Ўзбекистон | 11:00 / 24.08.2021
5712
2 дақиқада ўқилади

Навоийда йилига 15 миллион тонна рудани қайта ишловчи 7-гидрометаллургия заводи иш бошлади

Зарафшон шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинатининг Марказий кон бошқармасига қарашли 7-гидрометаллургия заводи ҳамда “Мурунтов” кони 5-навбати 1-босқичи лойиҳаси асосида янги мажмуа фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Қобул Турсунов ва Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақулов иштирок этди.

Маълум қилинишича, 7-гидрометаллургия заводи технологик жиҳатдан бошқа гидрометаллургия заводларидан фарқ қилади. Корхонада маъдан кислотали ишқорда қайта ишланиб, маҳсулот олинади. Кимёвий ишлов бериш жараёнида маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилади. Таъкидланишича, йилига 15 миллион тонна рудани қайта ишловчи завод 2020 йилдан бошлаб ўз маҳсулотини бера бошлаган. Ўтган йили заводда 10 миллион тонна руда қайта ишланган.

Навоий кон-металлургия комбинати ахборот хизматига кўра, бугунги кунда “Мурунтов” конидан йилига 42 миллион тоннадан ортиқ маъдан қазиб олиняпти. Яқин келажакда бу кўрсаткични 50 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган. Шу мақсаддa айни пайтда қиймати 733,9 миллион доллар бўлган ва қарийб 1 800та янги иш ўрни яратиш имконини берувчи “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг V навбати” лойиҳаси олиб борилмоқда. Лойиҳа майдалаш ва узатиш пункти, қия-магистрал конвейер, ағдарма ташиш конвейери, темирйўл ўтиш иншооти каби қисмларни ўз ичига олади.

Маълумот учун, айни пайтда 60 минг ишчи-ходим меҳнат қилаётган Навоий кон-металлургия комбинатида 3,4 миллиард долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Олдинроқ Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов олтин қазиб олиш ҳажми 150 тоннага етказилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид