Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Янги инвестиция ва экспорт кенгайиши учун яхши имконият» – Азизбек Урунов АҚШ божлари ҳақида фикр билдирди
Ўзбекистон президентининг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Урунов «ЖСТ ҳалок бўлди» ва «Ўзбекистон учун экспорт имкониятлари ёпиқ» деган фикрга қўшилмайди. «АҚШ божларида Ўзбекистон қиёсий устунликка эга тармоқларнинг ривожланишига имкониятни кўриш мумкин» дея ёзди у.
Фото: EUROUZ
Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов АҚШ томонидан кенг кўламли божлар жорий этилишига нисбатан ўз фикрларини билдирди.
Импорт божлари 3 та тоифага ажратилган:
1. АҚШ савдо балансида профицитга эга мамлакатлардан (100 дан ортиқ, шу жумладан Ўзбекистон ҳам) импортга қўшимча 10 фоиз импорт божи ўрнатилган.
2. АҚШ ташқи савдо балансида йирик дефицит мавжуд мамлакатлар (57 та мамлакат) билан турли оширилган ставкаларда (10 фоиздан баландроқ) божлар ўрнатилган.
3. АҚШ иқтисодиётида муҳим деб топилган маҳсулотлар (автомобил, унинг эҳтиёт қисмлари, пўлат ва алюмин) импорти учун алоҳида оширилган божлар.
Уруновнинг фикрича, АҚШ томонидан ЖСТ доирасида йўлга қўйилган божлардан баландроқ божларни бир томонлама киритиш кўп томонлама савдо тизими қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Шу билан бирга, АҚШ ушбу божларни ЖСТнинг айрим аъзолари – йирик экспортёр мамлакатларга жавоб чораси сифатида киритганини таъкидлайди (АҚШнинг фикрича, кўпгина мамлакатлар ЖСТ қоидасига зид равишда турли хил нотариф ва субсидия чоралари орқали адолатли савдо тизимини инқирозга олиб келган, ЖСТ доирасида ислоҳотлар ва олдинга илдамлаш кун тартибида умуман келишув мавжуд эмас).
Азизбек Урунов блогерлар томонидан айтилаётган «ЖСТ ҳалок бўлди» ва «Ўзбекистон учун экспорт имкониятлари ёпиқ» деган фикрга қўшилмайди.
«Биринчидан, бугунги кунда, АҚШга Ўзбекистон экспортининг деярли 1 фоизи тўғри келади. Мис экспорти мисолида кўрсак ҳам, ушбу хомашё асосан Евросиё ҳудудидаги мамлакатларга (Туркия, Хитой ва ҳакозо) йўналтирилади. Агар мисни қазиб олиш сезиларли ошган тақдирда ҳам, бугунги кунда 1 доллар экспорт мавжуд бўлмаган БААнинг иккита йирик ишлаб чиқарувчиси эҳтиёжининг ўзи 300 минг тоннадан ошади. Бизнинг манфаатимиз мисни хомашё сифатида сотиш эмас, балки мамлакат ичкарисида қўшилган қиймат яратиш (шу сабабдан жорий йилнинг 14 март куни давлат раҳбари фармони билан мис экспортига 10 фоиз бож киритилди).
Иккинчидан, АҚШ киритган божларда Ўзбекистон қиёсий устунликка эга тармоқлар, хусусан, тўқимачилик ва кийим-кечак ишлаб чиқаришнинг ривожланишига имконият кўриш мумкин. Чунки асосий глобал ишлаб чиқарувчиларга Ўзбекистонга нисбатан сезиларли ҳисобда баландроқ божлар киритилмоқда, жумладан Хитойга – 34 фоиз, Ветнам - 46 фоиз, Таиланд - 36 фоиз, Ҳиндистон - 26 фоиз, Бангладеш - 37 фоиз, Покистон - 29 фоиз. Бу ўз навбатида янги инвестиция ва экспорт кенгайиши учун яхши имконият.
Учинчидан, глобал савдо тизимида АҚШнинг улуши сезиларли (8,5 фоиз) бўлса ҳам, қолган 90 фоизга эга мамлакатлар ЖСТга содиқ.
АҚШ ёндашуви ҳам ЖСТни инқирозга олиб келиш эмас, балки ўз таъсир доираси орқали ислоҳ қилишга ундаш», — деди у.
Азизбек Уруновнинг хулоса қилишича, ҳар бир муаммо янги имконият яратади, шундан оқилона фойдаланиш асосий вазифа.