Ўзбекистон | 20:15 / 05.05.2025
6106
3 дақиқада ўқилади

Картадан пул ўғрилаш ва интернетдаги “пирамида”ларга қарши кураш кучайтирилади

Кибержиноят банк ёки тўлов ташкилотининг айби билан рўй берган бўлса, зарар шу ташкилот зиммасига юкланади. Кибержиноят содир этилишига йўл қўйган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати эълон қилиб борилади. Ўзининг банк картаси, SIM картаси ёки аккаунтини фирибгарларга берган жисмоний шахслар жавобгарликка тортилади. Интернетдаги “молиявий пирамида”ларни барвақт аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Фото: Shutterstock

Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашни кучайтиришга оид президент қарори имзоланди. Kun.uz ихтиёрига ҳужжатнинг расмий шарҳи келиб тушди.

Унга кўра, қонунчиликка қуйидаги ўзгартишлар киритилиши кутилмоқда:

  • банклар, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида йўл қўйилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартиби жорий этилади;
  • кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картасидан, банк ҳисобрақами, электрон ҳамёнидан ва бошқа шахсига доир маълумотлардан (SIM картаси, электрон аккаунти) фойдаланилишига йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ўрнатилади.

Кибержиноятларнинг олдини олиш мақсадида:

  • ахборот тизимидаги заифликлар ва камчиликлар натижасида кибержиноят содир этилишига йўл қўйган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилиб борилади;
  • аҳоли пул маблағларини жалб қилишга қаратилган онлайн фирибгарлик схемалари (“молиявий пирамида”)ни барвақт аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Банк карталаридаги пуллар талон-торож қилинишини тўхтатиш мақсадида:

  • банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига замонавий антифрод ва антивирус ҳимоя тизимларини жорий этиш;
  • фирибгарларнинг сохта рақамлар орқали фуқароларга қўнғироқ қилишини техник чеклаш (имконсиз қилиш) чоралари кўрилади.

Кибержиноятларни фош этиш йўналишида Марказий банк, тўлов тизими ва ички ишлар органлари вакилларидан иборат тезкор ҳаракатланиш гуруҳи фаолияти йўлга қўйилади. Мазкур гуруҳ томонидан шубҳали пул ўтказма амалиётларига алоқадор банк карталарини тезкорлик билан аниқлаш ва блоклаш каби чоралар кўриб борилади. Натижада кибержиноят орқали жиноятчилар томонидан ўзлаштирилган пулларни республика ҳудудидан чиқиб кетишининг олдини олиш ва жабрланувчига қайтариш имконияти таъминланади.

Бундан ташқари:

  • кибержиноятларни тергов қилиш ва фош этиш фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида қонунчилик ижроси устидан прокурорлик назорати ўрнатилади;
  • илмий тадқиқот фаолияти йўлга қўйилади;
  • соҳа бўйича халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади;
  • соҳа ходимларининг малакасини ошириш чоралари кўрилади.

Ҳар йили бир ой давомида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот-ташвиқот ойлиги ўтказилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид