянч докторантура босқичининг биринчи ўқув йилида соҳавий махсус фанлар, илмий-тадқиқот методологияси ва академик ёзиш, статистика ва маълумотлар таҳлили каби фанлар бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Устувор илмий ихтисосликларга қабул кириш имтиҳони ўрнига илмий тадқиқот иши тақдимоти ўтказилади. Бунда тақдимотга қўйиладиган талаблар олий таълим ва илмий ташкилот томонидан мустақил белгиланади. Илмий раҳбарга докторантнинг ихтисослигига мос фан тармоғида илмий тадқиқот тажрибасига эга бўлиш талаби жорий этилади.
Олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилишда тегишли фан йўналишларида миллий сертификатга эга бўлган талабгорни мутахассислик фани бўйича имтиҳондан озод этиб, унга максимал балл бериш тартиби бекор қилинади.
2027 йил учун қабулдан бошлаб илмий раҳбарлик (маслаҳатчилик) учун ойлик тўлов ўрнига таянч докторантурага қабул қилинган стажёр-тадқиқотчи ва ўз вақтида ҳимоя қилган докторант учун бир марталик рағбатлантирувчи тўлов тўланади. Бунда:
- Хирш индекси бўйича кўрсаткичи 5 дан кам бўлган илмий раҳбарга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 40 бараваригача миқдорида;
- Хирш индекси бўйича кўрсаткичи 5 дан юқори бўлган илмий раҳбарга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 80 бараваригача миқдорида пул тўланади.
Мавзуга оид
09:45 / 30.05.2026
Илмий даража беришда қатор талаблар бекор қилинади
08:43 / 29.05.2026
Олий аттестация комиссияси Фанлар академияси тизимига ўтказилди
11:12 / 26.05.2026
Олий аттестация комиссиясини 10 йилдан кўпроқ бошқарган Аҳмадбек Юсупов лавозимидан озод этилди
10:43 / 29.04.2026