Технология | 07:35 / 02.03.2026
3451
3 дақиқада ўқилади

Ойдаги биринчи базага ядровий энергия: Lockheed Martin лойиҳаси 

Lockheed Martin Ойда инсоннинг узоқ муддатли иштирокини ва саноат фаолиятини таъминлашда асосий элемент сифатида ядровий энергетик ўрнатма тизими (Fission Surface Power, FSP)ни ишлаб чиқишга катта эътибор қаратмоқда.

Фото: Lockheed Martin

Америка компанияси мослашувчан ва масштабланадиган архитектура тарафдори. Ойни ўзлаштиришнинг дастлабки босқичларида қуввати 5–10 киловатт бўлган компакт ўрнатмалардан бошлаш орқали хатарларни камайтириш, кейин эса босқичма-босқич 25–50 киловатт тизимларга ва истиқболда 100 киловаттгача бўлган реакторларга ўтиш мумкин. Бундай қувват эса кенг тармоқли тижорий ва саноат инфратузилмасини қўллаб-қувватлашга қодир бўлади.

Компания NASA ва АҚШ Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу лойиҳани амалда рўёбга чиқариш ниятида.

«Бизнинг умумий архитектурамиз мослашувчан ва турли хил юкламаларнинг кенг диапазонига мослаша олади. Аммо Ой ва Марсда ишлайдиган 100 киловаттли реактор яратиш — бу шунчаки кичикроқ конструкцияни катталаштириш эмас», — деди Lockheed Martin’нинг ядровий космик дастурлари бўйича бизнес-стратегия раҳбари Керри Тиммонс.

Агар инсоният Ойда вақтинчалик лагер эмас, балки доимий, жадал ривожланувчи иқтисодиёт барпо этишни кўзласа, қуёшга боғлиқ бўлмаган энергия манбаи зарур.

Ой муҳити ўта оғир: бу ерда тунлар икки ҳафта давом этади, ресурсларга бой ҳудудлар эса абадий сояда жойлашган бўлиши мумкин. Анъанавий энергия манбалари доимий база ҳаёт фаолиятини тўлиқ таъминлай олмайди.

Ядровий реакторлар қуёш ёруғлигига боғлиқ бўлмаган, ишончли ва узлуксиз электр таъминотини беради. Улар турар жой модуллари, луноходлар ҳамда маҳаллий ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ускуналарини — масалан, кислород ва ракета ёқилғиси ишлаб чиқариш учун энергия билан таъминлаши мумкин.

Оқ уйнинг яқиндаги фармонидан кейин бундай технологияларни ривожлантириш миллий устувор вазифага айланди. Lockheed Martin аллақачон NASA ва Энергетика вазирлиги билан биринчи фаза шартномалари бўйича иш олиб бормоқда ва тизимни 2030 йилга қадар учиришга тайёрлашни мақсад қилган.

FSP тизими ўтиш даври технологияси сифатида кўрилади. Харажатларни камайтириш ва узоқ муддатли марслик миссиялар учун таъминот занжирларини мустаҳкамлаш мақсадида АҚШ орбитал платформалардан тортиб Ой базаларигача масштабланадиган ягона энергетик архитектурага таяняпти.

Қуввати 5–10 киловатт бўлган компакт ўрнатма энг совуқ икки ҳафталик Ой тунлари вақтида турар жой модулини иссиқ сақлаш ва луноходни қувватлантиришга етади. Бироқ саноат фаолияти — реголитдан кислород олиш ёки ракета ёқилғисини ишлаб чиқариш кенгайган сари, энергия тармоқлари ҳам катталашиши керак бўлади.

Мақсад — 25, 50 ва ҳатто 100 киловатт даражаларига чиқиш. Бунинг учун Lockheed Martin катта қувватларда юқори самарадорлиги билан ажралиб турадиган Брайтон цикли бўйича такомиллаштирилган двигателларга таяняпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид