Жаҳон | 14:45 / 27.06.2025
10434
2 дақиқада ўқилади

Ғазнани ўмардингми, 10 баробар қилиб қайтарасан – Садир Жапаров

Қирғизистон президенти ғазна ҳисобидан молиялаштирилаётган ишлар, қурилиш лойиҳалари, асфалтланган йўлларни текшириш учун махсус комиссия тузилишини, коррупционерлар жазодан қочиб қутулолмаслигини эълон қилди.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида мамлакатдаги коррупция ҳолатлари бўйича давлат хизматчиларига мурожаат қилди.

Унга кўра, сентябр ойида ғазна ҳисобидан молиялаштирилаётган ишлар, қурилиш лойиҳалари, асфалтланган йўлларни текшириш учун мутахассислардан иборат комиссия тузилади.

«Қўлингга қанча пул тушганингни, қандай иш қилганингни, қанча ўғирланганини бутун мамлакат бўйлаб текширамиз. Буни шахсан ўзим назорат қиламан. Ким ўғирлаган бўлса, ўн баравар қилиб қайтаради ва қамалади. Буни унутманг... Ким эканингизни аҳамияти йўқ, ҳеч кимни аяб ўтирмаймиз. Аввалги даврларни унутинг. Агар давлат томонидан тўланадиган маош сизни қониқтирмаса, бизнес қилиш учун кетинг», деб ёзди давлат раҳбари.

Садир Жапаров жорий йилда Тўқмоқ ва Қора-Болта шаҳарларига давлат бюджетидан 2 миллиард қирғиз сўми ажратилганини эслатди.

«2 миллиард қирғиз сўми билан Тўқмоқ ва Қора-Болтани гуллаб-яшнаган шаҳарларга айлантириш мумкин эди. Келгуси йилда яна 1 миллиард маблағ ажратиб, бу икки шаҳарни обод қилиш ниятида эдик. Афсуски, маҳаллий раҳбарлар пудратчилар билан бирга коррупция ботқоғига ботгани аниқ... Сентябр ойида ғазна ҳисобидан молиялаштирилаётган ишлар, қурилиш лойиҳалари, асфалтланган йўлларни текшириш учун мутахассислардан иборат комиссия тузилади», деди президент.

Унинг таъкидлашича, «ҳозир Қирғизистон фойда кўраётган табиий ресурслар чексиз эмас, улар вақтинчалик, ҳамма нарса тугайди». «Бизнинг абадий келажагимиз туризм ва ишлаб чиқаришда», деди Жапаров.

24 июн куни Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев, давлат расмийлари ва хавфсизлик кучлари иштирокидаги йиғилишда Тўқмоқ шаҳри ҳокими Мақсат Нусувалиев ва яна бир мансабдор шахс, қурилиш ташкилоти раҳбари, маданият ва истироҳат боғи қурилишига масъул шахслар қўлга олинди. Улар Қирғизистон Жиноят кодексининг «Коррупция» моддаси бўйича айбланмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид