Хонқа туманидаги кўприк авария ҳолатига келди – у қачон таъмирланади?
Хоразм вилояти, Хонқа тумани, Қирқёп қишлоғининг «Хонқаобод» маҳалласида яшовчи фуқаролар туман маркази билан боғлаб турувчи кўприк эскириб, авария ҳолатига келиб қолганидан шикоят қилишди.
Хоразм вилояти ариқлар, захкашлар ва каналларга бой ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда 3 мингдан ортиқ катта ва кичик кўприклар мавжуд. Уларнинг аксарияти ўтган асрнинг 70-80 йилларида барпо қилинган. Кўприкларнинг эксплуатация даври ўртача 50 йилни ташкил қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кунда уларнинг кўпчилиги жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирди, таъмирталаб бўлиб қолди. Хонқа тумани марказини «Хонқаобод» маҳалласи билан боғлаб турувчи кўприк ҳам шулар қаторидан.
Қирқёп қишлоғининг «Хонқаобод» маҳалласида қарийб 300дан ортиқ хонадонда 1,5 минг одам истиқомат қилади. Маҳаллани туман маркази билан боғлаб турувчи ва «Тошсоқа ўнг қирғоқ захкаши» устига қурилган ягона кўприк бор. Кунига тахминан 250-300та автомобиль мана шу кўприкдан ўтади.
Сўнгги йилларда кўприк эскириб, баъзи жойлари ўпирилиб, таъмирталаб бўлиб қолган эди. Бир неча ой олдин у бутунлай ёпиб ташланди. Натижада, транспорт воситалари айланма йўллардан туман марказига қатнай бошлади. Бу эса масофани 7-8 километрга узайтириб юборган ва ноқулайлик келтириб чиқарган. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш хизмати ва бошқа махсус транспорт воситаларининг маҳаллага етиб келиш вақти узайиб кетган. Шундан сўнг, тўсиқлар одамлар томонидан ўзбошимчалик билан олиб ташланган ва кўприк очиб юборилган.
Айни пайтда ҳаёт учун хавфли бўлса-да, йўналиш автобуслари, юк автомобиллари ва бошқа транспорт воситалари шу кўприк устидан ҳаракатланмоқда. Одамлар кўприк тезроқ таъмирлаб берилишини исташмоқда.
Хонқа тумани ҳокимлиги ва Автомобил йўллари ҳудудий бошқармаси Хонқа тумани бўлими берган маълумотга кўра, «Тошсоқа ўнг қирғоқ захкаши» устига қурилган кўприкни таъмирлаш ишлари режага киритилган ва босқичма-босқич тарзда «Хоразм кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан амалга оширилади. Таъмирлаш ишлари 2020 йил апрель ойигача тўлиқ якунланиши кўзда тутилган.
Хоразм кўприкларининг таъмирланиши вилоят иқтисодиёти учун жуда катта стратегик аҳамиятга эга. Йўллар иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланади, кўприклар – уларни боғлаб турадиган восита. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги пайтда битта катта кўприкни жорий таъмирлаш учун ўртача 50-100 миллион сўм, уни қайтадан қуриш учун 2-3 миллиард сўм маблағ талаб қилинади, бу оз пул эмас. Эскириш натижасида таъмирталаб бўлиб қолаётган кўприклар сони кун сайин ортиб бормоқда. Уларнинг устидан ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг хавфсизлиги эса сўроқ остида турибди, демак бу ҳолат аҳолининг ҳаётига ҳам хавф солмоқда.
Шуни эътиборга олган ҳолда, кўприкларни таъмирлаш – пайсалга солиб бўлмайдиган вазифа сифатида қаралиши керак. Зеро, серқатнов йўллардаги ҳар қандай кўприкнинг ишдан чиқиши нафақат аҳоли учун ноқулайликни келтириб чиқаради, балки иқтисодиёт учун ҳам катта зарба бўлади.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
19:44 / 18.11.2024
Хоразмда ўқувчининг онаси мактабга бориб, ўқитувчи аёлга ташланди
17:39 / 02.12.2022
ИИБ ва маҳаллий идоралар кластерлар хизматида. Бу сафар Хонқада кооператив пахтаси тортиб олинди
18:21 / 21.10.2022
“Ҳокимлар нега ислоҳотлар изидан юрмаётганини билиш учун тадқиқот ўтказяпмиз” — хонқалик фермер
19:07 / 01.06.2021