Кўчмас мулк | 10:29 / 05.03.2026
2840
2 дақиқада ўқилади

Уй-жой қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиблари тезлаштирилади

Президентнинг “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, уй-жой қурилишини рағбатлантириш, бозорда таклифни ошириш ҳамда инвестиция-қурилиш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган янги вазифалар белгиланди.

Фото: Kun.uz 

Фармонда уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга доир конституциявий норма талабларини таъминлаш асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Шунингдек, кўп квартирали уйлар бозорида талабга мувофиқ таклифларни мутаносиб равишда ошириш орқали аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган чоралар кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, қурилиш соҳасидаги энг долзарб масалалардан бири бўлган ер ажратиш ва рухсат бериш жараёнлари соддалаштирилиб, инвестиция-қурилиш даврининг давомийлиги 1,5 бараваргача қисқартирилади. Бу эса қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш муддатларини қисқартириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда уй-жой қурилиши суръатларини оширишга хизмат қилади.

Фармонга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудларни танлаб олиш мезонларига мос келадиган лойиҳаларга “Янги Ўзбекистон” массиви мақоми берилиб, уларга амалдаги тартиб-таомиллар ва молиялаштириш манбалари татбиқ этилади.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларида йўл-транспорт инфратузилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқишда қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия тежовчи ускуналар ва муқобил иссиқлик тизимларидан кенг фойдаланиш, шунингдек экологик тоза “яшил” транспорт муҳитини яратиш назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид