Ўзбекистон | 17:39 / 26.06.2021
6849
2 дақиқада ўқилади

Қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарар компенсация қилинади

“Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра:

  • ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестри юритилади;
  • ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан қийноқлар бўйича адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали мурожаат қилиш амалиёти такомиллаштирилади; 
  • қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартиби ишлаб чиқилади;

2021 йил 1 октябрдан тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади. 

Жиноят кодексида қийноққа солиш учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси” (Нью-Йорк, 1984 йил 10 декабрь) талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид