Боғдод туманининг Чекхитой қишлоғида азалдан мочалка ўсимлиги етиштирилади. Қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги айни пайтда пишиб етилган люффа ҳосилини йиғиб олиб қуритиш билан банд. Мўътабар ая ҳам келинлари билан бирга “мочалка” йиғишга киришган.

Халқ тилида дастмолқовоқ, мочалка деб номланувчи люффа полиз ўсимлигининг асли ватани ҳинди – Хитой ва Ҳиндистон ярим оролларидир. 

50 йилда бери “мочалка”чиликдан кун кўраётган Мўътабар ая Маматқулова ўсимлик ҳақида гапириб берди.

“1974 йилда Боғдод туманининг бошқа бир қишлоғидан Чекхитойга келин бўлиб тушганман. Шундан бери мочалка етиштирамиз. Аввал донасини 1 000 сўмдан сотар эдик. Энди Худога шукур, 15, 20 минг сўмга кўтарилиб қолди. Мочалка сотиб кам бўлмадик. Болаларимизни уйлаяпмиз, қизларимизни чиқаряпмиз, невара тўйларни қиляпмиз.

Мўътабар ая Маматқулова

Ўсимлик мевасини тайёр мочалка ҳолатига келтириб олиш осон иш эмас. Ўзига яраша машаққати бор. Люффа уруғини апрелда экамиз. 15, 20 кунда униб чиқади. Чиққандан кейин кўчатни бегона ўтлардан тозалаб тагига ўғитини солиб, симларни тортамиз. Икки ой деганда ўсимлик тепадаги симларга илашади. Ана ундан кейин алоҳида парваришини бошлаймиз.

Мочалкалар июндан бошлаб пишишни бошлайди. Июн, август, сентябрнинг охири ва октябр ойида ҳам вазиятга қараб ҳосил оламиз. Ўрта ҳисобда бир оила 20 миллион сўм даромад қилади. Ўтган йили тайёр бўлган мочалкалар донаси 15-20 минг сўмдан сотилган эди. Бу йил эса нархи чиққанича йўқ.

Тайёр ҳолга қандай келади?

Энг аввало мочалка мевасини узиб олиб уни эзамиз. Кейин сувга солинади. Сувда 1 кун тургач ачийди. Шундан сўнг пўстини арчиб, яхшилаб тозалаб ювиб, тошга уриб силкитиб махсус симларга илиб чиқамиз.