Жамият | 12:02 / 05.09.2025
7028
1 дақиқада ўқилади

Самарқанд халқаро аэропортига киришда Cobalt ЙТҲга учради

Машина ҳайдовчиси жуда катта тезликда аэропортга киришдаги шлагбаумни бузиб ўтиб, дарахтларга бориб урилган. Орада у йўлдаги скутерни ҳам уриб юборган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд шаҳри Ибн Сино кўчаси — аэропорт ҳудудида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан вилоят ЙҲХБ расмий муносабат билдирди.

Ҳодиса 3 сентябр куни соат 01:00 лар атрофида содир бўлган. Таъкидланишича, Cobalt ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириб рул бошқарувини йўқотган. Сўнгра йўлда кетаётган скутерни уриб юбориб, аэропорт кириш қисмидаги автоматик тўсиққа бориб урилган.

Ҳодиса оқибатида скутер ҳайдовчиси ва йўловчиси шифохонага мурожаат қилган. 

Kun.uz'га келиб тушган авариядан кейинги видеоларда Cobalt ҳайдовчиси эканлиги айтилаётган эркак ЙПХ ходимлари билан мулоқотда ўзини жуда ғайритабиий ҳолда тутгани кўринади. 

Ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Асрор Абдуназаров

Мавзуга оид