Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ID-карта бор бўлганда ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинмайдиган тартиб устида ишланмоқда. Бу қандай амалга оширилади?
Ижтимоий тармоқларда ID-карта мавжуд бўлган тақдирда фуқародан ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилмаслик тартибини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бу хабарлар ростми? Рост бўлса, қандай йўлга қўйилади?
Kun.uz ушбу саволларга жавоб олиш учун Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбари Баҳром Зияев билан боғланди.
Марказ раҳбарининг маълум қилишича, ростдан ҳам юқоридаги тартибни жорий қилиш устида иш олиб борилмоқда. Ушбу тартибга кўра, ҳайдовчининг ёнида ID-картаси бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўзи билан олиб юриши шарт бўлмайди ва бу учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди. ЙПХ ходими ҳайдовчининг ID-картаси орқали ўз планшетидан ушбу фуқарода ҳайдовчилик гувоҳномаси бор-йўқлигига аниқлик киритиб олади.
Баҳром Зияевнинг таъкидлашича, ушбу янгилик икки ёки ундан ортиқ автомобили бор ҳайдовчилар учун катта қулайлик яратади. Чунки, ҳозирги тартибдан асосан ҳайдовчилик гувоҳномаси бошқа автомобилида қолиб кетаётган тоифа жабр кўрмоқда.
Марказ раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу тартиб жорий қилинганидан кейин ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт» бериш амалиёти давом этади. Шунингдек, янги тартиб фақат ID-картаси бор фуқароларга татбиқ этилади ҳамда ҳозирда амалда бўлиб турган биометрик паспортни олиб юриш юқоридаги қулайликни тақдим этмайди.
Бундан ташқари, Баҳром Зияев юқоридаги тартибни ишлаб чиқишга яқинда «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини рақамли технологиялар (планшет) воситасида аниқлаш ва ушбу ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмагани учун жавобгарликни қўллаш амалиётини бекор қилиш бўйича билдирилган таклиф сабаб бўлмаганини, балки ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 28 апрелдаги 4699-сонли қарори ва 2020 йил 5 майдаги 6079-сонли фармони ижросини таъминлаш доирасида жорий этилаётганини билдирди.
Маълумот учун, амалдаги қонунчиликка кўра, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари ёнида бўлмаган ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариши МЖтКнинг 135-моддасига биноан БҲМнинг 1 баравари (245 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бундан ташқари, ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган ҳайдовчининг автомобили МЖтК 291-моддасига асосан жарима майдончасида ушлаб турилади.
Мавзуга оид
18:09 / 23.03.2026
Полшалик эркак ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун назарий имтиҳондан 139-уринишда ўтди
22:26 / 14.03.2026
Самарқандда СССР паспорти билан юрган аёлга ID карта берилди
10:43 / 05.03.2026
Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилганларни камералар аниқлайди
11:44 / 28.02.2026