Жамият | 17:56
7242
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ЙТҲ оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

15 кун олдин Nexia юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлган “Навоий–Зарафшон–Учқудуқ” йўлида яна инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу сафар Kia ва Chery машиналари тўқнашувида 5 киши вафот этди. Улардан 3 нафари бир оила аъзолари бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Навоийда яна бир аянчли ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, ЙТҲ 7 март куни соат 16:30 лар атрофида “Навоий–Зарафшон–Учқудуқ” автомобил йўлининг Конимех тумани ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган. “Навоий—Зарафшон” йўналишида ҳаракатланиб бораётган Chery машинаси қарама-қарши йўналишда келаётган Kia билан тўқнашган. Тўқнашув пайтида ҳар икки машинанинг ҳаракат тезлиги белгиланган чекловдан юқори бўлгани айтилмоқда.

ЙТҲ оқибатида Kia машинасида бўлган бир оиланинг 3 аъзоси ҳамда Chery машинасида бўлган 2 киши – ҳайдовчи ва бир йўловчи вафот этган. Уларнинг 3 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган.

“Акам НКМКда ишларди. Ўша куни Зарафшон шаҳрига кетаётган бўлган. Афсуски, шу кўнгилсиз бўлди. Жуда меҳрибон, бировга ёмонлиги йўқ яхши инсон эди”, дейди Chery машинаси ҳайдовчиси бўлган марҳум Санжар Нурмаҳмедовнинг яқин қариндошларидан бири Kun.uz билан суҳбатда.

Кармана туманида жаноза хабарларини бериб борувчи каналда Санжар Нурмаҳмедов 41 ёшида вафот этгани, у узоқ йиллар НКМКда ишлагани ҳақида эълон берилган.

Шунингдек, ҳалок бўлганлардан бири Зарафшон шаҳрида маҳаллий хабарларни ёритувчи Telegram’даги “Zarafshon kanal” канали админи 17 ёшли Умиджон Тўхтамуродов бўлган.

Айни шу йўлда 22 феврал куни ҳам аянчли ЙТҲ содир бўлган, унда 4 киши вафот этганди.  

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид