Light | 16:00 / 01.04.2018
25703
6 дақиқада ўқилади

Стрессиз ҳаёт: Миллиардерлар стрессга қарши қандай курашишади?

Фото: Microsoft

Қандай қилиб стрессга қарши курашиш ва асосий ишга эътибор қаратиш мумкин? BusinessInsider дунёнинг энг машҳур ишбилармонларининг шунга доир маслаҳатлари билан бўлишди.

Вақти-вақти билан ҳар биримиз стрессга йўлиқамиз. Иш, муносабатлар ва молиявий муаммолар — энг кенг тарқалган сабаблардан ҳисобланади. Иш жуда кўпайиб кетса, диққатни бир нарсага жамлаш қийинроқ бўлади. Бу сиз вақтида эътибор қарата олмаган иш ҳажмининг ошишига олиб келади ва одатий иш фаолияти бузилади.

Йирик компанияларнинг раҳбарлари ва таъсисчилари ҳам барча инсонлар каби мураккаб даврларни бошдан кечиришади, уларнинг ҳар бири қийинчиликлар билан курашишга доир ўз усулига эга. Қуйида дунёнинг энг бадавлат кишилари қандай қилиб стрессга қарши курашишларига оид маълумотлар тақдим этилади.

Билл Гейтс

Фото: Yana Paskova/Getty Images

Microsoft асосчиси Билл Гейтс уйқу олдидан китоб мутолаа қилишни яхши кўради. У соат нечада ухлашга ётишига қарамай, камида бир соат китоб мутолаа қилади.

Сўнгги йилларда Гейтс миллиардер Уоррен Баффетнинг маслаҳатларига кўп қулоқ тутмоқда. Гейтснинг сўзларига кўра, у Баффетдан атрофдаги нарсаларга енгилроқ қарашни ўрганган.

Унинг ҳамма нарсанинг моҳиятини тушуна билиш хусусияти, ҳақиқатда муҳим аҳамиятга эга бўлган нарсалар устида ишлаши, асосларни ишлаб чиқиши — даҳонинг ўзига хос шакли.

 

Уоррен Баффет

Фото: Rick Wilking/Reuters

Дунёнинг энг омадли сармоядорларидан бири Уоррен Баффет — хилма-хил қизиқишларга эга инсон. У Ҳавайи гитарасида ўйнашни яхши кўради ва ҳатто жонли эфирда ҳам уни чалиб берган.

Калифорния Университетида ўтказилган тадқиқотнинг кўрсатишича, мусиқий асбобда ўйнашни ўрганиш каби ментал-рағбатлантирувчи фаолият стрессни камайтира олар экан.

Шерил Сэндберг

Фото: Flickr

Facebook ижрочи директори Шерил Сэндберг учун нафақат у амалга ошираётган ишлар, балки амалга оширмаётган ишлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. У тунда уйқу олдидан ижтимоий тармоқларни кўздан кечирмаслик, электрон хатларни ўқимаслик ва телефонини ўчириб қўйишга ҳаракат қилади.

Унинг сўзларига кўра, барчасини ўчириб четлашиш қийин, бироқ бу одат ўз устунликларига эга. Охир-оқибат яхши тунги уйқу келгуси кундаги стресс-вазиятлардан осон ўтишга ёрдам беради.

Тунда ноутбук қаршисида ёки телефон билан ўтириш жуда зарарлидир, зеро тадқиқотларга кўра, ёруғлик организмга ухлашга ёрдам берувчи мелатонин гормонини ишлаб чиқаришга халақит берар экан. Тунда экран қаршисида қанча кам вақт ўтказсангиз, биологик соатларингиз сиздан шунча миннатдор бўлар экан.

Жек Дорси

Фото: Kimberly White / Getty Images

Twitter ҳаммуассиси ва ижрочи директори Жек Дорсининг айтишича, у кўп ишларни махсус график ёрдамида уддалар экан.

Дорси вазифаларни ҳафтанинг муайян кунларига тақсимлашни яхши кўради. Душанба - учрашувлар учун, сешанба - маҳсулотларни ишлаб чиқиш учун, чоршанбада маркетинг вазифалар бажарилади, пайшанбада у шахсий алоқаларини йўлга қўйиш билан шуғулланади, жума кунларини корпоратив маданиятни ривожлантиришга бағишлайди. Шанба кунлари у дам олиши мумкин, якшанба кунлари эса персонални саралаш билан шуғулланади.

Шунингдек New York Magazine журналига кўра, Дорси ҳар куни эрталаб 6 миль масофага югуради.

Илон Маск

Фото: Maurizio Pesce / Wikimedia Commons

2008 йилда жаҳон иқтисодиёти у қадар яхши кўринишга эга эмасди. Автомобиль компаниялари банкротга учради, Tesla эса омон қолиш учун курашаётганди. Ўша вақтлар компания бош директори Илон Маск ажрим даврини бошдан кечираётганди. Шунга қарамай, у хотиржам қарорлар қабул қилиб, вазиятни енгиш ва компания фаолиятини ривожлантиришнинг уддасидан чиқди.

Унинг сири нимада? Дублиндаги саммитда Маск шундай деган: "Қўрқув тугайди, умид эса ҳеч қачон сўнмайди. Биз муваффақиятсизликдан қўрқамиз, бироқ бу бизга ҳаракат қилишга тўсқинлик қилмайди, - деди у. - Қўрқув иррационал бўлса, одамлар уни рад этиши керак. Ҳатто у рационал бўлса ҳам, барибир ҳаракатда давом этиш керак".

Жефф Безос

Фото: Getty Images

"Менинг муайян ҳолатимда мен кўп куламан", - дейди Amazon асосчиси Жефф Безос Academy of Achievement'га берган интервьюси чоғида.

Шунингдек у стресс кўпинча одамлар рад этиши керак бўлмаган нарсаларни рад этаверишлари натижасида юзага келишини айтди.

"Стресс биринчи навбатда назорат қила олмайдиган вазиятингизга нисбатан ҳеч қандай қарор қабул қилмаслигингиз натижасида пайдо бўлди, - дейди у. - Мен муаммони аниқлашим биланоқ уни бартараф қилиш учун биринчи қадамни амалга ошираман - бу ё биринчи қўнғироқ, ё электрон хат, ёки бирор бошқа чора бўлиши мумкин. Ҳатто у дарҳол ҳал қилинмаса ҳам, бизнинг унга мурожаат қилишимиз ҳар қандай стресснинг олдини олади".

Бошқача айтганда, муаммони аниқланг, уни назоратга олинг ва олдинга қараб ҳаракат қилинг.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид