Ўзбекистон | 08:50 / 22.08.2024
2063
2 дақиқада ўқилади

Ер участкаларининг ягона классификатори жорий этилади

2025 йилдан Ўзбекистонда ер участкалари ва капитал қурилиш лойиҳалари ягона классификаторини жорий этиш режалаштирилмоқда. 

Фото: Kun.uz

2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда ер участкалари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификатори жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан мулоқотда маълум қилди.

Қишлоқ ва ноқишлоқ жойларда ер фонди доирасида бир фаолиятдан бошқасига ўзгартириш тартиби аниқ белгиланмаган. Масалан, боғ ўрнида иссиқхона қиламан, деган тадбиркор ишни нимадан бошлашни, кимга мурожаат қилишни билмайди. Ёки тадбиркор ўз боғида томчилатиб суғориш учун ҳовуз, кичик сиғимли саралаш ва сақлаш омборини қура олмайди.

Шу боис ҳар бир ер участкаси учун асосий фаолият турини қайсиларига алмаштириш мумкинлиги, қандай ёрдамчи иншоотларни жойлаштира олиши аниқ белгилаб берилиши режа қилинмоқда.

Шу мақсадда 1 январдан бошлаб ер участкалари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификатори жорий этилади. Шу тариқа, йил давомида тадбиркорлар ўз томорқасига 800 миллиард сўм сармоя киритиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, пилла етиштириш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари учун улар жойлашган бино ва иншоотлар остидаги ерлар учун ер солиғи эндиликда саноат тоифаси ставкаси бўйича ҳисоблаб чиқилади.

Классификатор жорий этилгандан сўнг улар қишлоқ хўжалиги ерларидаги каби ер солиғини тўлашга ҳам ўтади.

Мавзуга оид