Отам дурадгор уста, онам ўқитувчи: Президент мактабидаги ака-укалар
Ака-ука Баҳромжон ва Акрамжон Шамсиддиновлар Боғдод туманининг чекка қишлоғидан. Улар Фарғона шаҳридаги президент мактабида таҳсил олишади. Отаси дурадгор уста, онаси ўқитувчи бўлган ака-укалар президент мактабига кириш имтиҳонидан муваффақиятли ўтган оддий оила фарзандлари.
Ота-она ишончини оқладик...
“Президент мактабига тайёргарлик кўриш ўзига хос жараён бўлган. Ака-ука омадимиз келиб имтиҳонлардан муваффақиятли ўтдик. Асосан интернетдан керакли маълумотларни ўқиб мустақил равишда тайёргарлик кўрдик.
Уйда укам билан ким ўзарга машқлар бажарардик. Фақат инглиз тилидан 3 ой репетиторга қатнадим. Математика ва мантиқий фикрлаш тестларидан яхши натижа кўрсатганим учун номзодлар орасидан саралаб олиндим.
Укам Акрамжоннинг математика фанига қизиқиши юқори эди. Унга мисоллар бажартирганим учун ўзидан юқори синф дарсликлардаги машқларни ҳам ечар эди. Шунинг учун у 2 700 ўқувчи иштирок этган саралаш имтиҳонида 100 фоиз натижа билан биринчи бешталикдан жой олган. Иккинчи босқичда ҳам яхши натижа кўрсатган.
Отам оддий уста, онам эса ўқитувчи. Улар имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишимизни астойдил хоҳлашган эди. Имтиҳон натижалари чиққач онам жуда ҳаяжонланган. Биримиз ўтиб, биримиз ўта олмаслигимиз ҳақида ўйлаб ташвишда эдилар. Минг шукрки, уларнинг ишончини оқладик.
Президент мактабининг энг ёққан томони ўқувчиларнинг деярли барчаси оддий оила фарзандларидир. Ҳозирда кимё ва биология фанларини астойдил ўрганяпман. Келажакда бу фанлар доирасида илмий тадқиқотлар олиб бормоқчиман”,– дейди Баҳромжон Шамсиддинов.
Қишлоқда бизга кўпчилик ҳавас қилади...
“Акам 11-, мен эса 6-синфда ўқийман. Келажакда дастурчи бўлмоқчиман. Математика фанига қизиқаман. Яқинда Қоракўл олимпиадасида 4-ўринни қўлга киритдим. Қишлоқ шароитида бўлса ҳам ота-онамиз ўқиш учун барча шароитларни яратиб беришган.
Президент мактабига кириш учун деярли мустақил тайёргарлик кўрганмиз. Ҳам акам ва мен имтиҳондан ўтганимизни эшитган ота-онам жуда хурсанд бўлишган. Онам ўқитувчи, отам уста-дурадгор, уйда чорва боқади.
Шанба-якшанба кунлари уйга борганимизда тенгдошларим президент мактаби ҳақида сўрашади. Улар доим бизга ҳавас қилади”, – дейди Акрамжон Шамсиддинов.
“Ака-укаларда ёшлигимни кўраман” – Обидхон Мўминов, президент мактаби директори
“Мактабимизда ака-ука Баҳромжон ва Акрамжонга ўхшаган оддий оила фарзандлари жуда кўп. Бу ака-укаларда ўзимнинг ёшлик давримни кўраман. Мен ҳам оддий қишлоқдан чиққан ўқитувчининг ўғлиман. Керак бўлса Фарғона шаҳрига келиб-кетиш учун йўлкирага пул топа олмай қолган дамлар бўлган. Бу йигитлар яратилган имкониятдан унумли фойдаланишяпти. Бир синфда таҳсил олаётган 12 нафар ўқувчининг ҳар бири ўн икки олам. Иқтидорли болалар танлаб олинган”, – дейди у.
Сарвар Зияев,
Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
19:28 / 22.07.2024
“Турар жойлар суд бошқарувчиси томонидан сотувга чиқарилган” – Универсал банк Фарғонадаги “дом” можаросига муносабат билдирди
12:00 / 18.07.2024
Тошкентдаги “Азиа инвест” можароси Фарғонада такрорланяпти. Фуқаролар ҳукуматдан нажот кутмоқда
11:22 / 01.06.2024
Шароф Рашидовнинг асл суратларидан тарихий тангаларгача бор – пайвандчи коллекционер
15:40 / 01.04.2024