Спорт | 11:04 / 21.12.2025
9027
13 дақиқада ўқилади

Мбаппе Роналдунинг рекордини такрорлади, Ҳоланд янгилади. Кун ўйинлари

«Сити» навбатдаги марта йирик ғалабага эришди, Ҳусанов иккинчи бўлимда туширилди; «Ливерпул» тўққиз киши бўлиб қолган «Тоттенҳэм»га қарши қийналди; «Арсенал» ҳамон биринчи. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Арсенал» яна биринчи

«Нюкасл Юнайтед» – «Челси» 2:2
Голлар:
Волтемаде, 4 (1:0). Волтемаде, 20 (2:0). Жеймс, 49 (2:1). Жоао Педро, 66 (2:2)
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Шер, Тшау, Ҳолл, Майли, Тонали, Рэмси (Уиллок, 89), Гимарайнс, Гордон (Висса, 73), Мёрфи (Барнс, 73), Волтемаде (Эланга, 73)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Фофана, Кукуреля, Гюсто (Фернандес, 54), Жеймс, Кайседо, Палмер (Сантос, 79), Гарначо, Педру Нету, Жоао Педро
Огоҳлантиришлар: Шер, 61. Висса, 77. Ҳолл, 86 – Санчес, 7. Гарначо, 27. Гюсто, 45. Кайседо, 70. Сантос, 82. Жоао Педро, 83

«Сент-Жеймс Парк»да бундан олдинги қаторасига уч ўйинни бой берган «Челси» бу сафар ҳам биринчи бўлимни ўта муваффақиятсиз ўтказди. Аввалига Гордон томонидан ташкиллаштирилган тезкор гол меҳмонларни карахт ҳолатга тушириб қўйди. «Нюкасл» етакчиси майдон марказида тўпни олиб қўйиб ҳужум бошлаб берди ва рақиб жарима майдони томон етиб бориб, олис устун томон зарба берди, устундан қайтган тўпни эса Волтемаде дарвоза тўрига киритиб юборди. Германиялик ҳужумчи бўлим давомида Гордон ёрдамида дублни расмийлаштирди ва ўтган турда «Сандерленд»га қарши ўйиндаги автогол учун айбини ювди. Бу икки гол оралиғида Энтонининг ўзи ҳам дарвозани ишғол этиши мумкин эди, аммо лондонликлар посбони Санчес тўсин остидан кириб кетаётган тўпни қайтариб қолди.

Дастлабки 45 дақиқаликда «Челси» ҳужумда ҳеч нарса ярата олмади, аммо жамоа иккинчи бўлимга бутунлай бошқача кайфиятда қайтди ва Рис Жеймс ижросидаги жарима зарбаси ўйинни буткул ўзгартириб юборди. Бу вазиятда дарвозабон Рамсдейл позиция танлашда хатога йўл қўйганди. Бироз ўтиб ушбу дарвозабон Педру Нетунинг хавфли зарбасини қайтарди, аммо лондонликларни энди тўхтатиб бўлмасди. Кетма-кет ҳужумлар Жоау Педру ҳисобни тенглаштириши билан якунланди. Лондонликлар дарвозабони Санчес ўз узатмаси билан уни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, бразилиялик ҳужумчи бу имкониятдан фойдаланди. «Челси» кипери АПЛда дарвозабонлар ўртасида яратилган вазиятлар бўйича яққол етакчи (5), аммо у эндигина илк ассистентлик баллини олишга муваффақ бўлди. Лекин ўйин икки томонни ҳам қониқтирмайдиган дуранг натижа билан якунланди. «Нюкасл» турнир жадвалининг иккинчи қисмида қолди, кўклар жамоасида эса топ-4 ни тарк этиш хавфи мавжуд.

«Манчестер Сити» – «Вест Ҳэм» 3:0
Голлар:
Ҳоланд, 5 (1:0). Рейндерс, 38 (2:0). Ҳоланд, 69 (3:0)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес (Ҳусанов, 67), Рейндерс (Люис, 67), Бернарду Силва (Мукаса, 75), Шерки (Савио, 67), Фоден, Ҳоланд
«Вест Ҳэм»: Ареола, Килман, Тодибо, Уокер-Питерс, Магасса, Поттс (Мавропанос, 79), Скарлз (Майерс, 64), Фернандеш (Родригес, 79), Саммервилл (Уилсон, 79), Лукас Пакета (Соучек, 78), Боуэн
Огоҳлантиришлар: Гонсалес, 28 – Боуэн, 41

«Манчестер Сити» «Вест Ҳэм» устидан ишончли ғалабага эришди ва лайв режимда турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди. Ўйин дебютидаёқ Фоден Ҳоландни зарба бериш нуқтасига чиқарди, дарвозабон тўпни қайтарганди, аммо тўп айнан норвегиялик ҳужумчининг ўзига қайтиб келди. Эрлинг бу мавсумда ўнинчи бор ҳисобни очувчи гол муаллифига айланди. Бу рақам АПЛдаги исталган бошқа футболчининг кўрсаткичидан камида икки баробарга яхшироқ.

Бўлим охирларида эса Шерки рақибдан тўпни олиб қўйди ва ундан тўпни қабул қилган Ҳоланд Рейндерсга голли узатма берди.

«Болғачилар»нинг ўйинни ўзгартиришга ҳаракатлари бесамар кетди, иккинчи бўлимда Гвардиола Гонсалес ва Рейндерс ўрнига захирадан Ҳусанов ва Люисни туширди. Икки дақиқа ўтиб Ҳоланд иккинчи голини урганидан кейин меҳмонлар узил-кесил таслим бўлишди. Ушбу тўпурар футболчи кейинги эпизодда олис бурчакни нишонга олишда хатога йўл қўймаганида, католикларнинг Рождество байрамигача сермаҳсуллик кўрсатиш бўйича рекордни янгилаган бўларди. Аммо 1993 йилда Энди Коул томонидан ўрнатилган натижа ўзгармай қолди. Эрлинг Кевин Филлипс ва Луис Суарес билан биргаликда унинг ҳаммуаллифлари бўлиб қолади.

Шу билан бирга, норвегиялик ҳужумчининг АПЛда урган голлари сони 104 тага етди ва бу Криштиану Роналдунинг натижасидан биттага яхшироқ. Ҳолбуки Ҳоланд бу натижага чемпионатдаги 114 ўйинда эришди, португалиялик юлдузга эса 236 ўйин керак бўлганди. Лекин у голли узатмалар сони бўйича Роналдудан анча ортда – ҳозирча унда фақат 21 та голли пас бор (Роналдуда 47).

«Тоттенҳэм» – «Ливерпул» 1:2
Голлар:
Исак, 56 (0:1). Экитике, 66 (0:2). Ришарлисон, 83 (1:2)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Ромеро, ван де Вен, Спенс, Порро, Грэй (Палиня, 71), Бентанкур, Бергвалл (Одобер, 71), Симонс, Қуддус (Жонсон, 58), Коло Муани (Ришарлисон, 80)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез, Брэдли (Исак, 46, Фримпонг, 60, Киеза, 90), Жонс, Гравенберҳ, Макаллистер, Вирц (Ниони, 90+10), Собослаи, Экитике (Робертсон, 90+9)
Огоҳлантиришлар: Ромеро, 66. ван де Вен, 85. Бентанкур, 90. Ришарлисон, 90 – Конате, 76. Собослаи, 83. Макаллистер, 90
Четлатиш: Симонс, 33. Ромеро, 90 (иккинчи сариқ)

Турнинг марказий ўйинида дастлабки ярим соат тенг курашлар остида кечди, кейин эса «Тоттенҳэм» бир киши кам бўлиб қолди. VAR аралашувидан кейин арбитр монитор қаршисига борди ва майдоннинг рақиб жарима майдонига яқин қисмида ван Дейкка қўполлик ишлатган Симонсга кўрсатилган сариқ карточка қизилга айланди.

Арне Слот эса сон жиҳатдан устунликдан фойдаланиш учун танаффусда ўйинга ўзгартиришлар киритди. Ҳимоячи Брэдли ўрнига иккинчи марказий ҳужумчи сифатида Исак туширилди, Собослаи эса яна бир бор ҳимоянинг ўнг қанотига ўтди.

Бу қарор иш берди, Ромеро тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришда хатога йўл қўйди ва Вирц АПЛдаги илк голли узатмасини амалга оширди. Аммо ҳисобни очган Исак зарба бераётганида жароҳат олди ва майдонни шифокорлар кўмагида тарк этди.

У катта эҳтимол билан бир неча ҳафта жамоага ёрдам бера олмайди.

«Ливерпул» эса яна бир бор схемани ўзгартиришига тўғри келди, Исак ўрнига ўнг қанот ҳимоячиси Фримпонг туширилди. Лекин Собослаи ўзининг янги позициясида қолди, жароҳат туфайли октябр ойидан буён илк бор майдонга қайтган нидерландиялик ҳимоячи эса ўнг қанот вингери сифатида ҳаракат қилди. Ва бу қарор ҳам иш берди, унинг узатмасидан кейин Экитике ҳисобдаги фарқни оширди. Бу француз учун сўнгги уч турдаги бешинчи голга айланди.

Аммо 2:0 ҳисоби ва сон жиҳатдан устунлик ҳам меҳмонларни хотиржам қила олмади. Коло Муанининг зарбасидан кейин тўп рикошет бўлиб, тўсинга борди. Бироз ўтиб эса Ришарлисон ҳисобни қисқартирди. У дублни расмийлаштириши ҳам мумкин эди, аммо Конате охирги паллада зарба йўлига оёқ қўйишга улгурди.

Бу орада Ришарлисон Фримпонгнинг юзига тирсак билан уриб, қонатди, аммо жазосиз қолди, иккинчи бўлим давомида тушган ҳимоячи эса ўрнини Киезага бўшатиб берди.

Шу тариқа, биринчи бўлимда жароҳатланган Брэдли ўрнига туширилган икки футболчи ҳам иккинчи бўлим давомида қайтадан захирага олинди.

«Тоттенҳэм»нинг якуний штурмига эса Ромеро халал берди, биринчи голда айбдор бўлган аргентиналик ҳимоячи кераксиз вазиятда иккинчи сариқ карточкани олиб, жамоасини янада қийин аҳволда қолдириб кетди. Лекин лондонликлар тўққиз киши бўлиб қолганига қарамай қўшимча дақиқаларни тўлиқ ҳужумда ўтказди ва ҳисобни тенглаштириш учун вазиятларга эга бўлди. Арне Слот эса ҳисобни ушлаш учун ҳужумчи Экитике ўрнига ҳимоячи Робертсонни туширди. Якунда «Ливерпул» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва турнир жадвалида бешинчи ўринга кўтарилди.

«Эвертон» – «Арсенал» 0:1
Гол:
Йокереш, 27 – пеналти (0:1)
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, Тарковски, Миколенко, О`Брайен, Гарнер, Ироэгбунам, Алкарас (Рел, 76), Грилиш, Макнейл (Диблинг, 75), Барри (Бету, 66)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Инкапие, Калафиори, Тимбер, Субименди, Райс, Эдегор (Мерино, 88), Троссар (Мартинелли, 80), Сака, Йоекереш (Габриэл Жезус, 65)
Огоҳлантиришлар: Миколенко, 26. Тарковски, 39 – Йокереш, 56. Мартинелли, 89

«Арсенал» биринчи бўлимда «Эвертон»га бирорта зарба беришга имкон қолдирмади. Бунақаси мерсисайдликларда 2003-04 йиллар мавсумидан буён иккинчи бор кузатилиши. «Канонирлар»нинг ўзи эса пеналтидан ҳисобни очди, жамоанинг швециялик ҳужумчиси Йокереш нуқтадан қайтариб бўлмас зарба йўллади, бу унинг 1 ноябрдан буён илк голи бўлди. Ўшанда у «Бёрнли»га қарши ўйинда ҳисобни очган, аммо жароҳат олиб, танаффусда алмаштирилганди. Бир ойдан ортиқ вақт майдонда бўлмаган футболчи аста-секинлик билан формасини тикламоқда.

Танаффусда Англиядагилар иккита вазиятга эътибор қаратишди. Биринчидан, лондонликлар АПЛда қаторасига 34 марта биринчи бўлимни ғолиб ҳолда якунлаганида ютқазмаган. Иккинчидан, бу борадаги охирги қоқилиш айнан «Эвертон»га қарши 2022 йил январида ўтган ўйинда рўй берганди. Фақат шундан буён жуда кўп вақт ўтди. Ҳозир «Арсенал» ҳисобни очганидан кейин ўйинни қуритиб, ғалабани сақлаб қолишни ўрганган. «Канонирлар» АПЛ тарихида бешинчи бор Рождествога турнир жадвали пешқадами сифатида киришмоқда. Парадокс шундаки, олдинги тўрт ҳолатда улар барибир чемпион бўла олишмаган: уч марта иккинчи, бир марта учинчи ўринни эгаллашган.

Испания: «Реал» «Барса»ни таъқиб этмоқда

«Реал» — «Севиля» 2:0
Голлар:
Беллингҳем (38), Мбаппе (86, пеналти).
«Реал»: Куртуа, Асенсио (Хименес, 90+3), Рюдигер, Ҳаусен, Фран Гарсия, Чуамени, Гулер (Камавинга, 72), Беллингҳем, Винисиус (Гонсало Гарсия, 83), Родриго, Мбаппе.
«Севиля»: Влаходимос, Хуанлу Санчес, Кармона (Салас, 84), Гудел, Маркан, Суазо (Осо, 60), Агуме (Янузай, 84), Соу, Менди (Гонсалес, 84), Ромеро (Пеке, 70), Алексис Санчес.
Огоҳлантиришлар: Кармона (34), Маркан (37), Родриго (41), Асенсио (60), Агуме (70), Соу (90+2).
Четлатиш: Маркан (68).

Бу мавсумда «Барселона»ни йирик ҳисобда (4:1) мағлуб этган «Севиля» «Сантяго Бернабеу»да ҳам дадил ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда Фран Гарсия ва Мбаппенинг ҳужумларига Исак Ромеронинг унданда хавфлироқ чиққан ҳужуми билан жавоб қайтарилди. Бўлим якунида эса Беллингҳэм Родригонинг узатмасидан кейин бош билан ҳисобни очди. Бразилиялик вингер сўнгги вақтларда ёрқин ўйин кўрсатмоқда ва айтиш керакки, у Хаби Алонсони ўзининг жамоа учун муҳим эканига ишонтира олмоқда.

Мураббий аввалига уни бутунлай захирага михлаб қўйганди, кейин Винисиус Жуниор ўрнига захирадан чап қанот ҳужумига тушира бошлади, ҳозир эса Родриго бошланғич таркибда ўнг қанот ҳужумида ҳаракат қилмоқда. Иккинчи бўлимда эса у Вини захирага олингач, чап қанотга ўтди ва ўша қанотдан жарима майдонига ёриб кириб, пеналти ишлади. Бу нафақат ўйин масаласини ҳал қилди, балки Мбаппега Криштиану Роналдунинг бир календар йилида урилган голлар сони бўйича клуб рекордини такрорлашга (59) имкон берди.

Килианда ўйиндан уриш учун ҳам вазиятлар етарли бўлганди, аммо у мақсадига 11 метрлик жарима зарбаси орқали эришди ва голни Роналду услубида нишонлади.

У бу рекордни янгилаши ҳам мумкин эди, аммо қолган вақт давомида VAR икки бор «Реал»ни пеналти тепиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Биринчи ҳолатда Беллингҳэмга фол ишлатилмаган деб топилди, иккинчисида фол жарима майдони ташқарисида ишлатилгани қайд этилди. Ҳужумчи стандарт вазиятдан уриниб кўрди, аммо тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди. Натижада Роналдунинг рекорди сақланиб қолди, турнир жадвалида эса мадридликлар «Барса»га бир очколик масофада яқинлашиб олди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид