Ўзбекистон | 09:30
668
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк қўмитаси: 4 тўлов ташкилоти огоҳлантирилди, 8 та ташкилотга жарима

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 2026 йил январ ойида ўтказилган 6 та йиғилишда жами 27 та масалани кўриб чиқиб, қатор ташкилотларга нисбатан таъсир чоралари қўллади. Хусусан, 4 та тўлов ташкилоти огоҳлантирилди, 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига жарима санкциялари белгиланди.

Фото: Kun.uz

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йил январ ойида ўтказилган йиғилишлар давомида жами 27 та масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 17 та масала муҳокама қилинди. Улар орасида кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш, тўлов ташкилотларига лицензия бериш ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодларини кўриб чиқиш масалалари бор.

Шунингдек, BARAKA BIZNES HAMKOR MIKROMOLIYA TASHKILOTI ва EFFECTIVE MONEY MIKROMOLIYA TASHKILOTI масъулияти чекланган жамиятлари ўз аризасига кўра микромолия ташкилотлари реестридан чиқарилди. IT UNISOFT GROUP акциядорлик жамиятига берилган тўлов ташкилоти лицензияси ҳам унинг аризаси асосида бекор қилинди.

Қўмита кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 10 та масалани ҳам кўриб чиқди. Унда Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрларга риоя этилиши, ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда тўлов ташкилотлари томонидан белгиланган талабларга амал қилиниши муҳокама қилинди.

Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият юритмаганлиги учун 4 та тўлов ташкилотига нисбатан қатъий чоралар қўлланиши ҳақида огоҳлантириш берилди. Корпоратив банк карталарига хизмат кўрсатиш жараёнида қонунчилик талаблари бузилгани ҳамда инспекциялар давомида аниқланган камчиликлар учун 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига жарима санкциялари қўлланилди.

Бундан ташқари, банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар самара бермагани, жумладан устав капитали қонунчиликда белгиланган энг кам миқдорга етказилмагани ва қатор талаблар бажарилмагани сабабли YANGI BANK акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш лицензияси бекор қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид